Ўзбекистон | 08:10 / 25.08.2021
22817
1 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади

2021 йил 1 сентябрдан ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади. Бу “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган.

Электрон шаклга ўтказиш орқали қуйидаги ҳужжатларни ҳайдовчилардан талаб этиш тартиби бекор қилинади:

  • автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган);
  • техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;
  • автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид