Ўзбекистон | 23:30 / 25.01.2020
16879
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяга ишлашга кетадиганлар учун ўтказиладиган имтиҳонлар қачон бўлиб ўтади?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жанубий Кореяга биринчи марта ишлашга кетадиганлар учун ўтказиладиган имтиҳонлар қачон ўтказилиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Жанубий Кореяга биринчи марта ишга кетаётганлар учун имтиҳонлар бир йил давомида тахминан икки маротаба, аввал ишлаб келган, яна қайтиб кетиш истагида бўлганлар учун эса уч маротаба ўтказилади. Имтиҳонлар қачон бўлиб ўтиши, яъни санаси Жанубий Кореянинг Инсон ресурларини ривожлантириш департаменти томонидан белгиланади. Шу сабабли имтиҳонлар қачон бўлиб ўтиши олдиндан аниқ бўлмайди. 

Эркин ёллаш тизимига кўра, фуқаро имтиҳондан ўтгач, захирага олинади. Жанубий Кореядаги иш берувчи захирадагилар орасидан мутахассислиги мос келганини танлаб олади. Икки йиллаб захирада туриб ҳеч бир иш берувчи томонидан танланмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Бир йилда неча марта имтиҳон бўлиши захирада турган фуқароларимиз сонидан келиб чиқади. Яъни захирада турган фуқароларимиз кўп бўлса, имтиҳон ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас” дейди у.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Жанубий Кореяда бир йилда ишга юборилиши мумкин бўлган ўзбекистонлик ишчилар квотаси 3200 нафарни ташкил этади. Бир йилда шунча одамга Корея Республикасидан шартнома ва виза тасдиқномаси келади. 

“Одатда Кореяга ишлашга кетиш учун имтиҳондан ўтган ва захирага олинган фуқаролар сони бундан бир неча баробар кўп бўлади. Шунга қараб имтиҳон муддати Корея томонидан белгиланади, Ўзбекистон томони имтиҳон муддатини ҳам олдиндан билмайди. Бизга бир ой олдин имтиҳон бўлиши ҳақида маълумот келади. Бу ҳақда Mehnat.uz сайтида хабар берамиз”, деб таъкидлади Бахтиёр Турсунов.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид