Жамият | 16:33 / 21.12.2017
19089
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги “Саййид Муҳийддин махдум” мадрасасида сийрат кечаси ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Андижондаги “Саййид Муҳийддин махдум” мадрасасига 1992 йилда асос солинган. Ўтган 25 йил давомида билим даргоҳини битирган минг нафарга яқин талабалар юртимиздаги масжид ва мадрасаларда фаолият олиб боришмоқда.

Муассасада умумтаълим фанлари билан биргаликда “Қуръони карим ва тажвид”, “Ақоид”, “Фиқҳ”, “Тафсир”, “Ҳадис”, “Ислом тарихи”, “Динлар тарихи”, “Мазҳаб ва йўналишлар”, “Араб тили”, “Хатоба”, “Педагогика ва психология” каби 10дан зиёд махсус фандан чуқур билим берилади. Ўрта махсус ислом билим юртида таълим олаётган толиби илмлар сони 123 нафар бўлиб, даргоҳда нафақат Андижон вилояти, балки юртимизнинг турли вилоятларидан келиб ўқиётган ёшлар ҳам бор. Мадрасада ўқувчиларнинг етук илм эгаси бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кенг ва ёруғ синф хоналари, кутубхона, ўқувчилар турар жойи, ошхона ва дам олиш хоналари ўқувчилар хизматида.

Ўрта махсус ислом билим юрти томонидан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги биноси мажлислар залида “Расулуллоҳда сизлар учун гўзал намуна бор” мавзусида сийрат кечаси ташкил этилди. Тадбирда билим юртининг барча мударрис ва талабалари, ЎМИнинг вилоят вакиллиги ходимлари, Тошкент Ислом институтининг амалиётчи талабалари иштирок этдилар.

Кечада сўз олган билим юрти мудири Мирзамақсуд Алимов, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаровлар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳаётлари мусулмонлар учун ибрат ва намуна эканлиги ҳақида сўзлаб, сийратлари тўғрисида кенг маълумотлар бериб ўтдилар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳаёт тарзларини ўрганиш, ибрат олиш, ўз ҳаёт тарзини у Зотнинг ҳаёт тарзларидек бўлишига ҳаракат қилиш - инсонни икки дунё саодатига етаклаши шубҳасиздир.

Тадбирнинг асосий қисмида талабалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сийратлари бўйича ўзаро беллашдилар, ғолиблар ҳомийлар томонидан совғалар билан тақдирланди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Муаллиф олган фотосуратлар

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид