Спорт | 23:54 / 30.09.2025
26672
3 дақиқада ўқилади

Олмаотадаги «Қайрат» ва «Реал» тарихий ўйинида бешта гол урилди

Чемпионлар Лигасидан ўрин олган баҳсда дунё футболи гранди йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Фото: Getty images

«Қайрат» – «Реал» 0:5
Голлар:
 Мбаппе, 25 - пеналти (0:1). Мбаппе, 52 (0:2). Мбаппе, 74 (0:3). Камавинга, 83 (0:4). Диас, 90+3 (0:5)
«Қайрат»: Калмурза, Мартинович, Сорокин, Луиш Мата, Тапалов (Байбек, 64), Касабулат, Арад (Станоев, 64), Громико (Зария, 80), Мринский, Жоржинио (Эдмилсон, 64), Сатпаев (Рикардинио, 80)
«Реал»: Куртуа, Алаба, Ҳаусен, Ф. Гарсия, Раул Асенсио, Тшуамени (Беллингҳэм, 80), Себалйос, Винисиус Жуниор (Диас, 70), Мастантуоно (Родригу, 70), Мбаппе (Г. Гарсия, 81), Арда Гулер (Камавинга, 80)
Огоҳлантиришлар: Громико, 48. Арад, 55

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Европа Чемпионлар Лигаси умумий босқичидан ўрин олган «Қайрат» - «Реал» ўйини ўтказилди.

Испания ва дунё футболи гранди биринчи марта Қозоғистонга борди. Дастлабки дақиқалардан жамоаларнинг асосий юлдузлари - Достон Сатпаев, Шерхон Калмурза, Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор майдонга тушди. Стадион мухлислар билан тўлди.

Биринчи таймда ягона голни франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппе урди, у 25-дақиқада 11 метрлик жарима зарбасидан унумли фойдаланди.

Иккинчи бўлимда Мбаппе яна иккита гол уришга муваффақ бўлди - 52- ва 74-дақиқаларда ва ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.

Франциялик ҳужумчининг икки голи орасида ҳакам «Реал» дарвозасига пеналти белгилади, бироқ видеотакрорларни кўриб, пеналтини бекор қилди.

«Қайрат» устози Рафаэл Уразбахтин ўзгаришлар билан ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилди ва Байбек, Эдмилсон, Станоев, Рикардино ва ҳатто узоқ вақт давомида жароҳати туфайли ўйнамаган Зарияни майдонга туширди. Бироқ, алмаштиришлар ўйиннинг боришини ўзгартиришга ёрдам бермади.

83-дақиқада Эдуардо Камавинга «Қайрат» дарвозасига тўртинчи голни урди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Браим Диас бешинчи голни уриб, якуний ҳисобни ўрнатди.

Мадриднинг «Реал» клуби ўз тарихида биринчи марта Қозоғистон ҳудудида ўйин ўтказди. Олмаоталиклар учун Европанинг энг совриндор клуби билан баҳс Чемпионлар Лигаси умумий босқичидаги илк уй ўйини бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид