Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киши бошига табиий бойлик бўйича дунё етакчилари: Саудия биринчи, Канада — иккинчи
Янги рейтингда Statista’нинг табиий ресурслар бўйича баҳолари ва Worldometer’нинг 2025 йилдаги аҳоли сони маълумотлари қиёсланиб, энг бой ўнта давлатнинг табиий ресурслари қиймати аҳоли сонига бўлиб ҳисобланди.
Фото: AP
Биринчи ўринни Саудия Арабистони эгаллади — ҳар бир аҳоли ҳиссасига деярли бир миллион долларлик табиий ресурслар тўғри келади. Улкан нефт захиралари мамлакат иқтисодиёти пойдевори бўлиб қолмоқда, нисбатан кичик аҳоли сони эса киши бошига тўғри келадиган кўрсаткични кескин оширади.
Иккинчи ва учинчи ўринларни Канада ва Австралия эгаллайди, бу давлатларда ҳар бир инсон ҳиссасига 700 минг доллардан ортиқ табиий бойлик тўғри келади.
Канадада юқори қийматни нефт, ўрмон захиралари ва кон-минерал бойликлари шакллантиради. Австралия эса темир рудаси, кўмир ва табиий газ экспорти ҳисобига ютуққа эга. Ҳар икки мамлакат улкан ҳудуд ва нисбатан кам аҳолига эга бўлгани учун киши бошига ҳисоб-китобда катта устунликка эришади.
Россия рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаб, ҳар бир фуқаро ҳиссасига 520 минг доллардан ортиқ табиий бойлик тўғри келади.
Хитой ва АҚШ умуман олганда улкан табиий ресурсларга эга, бироқ аҳоли сони инобатга олинганда, улар топ-10 ликнинг пастки қисмида жойлашади.
Хитойда 1,4 миллиарддан ортиқ одам яшайди, шу боис киши бошига тўғри келадиган кўрсаткич 16 минг доллардан бироз баланд, холос. АҚШ эса табиий ресурслари 45 триллион долларга баҳоланишига қарамай, фақат саккизинчи ўринни эгаллайди.