Жаҳон | 22:28 / 22.12.2025
12347
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони бир йил ичида рекорд даражада кўп одамни қатл қилди

Саудия Арабистонида кетма-кет иккинчи йил рекорд даражада кўп одам қатл этилмоқда. Ушбу мамлакатдаги қатлларни кузатиб борувчи Британиянинг Reprieve инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, бу йил камида 347 кишига нисбатан олий жазо қўлланган бўлса, 2024 йилда 345 киши қатл этилган эди.

Фото: picture-alliance/dpa

Reprieve маълумотларига кўра, бу «қиролликда мониторинг бошланганидан бери энг қонли йил» бўлган, деб ёзди BBC.

Сўнгги қатл этилганлар Покистоннинг гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки фуқароси бўлди. Таъкидланишича, бу йил қатл этилганлар орасида яна бир журналист ва намойишлар билан боғлиқ жиноятларни содир этган пайтда ўсмир бўлган икки йигит ҳам бор. Қатл этилганларнинг беш нафари аёллардир.

Бироқ, Reprieve таъкидлаганидек, уларнинг аксарияти - тахминан учдан икки қисми - одамларнинг қурбон бўлишига олиб келмаган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган, бу эса БМТ фикрига кўра, «халқаро меъёрлар ва стандартларга мос келмайди».

Қатл этилганларнинг ярмидан кўпи чет эл фуқаролари бўлиб, афтидан, гиёҳванд моддаларга қарши уруш доирасида олий жазога ҳукм қилинган.

Шу ҳафта 2021 йилда Саудия Арабистони ҳудудий сувларида ҳибсга олинган ва гиёҳванд моддалар контрабандасига мажбурланганини даъво қилган мисрлик ёш балиқчи Иссам ал-Шазлий қатл этилди. Reprieve ташкилоти маълумотларига кўра, 96 та қатл фақат гашиш гиёҳвандлик моддаси билан боғлиқ бўлган.

Саудия Арабистони ҳукумати 2022 йил охирида ўлим жазосига норасмий мораторийни бекор қилганидан бери гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қатллар сони кескин ошди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ушбу фактни «чуқур қайғули» деб атади.

Reprieve ташкилоти маълумотларига кўра, одатда қатл этилганларнинг оилалари олдиндан хабардор қилинмайди, уларга қатл этилганларнинг жасади қайтарилмайди ва улар қаерда дафн этилганини билмайди.

Саудия расмийлари ҳам қатл усулини ошкор қилмаяпти. Бу ё бошини танасидан жудо қилиш ёки отиб ташлаш деб ҳисобланади.

БМТ, шунингдек, июн ойида 2018 йилда ҳибсга олинган ва терроризм ва давлатга хиёнат қилишда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган журналист Туркий ал-Жассирнинг ўзи ёзган мақолалар асосида қатл этилишини қоралади.

Ўтган йил декабр ойида БМТ экспертлари Саудия Арабистони расмийларига мактуб йўллаб, гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган 32 нафар мисрлик ва бир нафар Иордания фуқаросидан иборат гуруҳ тақдиридан хавотир билдирган эди. Шундан бери бу гуруҳнинг аксарият аъзолари қатл этилган.

BBC Саудия Арабистони расмийларидан ушбу айбловлар юзасидан изоҳ сўраган, бироқ жавоб олмаган.

Аммо, 2025 йил январ ойида ёзган мактубида - БМТ махсус маърузачилари томонидан билдирилган хавотирга жавобан - Ар-Риёд Саудия Арабистони инсон ҳуқуқларини «ҳимоя қилиши ва қўллаб-қувватлашини» ва унинг қонунлари «қийноқларни тақиқлаши ва жазолашини» маълум қилган.

«Ўлим жазоси фақат энг оғир жиноятлар учун ва ўта чекланган ҳолларда тайинланади, - дейилади хатда. - Барча инстанция судларида суд муҳокамаси тамомланмагунча ҳукм чиқарилмайди ва ижро этилмайди».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид