Жамият | 11:08 / 02.01.2022
36856
2 дақиқада ўқилади

2022 йилнинг биринчи кунида туғилган чақалоқлар сони рекорд даражада бўлди

ССВ Ўзбекистонда янги йилнинг биринчи суткасида 2316 нафар чақалоқ дунёга келгани ҳақида хабар берди. Шу куни 13 ҳолатда эгизаклар туғилган, улардан бири тўртталик.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Янги йилнинг биринчи суткасида 2316 нафар чақалоқ дунёга келди. ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

2018 йилнинг худди шу куни 1961 нафар, 2019 йилда 1708 нафар, 2020 йилда 1974 нафар, 2021 йилда эса 1644 нафар чақалоқ туғилган эди.

2022 йилнинг 1 январь куни туғилган чақалоқларнинг 1118 нафари қиз, 1198 нафари эса ўғил бола бўлиб, энг кўп чақалоқ Самарқанд вилоятида (270 нафар) туғилди. 

Шунингдек:

  • иккинчи ўринда Фарғона вилояти (239 нафар), 
  • учинчи ўринда Наманган вилояти (218 нафар), 
  • тўртинчи ўринда Сурхондарё вилояти (213 нафар чақалоқ) қайд этилди.

Қолаверса, шу куни туғилиш кўрсаткичи бўйича:

  • 5-ўринни Қашқадарё вилояти (210 нафар),
  • 6-ўринни Андижон вилояти (197 нафар),
  • 7-ўринни Тошкент шаҳри (177 нафар),
  • 8-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси (156 нафар),
  • 9-ўринни Тошкент вилояти (155 нафар),
  • 10-ўринни Хоразм вилояти (115 нафар),
  • 11-ўринни Бухоро вилояти (113 нафар),
  • 12-ўринни Жиззах вилояти (102 нафар),
  • 13-ўринни Навоий вилояти (90 нафар),
  • 14-ўринни Сирдарё вилояти (61 нафар) банд этди.

12 ҳолатда икки ҳомилали, бир ҳолатда тўрт ҳомилали эгизаклар (жами 28 нафар чақалоқ) туғилган.

Эслатиб ўтамиз, дам олиш кунлари Ўзбекистондаги қатор тиббиёт муассасалари билан бирга, 238 та туғруқ комплексларида жами 3807 нафар тиббиёт ходими, жумладан, 509 нафар акушер-гинеколог, 315 нафар неонатолог, 1159 нафар доя, 1824 нафар ҳамшира навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 

Бундан аввалроқ 2022 йилнинг 1 январь куни, соат 17:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1448 нафар чақалоқ туғилгани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид