Жаҳон | 11:29 / 19.03.2023
30588
14 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг йирик самолёти: Россия армияси яксон қилган Ан-225 «Мрия»ни тиклаб бўладими?

2022 йил 25 феврал куни Украинага бостириб кирган Россия ҳарбийлари Киев вилоятининг Гостомел шаҳридаги ангарда турган Ан-225 «Мрия»га шикаст етказди. Шу тариқа 35 йилдан буён дунёдаги энг йирик транспорт самолёти мақомини эгаллаб келаётган Ан-225 яроқсиз ҳолга келди. Украина томони ҳозир иккинчи Ан-225 самолёти ясалаётганини маълум қилган. Бироқ унинг қачон фойдаланишга топширилиши номаълум.

2022 йил 24 феврал куни Россия армияси Украинага бостириб кирди ва қисқа муддатда мамлакатнинг анча қисмини босиб олди. Рус ҳарбийлари Украинадаги кўплаб шаҳарларни вайрон қилишди. Инфратузилмани издан чиқаришди. Сув омборлари, АЭСлар хавф остида қолди.

Бундан ташқари, Россия армияси Украина фахри бўлган, дунёдаги энг йирик транспорт самолёти сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган самолётга шикаст етказишди.

Рус ҳарбийлари Киев вилоятидаги Гостомел шаҳридаги ангарда турган Ан-225 «Мрия» самолётини яроқсиз ҳолга келтиришди.

Фото: techinsider.ru

Ан-225 «Мрия» тарихи

1980-йиллар бошида СССР министрлар совети рекорд даражада юк кўтариш қувватига эга бўлган оғир транспорт самолётини ясаш ҳақида қарор чиқаради.

Қарорга кўра таниқли авиаконструктор Виктор Толмачев янги самолётни ясаб чиқишга масъул этиб тайинланади. Самолётга Ан-225 «Мрия» номи берилади ва уни Киевдаги Антонов номидаги механика заводида йиғиш белгиланади.

Муҳим лойиҳага Толмачевнинг раҳбар этиб тайинланиши бежизга эмасди. У бироз аввал Ан-124 «Руслан» деб номланган оғир юк кўтарувчи транспорт самолётини ясаб чиққанди. Ан-124 ҳам Киевдаги заводда йиғилаётганди.

1985 йилда КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросида Ан-225 «Мрия»ни ясаб чиқишни тезлаштириш ҳақида қарор қабул қилади.

Гигант самолётни ясаш жуда кўп эҳтиёт қисмлар талаб қиларди. Шу сабабли Ан-225га керак бўладиган асосий эҳтиёт қисмларни Антонов заводи билан бирга СССРдаги бошқа авиация бирлашмаларида ишлаб чиқариш кўзда тутилганди. Бу учун авиация заводлари кооперацияга бирлаштирилади.

Кооперация таркибида Тошкент авиация заводи ҳам бор эди ва бу ерда Ан-225 учун қанотлар ва бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Бир неча йиллик меҳнатдан сўнг ниҳоят 1988 йил декабр ойида самолёт тайёр бўлади. Унинг илк синов парвози ўша йили 21 декабрда амалга оширилади. Бир ярим соат давом этган парвозда Ан-225 да жиддий камчиликлар кўринмайди ва у синовдан ижобий ўтади.

Ан-225 самолётининг имкониятлари

  • Турбореактив двигателлар сони – 6 та;
  • Қанотларнинг умумий узунлиги – 88,4 метр;
  • Самолётнинг узунлиги – 84 метр;
  • Баландлиги – 18,2 метр;
  • Самолётнинг оғирлиги – 216 тонна;
  • Бўш ҳолда учиш масофаси – 15 400 км;
  • Юк билан учиш масофаси – 4 000 км;
  • Юк ортиш кабинаси ўлчами – узунлиги 43 метр, эни 6,4 метр, баландлиги 4,4 метр;
  • Экипаж сони – 6 киши;
  • Максимал юк кўтариш қуввати – 250 тонна;
  • Қўнмасдан учганда тавсия этилган юк оғирлиги – 180-200 тонна;
  • Қитъалараро учганда тавсия этилган юк оғирлиги – 150 тонна;
Фото: yaplakal.com

Ан-225 космик кема учун ясалганми?

1980-йиллар бошида СССР космосни ўзлаштиришда АҚШликлардан ортда қола бошлади. Бунга сабаб АҚШ космик ракеталар учиришда анча муваффақиятга эришган ва парвозлар учун камроқ пул сарфларди.

Гап шундаки, 1981 йилда АҚШ кўп марта фойдаланадиган космик кема яратади ва парвозларда улардан фойдалана бошлайди. СССРда эса ундай қурилма йўқ эди. Барча парвозлар бир марталик космик кемаларда амалга оширилар ва шу сабабли харажатлар ошиб кетарди.

Ана шундай шароитда СССРда конструкторлар олдига кўп марта фойдаланадиган космик кема яратиш топшириғи қўйилади. Ниҳоят 1989 йилга келиб СССРда «Буран» номи билан бир дона (!) кўп марта фойдаланадиган космик кема ясалади.

Ўшанда «Буран»ни яратиш устида ишлар кетаётганда уни олиб юриш учун махсус самолёт ясашга қарор қилишади. Бу Ан-225 бўлиши керак эди.

Тасодифми ёки белгиланган режа шундай бўлганми, Ан-225 ва «Буран» олдинма-кейин тайёр бўлади. 1988 йил ноябрда «Буран»нинг, декабрда Ан-225 нинг илк синов парвози муваффақиятли ўтказилади.

Ан-225 ва «Буран»нинг биргаликдаги парвози

1989 йилда Ан-225 ва «Буран» биргаликда бир неча марта бирга учишади. Бунда «Буран» Ан-225 нинг тепасига ортилади ва махсус ускуналар билан маҳкамланади. Улар шу тарзда парвоз қилишади.

Фото: iStock

Биринчи парвозда Ан-225 «Буран»ни Москвадаги заводдан Бойқўнғир космодромига олиб келади. Сўнг уни Париждаги халқаро авиашоуда намойиш этиш учун Францияга олиб боради. Учинчи парвозда Ан-225 «Буран»ни устига миндириб Владивостоккача бориб келади.

Бироқ «Буран» барибир ўзини оқламайди ва бирон марта ҳам фазога парвоз қилмасдан «брак»ка чиқади. Ан-225 самолёти эса...

Ан-225 нинг қайта тирилиши

СССР парчаланиб кетгач Ан-225 Украина тасарруфида қолади. Бироқ самолёт 1994 йилда парвозларни тўхтатади. Унинг двигателлари парвоз қилиб юрган Ан-124 самолётларига олиб қўйилади.

2000 йил бошида Украинадаги Антонов давлат авиация корхонасида Ан-225 қайта таъмирланади. 2001 йилда халқаро авиация қўмитаси унга халқаро сертификат беради. Шундан сўнг Ан-225 тижорат парвозларини бошлаб юборади.

Украинада самолётга Антонов авиация корхонаси қошида очилган Antonov Airlines эгалик қилади.

2016 йилда Ан-225 Украинадан Австралияга парвоз қилади. Бу унинг узоқ масофага қилган илк парвози эди.

Самолёт манзилга етгунча тўрт жойда, Прага, Туркманбоши, Ҳайдаробод ва Куала-Лумпурда қўниб ўтади. Самолёт Австралиянинг Петр шаҳри аэропортига қўнганда унинг ичида 117 тонна оғирликдаги генератор бор эди. Ўшанда Ан-225 15,5 минг километр масофани босиб ўтганди.

Ўша йили Ан-225 Бразилияга ABB компаниясининг 155 тонналик электротурбинасини олиб боради. Ўшанда юкнинг умумий оғирлиги 182 тонна бўлган.

Ўша йили 10 ноябр куни Германиянинг Лейпциг шаҳри аэропортида Ан-225ни самолётлар тураргоҳига жойлаш вақтида унинг иккинчи двигателда носозлик рўй беради. Текшириб кўрилганда носозлик жиддий эмаслиги ойдинлашади. Самолёт эртаси куни яна парвоз қилади.

Фото: 24tv.ua

2019 йилда самолёт таъмирланади ва унга «Ивченко-Прогресс» компаниясида ишлаб чиқарилган янги двигателлар ўрнатилади. 2020 йилда таъмирдан сўнг илк парвозни Хитойнинг Тянцзин шаҳрига амалга оширади. Йўлда Олмаота шаҳрида тўхтайди ва унга ёқилғи қуйилади.

Самолётнинг вайрон қилиниши

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирган куни Ан-225 Киев вилояти Гостомел шаҳридаги Antonov Company корхонасига қарашли ангарда турган эди.

Самолётнинг битта двигатели таъмирлаш учун ечиб олинган ва у душманлардан қочиб кетиш учун уча олмас эди. 25 феврал куни Россия ҳарбийлари Антонов аэропортини эгаллаш учун ҳужум бошлайди.

Қақшатқич жанглар давомида рус ҳарбийлари ангарда турган Ан-225 га жиддий талафот етказади. Оқибатда дунёдаги энг йирик транспорт самолёти яроқсиз ҳолга келади.

2022 йил 3 март куни Россия марказий телеканалида Ан-225 турган ангардан лавҳа эфирга узатилади. Унда шикастланган самолёт ҳам кўрсатилади. Лавҳада самолёт фюзеляжининг олд қисми ёнғин оқибатида яроқсиз ҳолга келгани кўрсатилади.

Кўп ўтмай рус ҳарбийлари Киев вилоятида мағлубиятга учраб чекинишади. Шундан сўнг Ан-225 яроқсиз ҳолга келгани, бироқ уни таъмирлаш мумкинлиги ойдинлашади.

Ўшанда Украина мудофаа вазирлиги Ан-225 ни таъмирлаш учун 3 миллиард доллар маблағ ва бир неча йил лозимлигини маълум қилади.

Иккинчи Ан-225

1980-йиллар охирида биринчи Ан-225 нинг синов парвози муваффақиятли амалга оширилгач Антонов заводида иккинчи самолётни ясаш ишлари бошлаб юборилади. Бироқ СССР парчаланиб кетгач ишлар тўхтаб қолади.

Кейинчалик Украина буюртма бўлса ишни охирига етказиб иккинчи Ан-225 самолётини ясаб беришини маълум қилади, бироқ нарх жуда баландлиги учун харидор чиқмайди.

Маълум бўлишича, самолётнинг центроплан, фюзеляж ва қанотлари тайёр бўлган ва у Антонов авиация заводларидан бирида сақланган.

2016 йилда Антонов корхонаси Хитойнинг Aerospace Industry Corporation of China компанияси билан иккинчи Ан-225 ни тўлиқ битказиш ва Хитойга сотиш бўйича келишув имзолайди.

Бироқ 2017 йилда ОАВда Хитой самолётни сотиб олиш фикридан воз кечгани ҳақида хабарлар тарқалади.

2019 йилда Британиянинг Daily Mirror нашри Украина ўз кучи билан иккинчи Ан-225 ни қуриб битказишга қарор қилгани ҳақида ёзиб чиқади.

2022 йилда Ан-225 яксон қилингандан сўнг Украина томони иккинчи Ан-225 ни тиклашини, унинг 70 фоиз иши бажарилганини маълум қилди.

2022 йил 7 ноябр куни Антонов корхонаси махфий жойда иккинчи Ан-225 самолёти ясалаётганини ва шикастланган биринчи Ан-225 самолётининг эҳтиёт қисмлари унга қўйилаётгани ҳақида хабар берди.

Ан-225 га тегишли рекордлар

Ан-255 авиация тарихида ҳавога кўтарилган энг оғир юк самолёти ҳисобланади.

У илк рекордни 1989 йилда ўрнатган ва ўшанда 156,3 тонна юк ортиб парвоз қилган.

2004 йилда Zeromax GmbH компанияси буюртмаси билан Прагадан Тошкентга 250 тонна махсус техникалардан иборат юкни олиб келади. Бу янги рекорд эди.

2009 йилда Ан-255 нинг яна бир рекорди Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади. Ўшанда самолёт Арманистонда қурилаётган электростанция учун Германиядан Ереванга 187,6 тонна юк олиб келган (174 тонна оғирликдаги улкан генератор ва бошқа жиҳозлар).

2010 йилда самолёт энг узун ўлчамдаги юк ортиш бўйича яна бир рекорд ўрнатади. У шамол электростанциясига ўрнатиладиган, ҳар бирининг узунлиги 42,1 метр бўлган улкан иккита парракни ортиб парвоз қилади.

Самолётнинг оғир юк кўтариш бўйича энг юқори кўрсаткичи 253,8 тонна бўлган.

Умумий ҳисобда Ан-225 юк ортиш ва кўрсаткичлар бўйича жами 250 дан ошиқ дунё рекордларини ўрнатган.

Ан-225 почта маркалари ва пул бирликларида

  • 1987 йилда СССРда Ан-225 тасвири туширилган махсус конверт чиқарилган;
  • 1996 йилда Украина почтаси Ан-225 тасвири туширилган почта маркаси чиқарган;
  • 2002 йилда Украинада Ан-225 тасвири туширилган 5 ва 20 гривналик юбилей тангалари зарб этилган;
  • 2003 йилда Соломон оролларида зарб этилган 25 долларлик, 2008 йилда Кук оролларида зарб этилган 1 долларлик кумуш тангаларга Ан-225 самолёти тасвири туширилган.

Дунёнинг энг йирик транспорт самолётлари

Ан-225 «Мрия»

Яксон қилинишидан аввал Ан-225 «Мрия» дунёдаги энг йирик транспорт самолёти эди.

Boeing 747 Dreamlifter

Boeing 747 Dreamlifter самолётининг биринчиси 2006 йилда ишлаб чиқарилган. Ҳозирги кунда ундан тўртта бор. Ушбу самолёт 100 тоннадан ошиқ юкни кўтариб уча олади.

Aero Spacelines Super Guppy

Aero Spacelines Super Guppy самолёти 1965 йилда аэрокосмик тадқиқотлар учун NASA буюртмаси билан Boeing компаниясида ишлаб чиқарилган. Мазкур самолётдан 5 дона ясалган ва у 77 тоннадан ошиқ юкни ортиб уча олади.

Ан-124 «Руслан»

Ан-124 «Руслан» самолёти 1980-йиллар бошида ишлаб чиқарилган. Кейинчалик мазкур самолётнинг турли модификацияларидан Украина ва Россияда 55 дона ишлаб чиқарилган. Гарчи Ан-124 «Руслан»нинг юк кўтариш қуввати 120 тонна бўлса ҳам у асосан 50-60 тонна юк ортиб учади.

Lockheed C-5 Galaxy

Lockheed C-5 Galaxy самолёти 1968 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учун ишлаб чиқарилган. Унинг максимал юк кўтариш қуввати 122 тонна. Бироқ одатда унга ҳам 50-60 тонна атрофида юк ортилади. Мазкур самолётлардан жами 131 дона ишлаб чиқарилган.

Airbus A300-600ST Beluga

Airbus A300-600ST Beluga самолёти илк бор 1995 йилда фойдаланишга чиқарилган. Бу самолётдан жами 5 дона ясалган ва у 47 тонна юк кўтара олади.

Ан-22 «Антей»

Ан-22 «Антей» самолётининг илк парвози 1965 йилда амалга оширилган. 1965-1976 йиллар оралиғида Тошкент авиация бирлашмасида ундан жами 67 дона ишлаб чиқарилган. Ан-22 «Антей» самолётларидан асосан СССР ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланган. Мазкур самолётларнинг максимал юк кўтариш қуввати 80 тонна бўлса ҳам, унга 30-40 тонна юк ортилган.

Boeing C-17 Globemaster III

Boeing C-17 Globemaster III самолёти 1991 йилда ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган. Ўшандан буён Boeing компанияси мазкур самолётлардан қарийб 300 дона ишлаб чиқарган. Бугун улардан АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралия ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланмоқда. Мазкур самолётнинг максимал юк ортиш қуввати 77 тонна бўлса ҳам, унга асосан 30-40 тонна юк ортилади.

Ил-76

Ил-76 самолётининг илк парвози 1971 йилда амалга оширилган. Ил-76 дан қарийб мингта ишлаб чиқарилган ва ҳанузгача ундан дунёнинг кўплаб давлатлари ҳарбий мақсадларда фойдаланиб келмоқда.

Ўз вақтида Ил-76 самолётлари Тошкент авиация бирлашмасида ҳам ишлаб чиқарилган. Уларнинг максимал юк ортиш қуввати 60 тонна бўлса-да, Ил-76 ларга асосан 30-40 тонна юк ортилган.

Airbus A400M Atlas

Airbus A400M Atlas самолёти нисбатан янги модел ҳисобланади. У илк парвозни 2009 йилда амалга оширган. Тўлақонли фойдаланиш 2013 йилдан бошланган. Ўтган йиллар мобайнида бу самолётдан 115 дона ишлаб чиқарилган. Airbus A400M Atlas 30-40 тонна юк ортилади.

Lockheed Martin C-130J Super Hercules

Ҳарбий мақсадлар учун чиқарилган мазкур самолётнинг илк парвози 1954 йилда амалга оширилган. Ҳозирги кунда ундан АҚШ, Жазоир, Ангола, Аргентина, Австралия, Австрия, Белгия, Боливия, Ботсвана, Бразилия каби давлатларда ҳарбийлари фойдаланишмоқда. Бу самолётдан жами 2600 дона ишлаб чиқарилган. Самолётнинг юк кўтариш қуввати 19 тонна.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид