Жамият | 11:44 / 28.12.2023
19815
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Acibadem клиникаси очилади

Мазкур тиббиёт муассасаси дунё бўйлаб кўплаб клиника ва марказлар тармоғига эга халқаро бренд ҳисобланади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жорий йилнинг 25-26 декабр кунлари соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги соҳа масъуллари ҳукумат делегацияси таркибида хизмат сафари билан Туркияда бўлди. 

Ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари ACIBADEM Healthcare Group президенти Меҳмет Али Айдинлар билан учрашди.

«Ушбу нуфузли тиббиёт муассасаси дунё бўйлаб кўплаб клиника ва марказлар тармоғига эга халқаро бренд ҳисобланади.

Хусусан, кардиология, онкология, орган ва тўқималар трансплантацияси, нейрохирургия, робот жарроҳлиги ва спорт тиббиёти каби соғлиқни сақлаш соҳасининг кўплаб йўналишлари интеграциялашган ушбу муассаса таркибида жами 24 та клиника, 16 та тиббиёт марказлари ва бошқа қатор компаниялар фаолият кўрсатмоқда.

Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган мазкур клиникалар ўзининг илғор тажриба марказлари билан алоҳида ажралиб туради. Уларнинг барчаси миллий ва халқаро аккредитациядан ўтган бўлиб, замонавий технология ва тиббиётнинг кўплаб соҳаларида бой тажрибага эга мутахассислар билан таъминланган. 

Ҳар йили дунёнинг турли нуқталаридан минглаб беморлар сифатли ва малакали тиббий хизматларни олиш учун ушбу клиникаларга ташриф буюради.

ACIBADEM Healthcare Group тиббий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳам мамлакатда етакчилардан биридир. Жумладан, унинг негизидаги Acibadem тиббиёт университетида таҳсил олаётган талабалар замонавий ўқув дастурлари асосида малакали педагоглар томонидан ўқитилади. Муассасада талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган илғор симуляцион марказлар ҳам мавжуд», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мулоқот давомида Тошкент шаҳрида Acibadem клиникасини очиш бўйича келишувга эришилган. 

Шунингдек, учрашувда биргаликда кадрларни тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш, тиббий таълим каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид