Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бекравотда бошланғич синфлар учун янги мактаб қурилади: унгача йўл, кўприк, дарвоза барпо этилади
Ургут туманидаги Бекравот маҳалласида яшовчи фуқароларнинг маҳаллада мактаб йўқлиги, маҳаллада яшовчи мактаб ёшидаги болалар қўшни маҳаллаларда жойлашган 2–5 километр узоқликдаги 110-, 65- ва 47-мактабларга боришаётгани, қиш фаслида лой кўчалар ва изғиринда айниқса кичик ёшдаги мактаб болалари ўқишга қатнашга қийналишаётганини баён этилган мақолалар Интернет сайтларда эълон қилинди.
Хусусан, Ургут туман ҳокими М.Турдиевнинг 2017 йил 15 декабрда «Ўзбекистон овози» газетаси таҳририятига ва Бекравот маҳалласида яшовчи фуқароларга келгуси (2019) йил давлат дастури асосида 1 та янги мактаб қурилиши тушунтирилган хати ва журналист Фаррух Ҳамроевнинг мазкур муаммога бағишланган мақоласи эълон қилинди.
Ургут туман ҳокимининг хатига кўра 2018 йилда Бекравотда мактаб барпо этишга ваъда қилинган эса-да, бу борада бирор силжиш кўзга ташланмагани мақолада таъкидлаб ўтилган.
Ёш ва ҳаваскор журналистлардан бири юритадиган сайтлардан бирида эса мазкур муаммога Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланган Э.Турдимов ўзига ишониб топширилган вазифаларга панжа орасидан қараб келаётгани, болаларнинг умидини чиппакка чиқараётгани, болалар бир неча километр наридаги мактабларга қишнинг совуғида қатнашга мажбур бўлишаётгани таъкидлаб ўтилган.
Ургут тумани, дарҳақиқат, республикамиздаги энг йирик туман ҳисобланади. Бу ерда қарийб 500 минг аҳоли истиқомат қилади , 130 дан зиёд мактаб, бир қанча филиаллар фаолият кўрсатмоқда. Туманда шу йилнинг ўзида 20 дан зиёд янги мактаблар барпо этиш кўзда тутилган. Аҳвол Бекравотникидан ҳам оғирроқ бўлган ҳудудлар мавжуд. Шу сабабли, Бекравотда барпо этилиши белгиланган янги мактаб 2018 йилги инвестиция дастурга киритилмасдан қолиб кетган. Бу дастурни эса Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаб беради.
Биз 9 август куни Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят таълим сифати инспекцияси раҳбари Манучеҳр Мирзаев, Ургут туман ҳокими ўринбосари, вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси ва Ургут туман халқ таълими бўлими мудири, маҳалла фуқаролари йиғини раислари ҳамдан журналистларлардан иборат гуруҳ мурожаат тушган манзилда бўлиб, вазият билан яқиндан танишдик. Мутасаддилар Бекравотни пиёда кезиб чиқишди.
Қайд этиб ўтиш керакки, шу вақтгача журналистлар воқеани жойига келиб ўрганишмаган. Улар масалани аҳоли мурожаатлари асосида, сиртдан ўрганиб мақола ёзишган.
Айни пайтда Бекравот маҳалласига энг яқин мактаб — қўшни Бешкапа маҳалласида жойлашган 47-умумтаълим мактабидир. Бу ерган Бекравотлик болаларнинг аксарияти, қарийб 90 фоизи — 357 нафари ўқийди. У маҳалла чегарасидан 250 метр нарида жойлашган. Бу маскан 870 ўринга мўлжалланган бўлиб, икки сменада 1200 га яқин ўқувчи таълим олмоқда.



Масалан, маҳалла марказидан Замбарак қишлоғидаги 110-мактабгача 2200 метр. 110-мактабга Бекравотнинг Замбаракка яқинроқ жойлашган ҳудудидан 40 нафар болалар қатнайди ва мактабгача масофа 900-1000 метрни ташкил этади.
Савғон қишлоғидаги 65-мактабгача Бекравотдан роппа-роса 2 км экан ва Бекравотдан бу мактабга 4 нафар ўқувчи қатнайди.


М.Мирзаевнинг айтишича, таълим стандартларига кўра, агар маҳалладан мактабгача масофа 3 километрдан ортиб кетсагина маҳаллада янги мактаб қурилишига рухсат берилади. Бироқ Бекравотдан турлича узоқликда бўлган учта мактабгача бўлган масофа 3 км ҳам чиқмайди.
Янги барпо этиладиган мактабни тўлиқ педагог-кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам кўндаланг бўлади. Бекравотликлар билан суҳбат асносида улар қишлоқда 40 дан зиёд турли фан ўқитувчилари борлигини маълум қилишди ва янги мактабни педагог-кадрлар билан таъминлашда муаммо юзага келмаслигини таъкидлаб ўтишди.
Муаммони ўрганиш чоғида, Бекравотдан Бешкападаги 47-мактабга бориш учун 25 август санасига қадар 250 метрлик тупроқ йўлга шағал ётқизилиши, ўша йўлдаги мактаб яқинидаги ариқ устида кўприк барпо этиш, Бекравотдан келувчи йўлда мактаб дарвозаси очилиши кераклиги белгилаб қўйилди. Туман ҳокими М.Турдиев ва мазкур ҳудуд учун масъул бўлган сектор раҳбари — туман прокурори У.Ҳамдамов белгиланган вазифаларни бажаришни ўз назоратига олишларини таъкидлаб ўтишди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов 2019 йилги инвестиция дастурида Бекравотда 120 ўринли, бошланғич синфларга мўлжалланган, 47-мактабнинг филиалини қуриш таклифи киритилганини эълон қилди. Янги мактаб келгусида аҳоли сонининг ошишини эътиборга олиб, қўшимча бинолар қурилиб, уни тўлиқ ўрта мактабга айлантириш мумкинлиги эътиборидан лойиҳалаштирилиши таъкидлаб ўтилди.
Бекравотлик ота-оналар бу таклифни мамнуният билан қарши олишди. Маҳалла оқсоқоллари қишлоқ аҳлининг мурожаатини беэътибор қолдирмасдан, вазиятни ўз жойига келиб пухта ўрганган мутасаддиларни дуо қилиб қолишди.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:51 / 18.12.2025
"Бу — бирламчи тиббий хизмат тизимидаги катта муаммоларнинг акси" - Саида Мирзиёева Ургутдаги оилавий поликлиникада бўлди
12:00 / 04.12.2025
Самарқанддан Ургутга поезд ҳаракатланмоқда - бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
16:11 / 27.11.2025
Ургутда наркосавдогар ҳамшира 10 йилга қамалди
18:39 / 25.11.2025