Жаҳон | 09:02 / 25.11.2024
4181
3 дақиқада ўқилади

Эрон ўз ядро дастури бўйича музокаралар ўтказади

Эрон 29 ноябр куни Франция, Германия ва Буюк Британия билан ядро дастури бўйича музокаралар ўтказади, деб хабар беради ISNA.

Фото: AFP

Эрон 29 ноябр куни Франция, Германия ва Буюк Британия билан ядро дастури бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Эроннинг ISNA давлат агентлиги 24 ноябр, якшанба куни ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмоил Багайга таяниб хабар берди.

Унга кўра, учрашув ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида бўлиб ўтади.

Музокаралар сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси бўлиб ўтган Ню-Йоркдаги аввалги алоқаларнинг давоми бўлади.

«Ню-Йоркда режалаштирилган ушбу музокаралар раундида бир қатор минтақавий ва халқаро муаммолар, жумладан Фаластин ва Ливан, шунингдек, ядровий муаммолар муҳокама қилинади», деди Багай.

Reuters: Эрон Трамп инаугурациясигача боши берк кўчадан чиқиш йўлини топмоқчи

Айни пайтда Япониянинг Kyodo агентлиги учрашув Женевада бўлиб ўтиши ва унда Европанинг учта давлати дипломатларидан ташқари, Европа Иттифоқи вакиллари ҳам иштирок этиши ҳақида хабар берди.

Reuters хабарига кўра, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён бошчилигидаги Эрон расмийлари январ ойида АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп инаугурацияси олдидан ядровий боши берк кўчадан чиқиш йўлини изламоқда.

Эроннинг юқори мартабали расмийси музокараларга тайёргарлик кўрилаётганини тасдиқлади: «Теҳрон ҳар доим ядровий муаммо дипломатик йўл билан ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаган. Эрон ҳеч қачон музокаралардан қайтмаган».

АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бошқарувчилар кенгаши 21 ноябр куни резолюцияни қабул қилди, унга кўра ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси 2025 йил баҳоригача Эрон ядро дастури билан боғлиқ вазият бўйича ҳисобот тайёрлаши керак.

Япониянинг NHK медиа-компанияси ўз веб-сайтида ёзганидек, ҳужжат 2019 ва 2020 йилларда аниқланган декларация қилинмаган объектларда уран излари борлиги каби масалаларни ўрганади. Бундан ташқари, резолюцияда Эрон АЭХА билан ҳамкорлик қилмаётгани учун қораланади ва агентлик Ислом Республикасининг ядровий фаолияти ҳақида кенг қамровли ҳисобот чоп этишга чақирилади.

Резолюция Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШ томонидан тайёрланган. Овоз бериш натижаларига кўра, ҳужжат АЭХА бошқарувчилар кенгашига аъзо 19 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Яна 12 давлат бетараф қолди. Россия, Хитой ва Буркина Фасо резолюцияни рад этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид