Дунёдаги вазият: Россияда навбатдаги рекорд, Британияда ўлим камаймоқда
Бутун дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони 3,53 миллиондан ортди, вафот этганлар сони 247 мингдан ошган. Европа давлатлари бирин-кетин карантин чораларини енгиллаштирмоқда: Германияда черковлар, масжидлар ва синагоглар очилди, Португалияда фавқулодда ҳолат режими бекор қилинди, Британия бош вазири эса ўз ўлимига тайёргарлик кўрилгани ҳақида гапириб берди.
Британия: ўлимлар сони камайди, Жонсоннинг интервьюси
Британияда янги ўлим ҳолатлари сони сўнгги ҳафталардаги энг қуйи кўрсаткичга тушди: 315 ўлим ва 4339та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди. Шу билан биргаликда, дам олиш кунларида шифохоналар маълумотларни оператив равишда етказиб беришмайди ва одатда бу кунлардаги ҳолатлар сони камроқ бўлади.
Ҳукумат шунингдек, Британиядаги иш берувчилар мамлакатда карантин бекор қилингунига қадар иш графигини ижтимоий масофа сақланиши ва жамоат транспортига юклама кўп бўлишининг олди олинишини таъминлаш учун мос равишда ўзгартириши кераклигини маълум қилган.
Британия бош вазири Борис Жонсон Covid-19 билан касалланиб, соғайиб чиққанидан кейинги илк интервьюсида шифохонада ҳаётини сақлаб қолиш учун унга «литрлаб кислород беришгани» ҳақида айтиб ўтди. Унинг айтишича, аҳволи жуда оғир бўлгани туфайли шифокорлар унинг ўлими ҳақида эълон беришга тайёр туришган.
«Вазият қанчалар ёмонлашишига қараб шифокорларда бир неча режа бўлган. (...) Уларда «Сталиннинг ўлими»дагига ўхшаш стратегия бўлган», - деган у.
Жонсонга 26 март куни Covid-19 ташхиси қўйилганди, 10 кун ўтиб уни шифохонага олиб кетишди, бир неча кундан кейин эса у аҳволи оғирлашиб, жонлантириш бўлимига жойлаштирилди (аммо сунъий нафас олдириш аппаратига уланмади). 27 апрель куни у ишга қайтди, 29 апрелда эса Жонсон ва унинг қаллиғи Керри Саймондс фарзандли бўлишди. Чақалоққа Уилфред Лори Николас деб ном қўйилди.
Жонсоннинг бобосини исми Уилфред бўлган, Лори эса — Саймондснинг бобосини исми. «Яна бир исм — Николас — Бориснинг ҳаётини сақлаб қолган икки шифокор — Ник Прайс ва Ник Харт шарафига қўйилди», деб ёзади Саймондс инстаграмдаги саҳифасида.
Россиядаги вазият
Россияда сўнгги бир кунда 10 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди - бу кунлик ўсиш бўйича навбатдаги рекорддир, жами зарарланганлар сони 134 687га етган. Сўнгги бир кунда яна 58 киши коронавирус қурбонига айланган, Covid-19 ушбу мамлакатда ҳозирча жами 1280 киши ўлимига сабаб бўлди.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош кардиологи Сергей Бойцовнинг айтишича, янги ҳолатлар сони кундан кунга кўп бўлаётганининг асосий сабаби ўтказилаётган тестлар сони ҳам кўп бўлаётгани билан изоҳланади. Шу билан биргаликда, Бойцов россияликлар карантинда ўтиришни истамаётганини ҳам бир сабаб сифатида келтирган.
2 май куни Санкт-Петербургда яна бир шифокор коронавирус қурбонига айланди ва шифокорлар орасидаги ўлимлар сони 10тага етди, Ленинград областида ҳам бир шифокор ўлими қайд этилган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош эпидемиологи Николай Брико июнь ойига бориб зарарланиш ҳолатлари сони камайишига умид билдирган.
Академикнинг сўзларига кўра, пандемия буткул йўқолишига умид қилиш ўринсиз: «Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, эпидемиянинг тескари ривожланиш босқичи ўсишга қараганда узоқроқ вақт давом этади. Эпидемик жараён циклининг якуни ҳақида янги зарарланиш ҳолатлари улуши бир фоиздан кам бўлгандагина гапириш мумкин».
Шанба куни Москва мэри Сергей Собянин карантин чоралари кучайтирилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, зарурат туғилса, шаҳарда ҳаракатланиш учун имкон берадиган рухсатномалар берилиши қисқартирилиши мумкин.
15 апрелдан буён шаҳар кўчаларида фақат рақамли рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилган. Унинг уч хил тури бор: ишга бориш учун, тиббиёт муассасаларига бориш учун ва «бошқа мақсадлар» учун пуштиранг пропуск.
Пандемияга қарши илова
Шу ҳафтада Британиянинг Уайт оролида янги илова тест режимида ишга туширилади. Мобил телефонлар учун чиқарилган бу илова Covid-19 белгилари бор одамлар билан алоқада бўлганларни кузатиш имконини беради.
Британия ҳукумати ой охирига бориб мамлакат аҳолисининг аксар қисми ушбу илованинг юклаб олишига ва бу орқали эпидемиянинг янги тўлқини олди олинишига умид қилмоқда. Эпидемиологлар вирусни енгиш учун бундай илова аҳолининг тахминий 56 фоизида, смартфон фойдаланувчиларининг эса 80 фоизида бўлиши кераклигини айтишган.
Аммо қатор ҳуқуқ фаоллари бу орқали ҳукумат, эҳтимол учинчи томон ҳам бу илова фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини кузатиш имконига эга бўлишидан хавфсирамоқда.
Европа очилмоқда
Францияда ҳам 11 май куни StopCOVID иловаси ишга туширилади. Бу мамлакатда ҳам янги зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари камаймоқда: ўтган кунда 297 нафар янги бемор ва 135 ўлим қайд этилган.
Якшанба куни Испанияда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 838та янги ҳолат ва 164 ўлим қайд этилди - бу сўнгги олти ҳафтадаги энг қуйи кўрсаткичдир. Душанба куни Испанияда катта бўлмаган дўконлар (озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган) ҳам очилди, шунингдек сартарошхоналар фаолияти тикланди, фақат салонлардаги вазият видеокузатувга олинган.
Италияда ҳам эпидемия пасайиши давом этмоқда: у ерда сўнгги бир кунда 1389 нафар янги бемор ва 174 ўлим рўйхатга олинди. Янги ҳафта бошида итальянлар ўзи яшайдиган вилоятдаги қариндошлариникига ташриф буюришлари мумкин, аммо дўконлар, сартарошхоналар ва мактаблар ҳозирча ёпиқ қолади.
Бу мамлакат коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича Европада энг ёмон кўрсаткични қайд этмоқда - 29 минг ўлим.
Германияда якшанба хизмати учун черковлар очилди, аммо айрим чекловлар сақлаб қолинди. Ҳозирча диний қасидалар тақиқланади - ҳукумат қасида куйланиши вирус тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини ҳисобга олмоқда. Шунингдек, диний муассасаларга келувчилар сонига чеклов ўрнатилган, келувчилар бир-биридан икки метр масофа сақлаши керак, христиан роҳиблари эса фақат ниқобдагиларнинг тавбаларини қабул қилиши мумкин. Масжидлар ва синагогларда ҳам янги гигиена қоидаларига амал қилинади. 22 мартдан буён қатъий чеклов режими туфайли ёпиқ бўлган кўплаб дўконлар ўтган ҳафтадаёқ очилганди, аммо ҳозирча ресторанлар, барлар ва меҳмонхоналар ёпиқлигича қолмоқда, шунингдек, спорт тадбирлари қачон тикланиши маълум эмас.
Ўтган ҳафтада ҳукумат тез орада болалар майдончалари, музейлар, ҳайвонат боғлари ва бошқа маданий ҳордиқ чиқариш жойлари очилиши ҳақида маълум қилганди.
Германияда сўнгги бир кунда 74 ўлим ва 793та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди.
Португалия якшанба кунидан карантин чораларини босқичма-босқич бекор қилишни бошлайди, олти ҳафта олдин жорий этилган фавқулодда вазият режими бекор қилинади. Ҳукумат аҳолини агар янги касалланиш ҳолатлари яна оша бошласа, фавқулодда ҳолат режими қайтадан жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Жамоат транспортида ва ёпиқ бинолар ичида тиббий ниқоб тақиб юриш мажбурийдир.
Карантин чоралари юмшатилиши давом этаётган Испанияда сўнгги бир кунда 164 бемор вафот этди - бу сўнгги 7 ҳафтада қайд этилган кунлик энг кам кўрсаткичдир.
9 май куни парад бўлади
Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус пандемияси туфайли 9 май кунига белгиланган ҳарбий парадни бекор қилмоқчи эмас. Президент Лукашенко - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини инкор қилган кам сонли давлат раҳбарларидан биридир, Беларусда карантин чоралари ҳам, ижтимоий масофа сақлаш тартиби ҳам жорий этилмади.
«Айтишим керакки, биз парадни бекор қила олмаймиз. Шунчаки буни қила олмаймиз. Мен бу ҳақда кўп ўйладим. Албатта, бу ҳиссий, чуқур мафкуравий масаладир», деган Лукашенко. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 15 мингдан ортиқ ҳолат ва 97 ўлим қайд этилган.
Футбол қачон қайтади
«Сассуоло» клуби Италия А Серияси жамоалари орасида пандемия туфайли юзага келган танаффусдан кейин машғулотларга қайтган илк клуб бўлди. Италия чемпионати 10 март куни тўхтатилганди.
Жамоа вакилларининг сўзларига кўра, аввалига футболчилар алоҳида шуғулланишади, жамоавий машғулотлар эса ижтимоий масофа сақлаш тартиби муддати тугагач, 18 майдан кейин бошланиши мумкин.
Италияда коронавирусдан ўлим даражаси Европадаги энг юқори кўрсаткични қайд этиб турибди, бу мамлакатда 210 мингдан ортиқ киши вирусдан зарарланган, уларнинг 29 мингга яқини вафот этган.
Германия Ички ишлар вазирир Хорст Зеехофер Бундеслигада ўйинлар ёпиқ трибуналарда давом эттирилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, қайсидир жамоада бемор аниқланса, клуб тўлиқлигича икки ҳафтага карантинга жойлаштирилади.
АҚШда Уоррен Баффет авиакомпания акцияларидан воз кечди
АҚШдаги халқаро инвесторлардан бири, миллиардер Уоррен Баффет ўзининг Berkshire Hathaway ҳолдинг компанияси Америкадаги тўртта йирик авиакомпания акцияларини сотишини маълум қилди. Унинг баҳоларига кўра, яқин уч-тўрт йилда учишлар бозори коронавирус туфайли кескин қисқаради.
Уоррен Баффетнинг компанияси коронавирус сабабли ҳозиргача 50 млрд доллар йўқотди.
АҚШда коронавирусдан ўлимлар сони 68 мингдан ошган, сўнгги бир кунда қарийб 1,5 минг бемор вафот этди. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1,2 миллионга яқинлашган.
Таиланд: ресторанларда пластик тўсиқлар
Таиланд айрим чекловларни бекор қила бошлади - бозорлар, сартарошхоналар, баъзи спорт бинолари очилди. Ресторанлар фақат бир шарт билан ишлаши мумкин - ходимлар ва мижозлар масофа сақлаши керак - бунинг учун махсус пластик тўсиқлар ўрнатилган. Аммо барлар ва кинотеатрлар ёпиқлигича қолмоқда.
Якшанба куни ушбу мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ уч ҳолат қайд этилди, бир бемор вафот этди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда жами 2 969 кишида вирус аниқланган, 54 киши вафот этган.
Эрон масжидларни очмоқда
Эронда март ойи ўрталарида ёпилган масжидлар очилмоқда. Мамлакатда Рамазон ойи давом этмоқда, президент Ҳасан Руҳонийнинг сўзларига кўра жами 132 масжид фаолиятига рухсат берилган.
Ҳукумат карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш режасини ишлаб чиқмоқда. Ўтган ҳафтада Руҳоний яқин вақт ичида чеклов чоралари юмшатиладиган ҳудудлар рўйхати эълон қилинишини маълум қилганди.
Мамлакатда коронавирус сабабли киритилган чекловлар бекор қилина бошланди – дўконлар, боғлар ва бозорлар очилган, шаҳарлараро автомобил йўлларида ҳаракатланиш тикланган.
Эронда касалликдан зарарланиш ҳолатлари сони 97 мингдан ошган, 6,2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.