Жаҳон | 09:50 / 11.10.2025
5834
2 дақиқада ўқилади

Россияда йил бошидан бери тўртинчи ҳарбий самолёт ҳалокатга учради

Липецк вилоятида МиГ-31 қирувчи самолёти қўнишга яқинлашаётган вақтда ҳалокатга учради. Экипаж катапулта қилган, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.

Фото: Forsvarsmakten/AFP

Россия Мудофаа вазирлиги 9 октябр, пайшанба куни кечқурун Липецк вилоятида қўнишга яқинлашаётган МиГ-31 қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди. Самолёт ўқ-дориларсиз режалаштирилган ўқув парвозини амалга оширган ва аҳоли яшамайдиган ҳудудга қулаган. Экипаж тўқнашувдан олдин уни катапулта қилишга муваффақ бўлди. Мудофаа вазирлиги учувчилар ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини маълум қилди.

Mash хабарига кўра, қўнишга яқинлашиш вақтида самолётнинг қўниш мосламаси ишламай қолган. Учувчи ва штурман самолётни турар жой биноларидан узоқроққа йўналтириб, кейин катапулта қилган. Экипаж қўнганидан сўнг жароҳатланган ва шифохонага етказилган. МиГнинг ўзи Чаплиғинский туманидаги ўрмонли ҳудудга қулади ва ёниб кетди.

МиГ-31 икки ўриндиқли, товушдан тез учадиган, узоқ масофага мўлжалланган қирувчи самолётдир. У соатига 3000 километр тезликка эриша олади ва 21 000 метр баландликка кўтарилади.

МиГ-31 ҳалокати Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг 2025 йил бошидан бери тўртинчи жанговар бўлмаган йўқотиши бўлди. Июл ойида Нижний Новгород вилоятида Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради. У қўнишга носоз мослама билан кирган ва носозликни бартараф этишга бўлган муваффақиятсиз уринишлардан сўнг экипаж катапулта қилган.

Апрел ойида Иркутск вилоятида Ту-22М3 ракета ташувчи бомбардимончи самолёти режалаштирилган парвоз вақтида ҳалокатга учраган эди. Бир учувчи ҳалок бўлди, тўрт экипаж аъзоси тирик қолди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодисага техник носозлик сабаб бўлган.

Яна бир воқеа март ойида Приморск ўлкасида содир бўлган, у ерда Су-25 ҳужумкор самолёти ўқув парвози вақтида ҳалокатга учраган. Самолёт аҳоли яшамайдиган ҳудудга қулаб тушган, учувчи катапулта қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид