Ўзбекистон | 13:46 / 19.12.2024
1546
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги техникасини биргаликда ишлаб чиқаради

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири Рана Танвир Ҳусайн билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар чоғида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, соҳанинг турли тармоқларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

"Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг локомотиви ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлашнинг тахминан 70 фоизи мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади", - деди вазир Рана Танвир Ҳусайн.

Ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, уруғчилик ва селекция, ўсимликлар ҳимояси ва карантини, уларни радиацион усулда тозалаш, юқори маҳсулдор чорва зотларни яратиш, қишлоқ хўжалиги техникасини биргаликда ишлаб чиқариш кўрсатиб ўтилди.

Икки давлат бозорларида маҳсулотлар сонини ошириш, халқлар фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида ўзаро мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш жараёнини соддалаштириш, фитосанитария рухсатномаларини расмийлаштириш ва божхона жараёнларини оптималлаштиришнинг долзарб масала эканлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ҳамкорликни тизимлаштириш ва кўриб чиқилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида кенг қамровли "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш, аграр техникалар бўйича саноат кооперациясини йўлга қўйиш, соҳавий қўшма ишчи гуруҳни ташкил этишга келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид