Жамият | 18:48 / 22.10.2018
146128
7 дақиқада ўқилади

Ўз юртида оғир аҳволда кун кечираётган қашқадарёликларга ким ёрдам беради?

 Дунё синов дунёси. Буни барчамиз эътироф этамиз. Аллоҳ кимнидир тўкин-сочинлик, бойлик неъмати билан сийласа, бошқа бир бандасини қашшоқлик, етар-етмаслик билан синайди. Шу билан, шубҳасиз, ўша қашшоқ инсон атрофидагилар ҳам синалади. Сиз-у биз синаламиз. Кимимиз уларга хайр-саховат қўлимизни чўзсак, эҳтимол яна кимдир уларни қўл учида кўрсатар! 

Навоий ва Қашқадарё вилоятлари бўйлаб хизмат сафаримиз чоғида шу йилнинг ёз ойларида бўлганимиз шундай оилалардан бири – Талимаржон шаҳарчаси “Обод” маҳалласи, Улуғлик кўчаси, 3-, 5-уйларда яшаб келаётган оилалар ҳолидан яна бир бор хабар олдик. Маҳалла раиси Саид ака Рўзиевнинг айтишича, маҳаллада Каримов Даврон ва у билан ён қўшни бўлган қайнотаси Тўраев Қодир хонадони аҳллари ҳақиқатдан ҳам жуда оғир иқтисодий шароитларда яшаб келишади. Бундай оилалар эса, маҳаллада 5та. Рўзиевнинг сўзларига кўра, маҳалланинг ўз фонди бўлганида, балки ушбу оилаларга ўз вақтида ёрдам бериш имкони бўлар эди. 

Youtube'да кўриш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Facebook'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Таъкидлаш ўринлики, Нишон туманининг ўша вақтдаги ҳокими Асрор Жўраев бизнинг аввалги ташрифимизда (2018 йил май ойи бошлари) айни оила шароитини яхшилаш, турмуш ўртоғи ва фарзандини (оиланинг тўнғич фарзанди, отаси каби пайвандчи, аммо Қозоғистонда) ишга жойлаштириш масаласида ёрдам беришга ваъда берган эди. Афсуски, ҳоким сўзлари ваъдалигича қолиб кетибди. 

Қолаверса, Каримов Давроннинг уйи қулаб ҳам тушган. Ҳашар йўли билан қурилаётган уйнинг битишидан ҳали дарак йўқ. Бунинг учун хонадон аҳлида маблағ танқис. Эру-хотин нафақада бўлган Тўраев Қодир аканинг яшаб турган уйи ҳам ана-мана қулаб тушадиган. Зудлик билан чора кўрилмаса, бу йилги қиш мавсуми оғир келса, улар кўчада қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, туманнинг Жума қишлоғида амал-тақал кун кечириб, Баҳриддин исмли укасини (1990 йилда туғилган, 2-гуруҳ ногирони ва ақли бирмунча заиф) ўз қарамоғида боқиб келаётган Чориева Насибанинг ҳам яшаш шароити билан танишдик. Агар буларни шароит дейиш мумкин бўлса? Унинг айтишича, ота-оналари ёшлигида вафот этишган, бир синглиси турмушга чиққан. Ўзи укасига қаровчи кераклиги боис, турмушга чиқишни хаёлига келтира олмайди.

Опа-ука бугунги кунда биттагина хонадан иборат, маҳалладан узоқроқ, даланинг қоқ ўртасида қурилган, вақтинчалик дала шийпонида яшашмоқда. Буни ҳам маҳалла раиси ўртага тушиб, бир фермердан вақтинча олиб берган. Зах, поли йўқ, ёмғир ёғса, шифтидан томчи томадиган уй. 

Биз шундай ҳамюртларимиз ҳам, қанчалик оғир шароитда эканликларига қарамай, нимагадир умид қилиб яшаётганларига ҳавас қиламиз. Эҳ, Ҳазрати Инсон! Уларни шундай аташ жоиздир, балки! Аммо, ўша ҳудудларда ҳам ўзига тўқ, бадавлат оилалар борлиги шубҳасиз. Фақат қалбимни бир савол ўртайди: наҳотки, улар ўз юртдошлари, маҳалладошларининг тақдирига шунчалик бефарқ бўлишса?! Шу билан бирга, уларнинг топгани, чўнтагидаги маблағини ҳисоб-китоб қилишдан йироқман, аммо шундай оилага 2 хоналигина уйни қуриб бериш 4-5 бадавлат инсонларимизга арзимаган нарсага айланади. Қолаверса, садақаи жория охиратга захира бўлади. Жамиятда ўзаро меҳр-муҳаббат уйғонади, кучаяди. 

Нишон туманида бойлар бўлмаса, бошқа вилоятлардаги бойларимиз ҳам шундай хайрли ишларда намуна бўлсалар, камбағал-қашшоқ фуқароларимиз учун давлат қуриб берсин, фикридан узоқлашган ҳолда, ўзларидан ташаббус кўрсатиб, уй-жой қуриб бериш амалиётини жорий қилсалар, олам гулистонга айланмасмиди? 

Биз опа-уканинг умидвор, лекин маъюс кўзларига боқа туриб, маҳалла идорасини излашга тушамиз. 4 йил мобайнида “Нишон” МФЙ раиси бўлиб ишлаб келаётган Туропов Музаффар ака билан учрашганимизда, Чориева Насибанинг моддий аҳволидан хабардор эканини айтар экан, опа-уканинг “Янги ҳаёт” маҳалласида отасидан қолган 6 сотих ери борлигини билдирди. Бироқ у ерга оила раҳбари вафот этиши туфайли уй-жой қуришнинг имкони бўлмаган.

Туропов Музаффар

Маҳалла раисига кўра, Чориева Насиба президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига бир неча бор мурожаат қилганидан сўнг, вилоят ҳокимлигидан келган ишчи гуруҳ унинг аҳволини ўрганган, Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси унга уй-жойини қуриб олиши учун моддий ёрдам сифатида 20 млн сўм маблағ ажратадиган бўлган. Кейинчалик, бу рақам 15 млн сўмга тушган.  

Аммо, биз вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раҳбари Эсон Ражабов билан телефон орқали боғланиб, мазкур масала бўйича мурожаат қилганимизда, Президентнинг ПҚ-3268-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича 25 фуқаро исм-шарифи киритилган кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга лозим топилган бўлса, уй-жой, ёки мавжуд уйлари бўлса, таъмирлаб берилгани, шу мақсадда ҳар бир оила учун 20 ёхуд 15 млн сўм эмас, 10 млн сўмдан моддий маблағ ажратилганини билдирди. 

Бирлашма ихтиёридаги махсус рўйхатда Чориева Насиба исм-шарифи йўқ. Шунга биноан, Ражабовнинг айтишича, маҳалла раиси нотўғри ахборот берган, чунки махсус рўйхатга киритилмаган фуқароларга касаба уюшмаси ёрдам бермайди, балки бу ишни туман ҳокимлиги бажариши лозим бўлади.

Қайд этиш жоизки, мақолани тайёрлаш жараёнида мухбир Нишон тумани ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов билан телефон орқали боғланиб, мазкур муаммо юзасидан фикр алмашди. М.Ҳайитмуродов масалага амалий ёндашишини билдириб, тез орада Чориева Насибани уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳал бўлишини таъкидлади. 

Ўйлаймизки, Нишон туманининг янги тайинланган ҳокими Талимаржон шаҳарчаси, “Обод” маҳалласида яшаб келаётган кам таъминланган оилалар тақдирига ҳам бефарқ бўлмайди. Kun.Uz таҳририяти ушбу оилалар муаммоларининг ечими қандай ҳал этилишини кузатишда давом этади. 

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири,
Муҳаммаджон Ғаниев,
оператор

Мавзуга оид