Жаҳон | 14:42 / 24.06.2021
35154
8 дақиқада ўқилади

Канада виза турлари ва бу борада ўзбекистонликлар учун талаблар қандай?

UzbekLife колумнистлари хорижий мамлакатлар визалари мавзусидаги туркум мақолаларни тайёрлашда давом этади.

Ушбу мақола орқали кўплар учун қизиқ бўлган “Заранг барги юрти” виза турлари, уларни олиш тартиби ва керакли ҳужжатлар ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Канада 3 тоифадаги мигрантларни кутиб олишга тайёр. Буларга иқтисодий, оилавий, қочқинлар ва гуманитар тоифадагиларни келтириш мумкин.

Малакали ишчилар Канада юқори турмуш тарзини ривожлантириш учун иқтисодий тоифа доирасида қабул қилинади. Канада аҳолисининг аксарият қисмини ўрта ёшдан ошган қатлам ташкил қилади, туғилиш даражаси эса паст. Шу икки ҳолат сабаб мамлакат малакали ишчилар ташрифидан хурсанд бўлади. Чунки айнан улар ишчи кучи ва иқтисодий ўсишни таъминлаб беради. Малакали ишчилар тил ўрганиб, касбий малака ва иш тажрибасига эга бўлиб, муҳими муваффақиятга эришишни ният қилиб мамлакатга кириб келади. Шунинг учун ҳам улар Канаданинг иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий хизматларида (таълим, соғлиқни сақлаш) муҳим роль ўйнайди. 

Иккинчи катта мигрантлар тоифаси – оилавий ҳомийлик ёрдамида келадиганлар. Канада ўз фуқароларининг яқинларини (бошқа мамлакатдан танлаган жуфтларини) ва доимий резидентларни илиқлик билан кутиб олади. Чунки мустаҳкам оила Канада жамияти ва иқтисодиётининг асосидир. Яқин оила аъзоларнинг Канадада ҳаёт қуриши жамият ва иқтисодиёт учун зарур бўлган ҳиссий ёрдамни беради.

Учинчи энг катта тоифа – қочоқлар ва гуманитар мақсадда ташриф буюрувчилар. Дунёнинг энг имтиёзли давлатларидан бири сифатида Канада таъқиб ва бошқа қийинчиликлардан қочганларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилади.

Малакали ишчилар Канадага қандай киради?

Иммиграция даражалари режасига кўра, Канада ҳар йили 400 минг нафар иммигрант қабул қилади. Шулардан 60 фоизи малакали ишчилар ҳисобланади. Малакали ишчилар Канадага асосан Express Entry тизими орқали киради. Иккинчи йўли Провинциаль номзод дастури (PNP), ундан сўнг Квебекнинг малакали ишчи дастурлари ва бир қатор бошқа федерал дастурлар. 

Малакали ишчилар Канадага оиласи билан кўчиб ўтиши мумкин

Малакали ишчилар Канадага келаётганда яқин оила аъзоларини ҳам ўзи билан бирга олиб келиши мумкин. Бу оила аъзоларига ҳам доимий резидент мақоми берилади.  

Яқин оила аъзоларига кимлар киради?

  • Турмуш ўртоғингиз;
  • Қарамоғингиздаги фарзандларингиз;
  • Турмуш ўртоғингизнинг қарамоғидаги фарзандлари;
  • Қарамоғингиздаги фарзандларингизнинг қарамоғидаги фарзандлари.

 Қарамоғингиздаги фарзанд:

  • 22 ёшдан ошмаган ва турмуш қурмаган бўлиши лозим;
  • 22 ёшдан ошган ва жисмоний ёки руҳий ҳолатига кўра ота-онасига молиявий қарам бўлиши керак.

 

Express Entry

Иқтисодий тоифадаги мигрантлар асосан Express Entry тизими орқали Канадага киради. Бунда номзодлар федерал ҳукуматнинг веб-сайтига профилини юклайди. Сўнг улар ёши, маълумоти, тил билиш даражаси ва иш тажрибасига кўра баҳоланади. Тахминан ҳар икки ҳафтада Иммиграция, қочоқлар ва Канада фуқаролиги маркази юқори балл олган номзодларни доимий яшаш учун ариза ёзишга таклиф этади. Доимий резиденцияни олиш жараёни 6 ойгача давом этади.

Провинциаль номзод дастури (PNP)

Канаданинг ҳар бир провинциясининг (Квебек ва Нунавутдан ташқари) алоҳида PNP сайти бор. Ҳар бир провинция ўзининг баҳолаш тизими ва критериясини ўзи ишлаб чиқади. Бунда профил яратишингизга ҳожат қолмайди. Мазкур дастур орқали провинциялар Канадага кўчиб ўтмоқчи бўлган номзодларни танлайди. Номзод ҳам муайян провинцияни кўрсатади.

Квебек иммиграцияси

Квебекнинг алоҳида иммиграция дастурлари бор. Дастурга қабул қилинган номзодларга Quebec Selection Certificate ёки Certificat de sélection du Québec (CSQ) бериладиУшбу ҳужжат Квебек иммиграция вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Мазкур сертификатни олиш учун Квебекнинг қуйидаги дастурларидан бирига ариза топширишингиз керак:

Квебек малакали ишчи дастури (QSWP) Квебекка кўчиб ўтиб, доимий яшашни истовчилар учун.

Квебек тажриба дастури (PEQ) Квебекда ўрта мактабни тугатган халқаро талабалар орасида машҳур. Бу дастурга провинцияда тажриба ўтаган хорижлик малакали ишчилар ҳам ҳужжат топшириши мумкин.

Бизнес иммиграция дастурлари Квебекда тадбиркорлик ва ишбилармонлик билан шуғулланувчи, шунингдек, провинцияда иммигрант инвестор сифатида доимий яшашни истовчи шахслар учун мўлжалланган.

Оила ҳомийлиги визаси

Канада ҳукумати оилаларнинг бирга яшашини қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун Канада ҳар йили 100 минг янги иммигрантнинг оиласи бағрига келиб яшашига имкон беради.

Канада фуқаролари ва доимий резидентлари турмуш ўртоғи, ота-онаси ва бобо-бувиси ҳамда қарамоғидаги фарзандларини ҳомийликка олади. Яъни уларнинг молиявий таъминотчиси ҳисобланади. Масалан, уларга ижтимоий ёрдам керак бўлса, ҳомийликка олган одам тўловини амалга оширади.

Эслатма: Канада сизнинг маълумотингизни ва иш тажрибангизни қадрлайди. Агар магистр ёки PhD даражага эга бўлсангиз, Канада меҳнат бозорида имкониятларингиз кенгаяди.

Визани расмийлаштириш

Канадада вақтинча яшаш истагида бўлган ўзбекистонликлар қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларни исботловчи ҳужжатлар тақдим этиши керак:

  • жиддий касалликлари йўқлиги;
  • Канада учун хавфсиз мигрант экани;
  • муқаддам судланмагани;
  • Immigration and Refugee Protection Act талабларига жавоб бериши лозим.

Канадада яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўзбекистонликлардан қуйидагилар талаб қилинади:

1.    Паспорт.

2.    Мамлакатда яшаши учун етарли маблағи, оила аъзоларини ҳам таъминлаши. Сумма Канадада бўлиш даврида бошқарилади.

3.    Ўзбекистон билан алоқада бўлиши.

Иммигрантлар, шунингдек, Канадага киришдан аввал виза муддати тугаши билан дарҳол мамлакатдан чиқиб кетишига кафолат беради. 

Расмий ишда ишламайдиган ўзбекистонликлар Канадага виза ололмайди.

Визани расмийлаштириш учун керакли ҳужжатлар

2019 йил Канада ҳукумати қандай турдаги визани олишидан қатъи назар, тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлади:

  • Анкета: Канадага виза олмоқчи бўлган шахс ҳақида маълумотлар;
  • Хорижга чиқиш паспортидан нусха: катталарга ҳам, болаларга ҳам;
  • Паспорт нусхаси;
  • Фото 3,5х4,5 см – 2 дона;
  • Сўнгги 10 йилликдаги саёҳатлар тарихи туширилган паспорт штамплари, визалар;
  • Молиявий ҳолати ҳақида маълумот: расмий иш жойидан ойлиги ҳақида маълумотнома, банк ҳисобрақамидан кўчирма;
  • Ўзбекистонга қайтишни исботловчи ҳужжатлар: ўз бизнесига эгалиги, ўқиш жойи;
  • Канадага келишдан мақсади баён қилинган хат;
  • Иш берувчи, қариндош, дўст, турмуш ўртоқдан таклиф (мазкур муносабатларнинг исботи билан).

Тақдим қилинадиган ҳужжатларнинг барчаси инглиз ва француз тилига ўгирилган бўлиши керак. Анкета босма ҳарфларда тўлдирилади. Таржималарни таржимонлар бюроси тасдиқлайди. Сўровномани тўлдираётганда мигрант Канадада бўлган вақтида сарфлашни режа қилаётган сумма кўрсатилади.

 Қўшимча ҳужжатлар

Ижобий жавоб олиш учун умумий рўйхатга қўшимча 40 минг доллардан кам бўлмаган сайёҳлик суғуртаси, меҳмонхонадан жой банд қилингани ҳақида маълумот, самолётга чипта нусхаси топширилади.

Расмийлаштириш жараёни

Ҳужжатлар топширилганидан кейин визани расмийлаштириш жараёни бошланади ва у камида 15 кун давом этади. Хорижлик фуқарога саволлар туғилган ҳолатда виза беришга 5 кун қолганда суҳбат ташкил қилинади. Агар ҳужжатларни текшириш мобайнида баҳсли саволлар туғилса, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниб, жараён 2 ойгача чўзилиши мумкин.

Зиёдахон Ғуломова,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид