Жаҳон | 19:56 / 09.05.2023
27537
5 дақиқада ўқилади

Оғир техника ва авиациясиз. Москвада бу йилги Ғалаба паради жуда камтарона ўтди

2023 йил 9 майдаги «Ғалаба паради» сўнгги йиллардаги энг камтаронаси бўлди. Қизил майдондан ўтган ягона танк Т-34 эди. Пиёда аскарлар фақат 26 та гуруҳдан иборат бўлди, бир йил олдин уларнинг сони 34 та эди.

Параддаги ягона танк Т-34 эди. Фото: Getty Images

Парадни шарҳлаган бошловчи 8 минг жангчи қатнашаётганини айтди. Гарчи март ойида, мудофаа вазирлиги коллегиясида Сергей Шойгу уларнинг сони камида 10 минг киши бўлишини ваъда қилган эди. 2022 йилги парадда 11 минг киши қатнашган.

Одатда парадда Россия янги техникаларни, шунингдек, 2010-йиллардаги Россия ҳарбий-саноат комплексининг анъанавий ишланмалари тўпламини –«Армата» оиласига кирувчи Т-14 танки ва Т-15 пиёда жанговар машинасини, «Коалиция» ўзиюрар техникасини, «Курганец» жанговар машинасини, 8 ғилдиракли «Бумеранг» зирҳли машинасини намойиш этарди. 2015 йилдан бери улар эски ва янги техникалар билан бирга барча парадларнинг асосини ташкил этган.

Бу йил, параддан олдин Россия матбуоти янги Т-72Б3М танки, янги «Ахмат» ва ВПК-Урал зирҳли автомобили, шунингдек, аллақачон таниш бўлган Т-90М, Т-72Б3 танклари, «Ярс» ядровий ракеталари, тезкор-тактик «Искандер» ва С-400 зенит ракеталари намойиш этилиши ҳақида ёзди.

Аммо зирҳли транспорт воситаларидан фақат «Бумеранг»лар намойиш этилди. «Армата», «Курганец» ва «Коалиция»нинг йўқлиги эса ҳайратда қолдирди. Натижада, параднинг ўзида янада камроқ техникалар намойиш этилди.

Майдон бўйлаб фақат ғилдиракли машиналар ҳаракатланди ва диктор негадир «Ахмат» сўзини айтмади. Расмий равишда шундай деб аталадиган зирҳли транспорт воситасини «КамАЗ автомашинаси асосидаги ҳимояланган машина» деб атади. Ваҳоланки, Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг сўзларига кўра, ушбу зирҳли машина унинг шахсий илтимосига биноан ишлаб чиқарилган.

Сергей Шойгу парадда 10 минг киши бўлишини маълум қилганди, амалда эса саккиз минг киши чиқди. Фото: AFP

Парадда авиация намойиш этилмади. Аввалроқ, шундай бўлиши мумкинлигини Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам айтган эди. Одатда самолётлар ва вертолётларнинг парвози ёмон об-ҳаво туфайли бекор қилинади, аммо бу йил 9 май куни Москва осмони мусаффо эди.

Параднинг яна бир ўзига хос хусусияти – трибуналарда катта эҳтимол билан «Вагнер» ёлланма жангчилари ҳам бўлгани эди. Бошловчи уларни «ҳужум отрядлари жангчилари» деб атади. Россия мудофаа вазирлиги ҳисоботларида вагнерчилар одатда шундай номланади.

2023 йилда Ғалаба парадини ташкил қилиш борасида Россия ҳукумати қийин аҳволга тушиб қолган бўлиши мумкин.

Биринчидан, ўтган йили «Армата», «Курганец» ва «Коалиция»лар иштирокидаги анъанавий параддан сўнг, ижтимоий тармоқларнинг россияпараст аккаунтларида «нега бу замонавий техникалар фронтда эмас?» деган савол билан кўплаб шарҳлар пайдо бўлганди.

Сухандон «Ахмат» зирҳли машиналари номини айтмади. Фото: Getty Images

Бир йил ўтгач, ушбу транспорт воситалари 1960-йиллардаги эски совет танклари ва зирҳли машиналари фонида янада зиддиятли кўринишга эга бўлар эди. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларга қараганда, улар ҳам фронтга олиб кетилмоқда.

Иккинчидан, парад олдидан «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин ва мудофаа вазирлиги ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Пригожин қўмондонликни кескин танқид қилиб, уларни сўкди. Катта эҳтимол билан, айнан шу сабаб бошловчи «Вагнер» сўзини тилга олмаган.

Ва ниҳоят, энг муҳими, параддан 6 кун олдин, Владимир Путин парадда турган жойдан юз метр узоқликда, Сенат саройи томида иккита дрон портлади. Украина раҳбарияти бу ҳужумга алоқадор эмаслигини расман эълон қилган бўлса-да, Кремл бу ҳужум ортида Киев ва Вашингтон турганини айтди.

Дронлар ҳужуми таҳдиди туфайли параднинг авиация қисми бекор қилинган бўлиши мумкин. Қизил майдон узра ўнлаб самолётлар, шу жумладан стратегик бомбардимончилар, «Руслан» оғир транспорт самолёти ва бошқа кўплаб самолётлар учиб ўтиши керак эди. Уларнинг йўлига битта дрон тўғаноқ бўлиши сафнинг бузилиб кетиши учун етарли эди, бундай вазиятда авария хавфи жуда юқори бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид