Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳоннинг энг чиройли 24 масжиди: Қадимий ислом меъморчилиги ва замонавий дизайн билан безатилган қуббалар
Фото: KUN.UZ
Рамазоннинг сўнгги 10 кунига атаб Bayt Al Fann сайтида бутун жаҳондаги масжидларнинг шифтларига солинган мафтункор нақшлар сурати эълон қилинди.
Bayt Al Fann сайти (Байт-ул фанн арабчадан таржима қилинганда «Санъат уйи» маъносини беради) Исломий анъаналар билан боғлиқ архитектура, санъат, рассомчилик намуналарини ўрганувчи ва тарғиб этувчи, креаторлар учун глобал онлайн уй ҳисобланади.
Сайтнинг ёзишича, бу фотогалереяни тўплашдан мақсад — Рамазон ойининг сўнгги 10 кунида жаҳондаги кўплаб мусулмонлар тунларни масжидларда ибодат билан бедор ўтказишади. Масжидларнинг шифтларига, қуббаси ичига солинган нақшлар ва нақшинкор кошинлар оламнинг буюклигини акс эттиради.
Жоме масжиди. Андижон, Ўзбекистон.
Масжид қурилиши 1883 йилда бошланган ва 7 йил давом этган. Бетакрор ўймакор нақшларга эга ёғоч устунлар геометрик нақшлар ва наботот элементлари қоришмасидан иборат ёрқин безакларга эга шифтни тутиб турибди.
Шайх Лутфуллоҳ масжиди. Нақши Жаҳон майдони, Исфаҳон, Эрон
Масжид қурилиши 1603 йилда бошланган ва 1619 йилда тугатилган. Форс подшоҳи Аббос I даврида бош меъмор Муҳаммадризо Исфаҳоний томонидан қурилган. Қубба интерьерининг қизиқарли деталлари.
Жоме масжиди, Язд, Эрон
XIV асрда қурилган масжиддан ҳанузгача фойдаланилади. Илк марта у Оли Буйа шажарасидан Алоуддин Гаршасп даврида қурилган. 1324 ва 1365 йилларда жиддий тарзда қайта қурилган. Шифти гўёки саҳронинг юрагига элтувчи зинадек қурилган.
Токио масжиди. Токионинг Ояма-тё Сибуя тумани, Япония
Бу Япониядаги энг катта масжид. Илк марта 1938 йилда қурилган масжиднинг ҳозиргиси 2000 йилда тугалланган. У Усмонийлар даври архитектурасидан илҳомланган турк меъмори Ҳилми Сеналп томонидан лойиҳаланган.
Шоҳ масжид, Теҳрон, Эрон
Порслик Фатҳ-Али Шоҳ Қожорнинг буйруғига кўра ўзининг Қожорийлар янги шажараси легитимлиги исботи сифатида бир нечта бино қатори қурилган. Қурилиш 1810 йилда бошланиб, 1825 йилда тугалланган. Шифтдаги деталлар кишини ҳайратлантиради.
Султон Қобуснинг катта масжиди, Масқат, Уммон.
1992 йилда Уммоннинг ўша вақтдаги султони Қобус ибн Саййид Ол Саййид мамлакатда буюк масжид қуришга буйруқ беради ва масжид лойиҳаланиб, қурилиш ишлари 1994 йилда бошланади. Ҳонақоҳдаги қандилнинг баландлиги 14 метрга тенг.
Ал-Асқарий масжиди, Самарра, Салоҳиддин муҳофазаси, Шимолий Ироқ.
У илк марта 994 йилда қурилган ва Бағдод шаҳридан 125 наридаги Самарра шаҳрида жойлашган шиаларнинг масжиди ва мақбарасидир. Бу кошинлар билан безатилган масжид шиаларнинг жаҳондаги энг муҳим ибодатгоҳларидан бири.
Боло Ҳовуз масжиди, Бухоро, Ўзбекистон
1712 йилда Бухородаги Регистон майдонида, Арк қалъаси рўпарасида бунёд этилган. Айвоннинг кириш қисмида 1917 йилда бўялган ёғоч устунлар ўрнатилган. Устунлар рангли нақш (нуқарна)лар билан безатилган.
Жума масжиди, Деҳли, Ҳиндистон.
Бобуршоҳлар императори Шоҳжаҳон томонидан 1650 ва 1656 йиллар оралиғида қурдирилган ва унинг биринчи имом Саййид Абдулғофур Шоҳ Бухорий томонидан очиб берилган. Эски Деҳлида жойлашган масжид Бобуршоҳлар империяси сўнгига қадар — 1857 йилгача подшо оиласига хизмат қилган.
Носир-ул-Мулк, Шероз, Эрон
Қожорийлар династияси бошқаруви чоғида 1976 йилда Мирза Ҳасан Али Носир-ул Мулк буйруғига кўра қурилган. Меъморлари Муҳаммад Ҳасани Меъмор, Муҳаммад Ҳусайни Шерозий ва Муҳаммадризо Кошисози Шерозий бўлган.
Масжидул Набавий, Мадина, Саудия Арабистони
Пайғамбар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан Мадинада Қубо масжидидан кейин қурилган иккинчи масжиддир. Айни пайтда у катталиги бўйича жаҳонда Маккадаги Масжидул-ҳаромдан кейинги ўринда турувчи иккинчи масжиддир.
Вазир Хон масжиди, Лоҳур, Покистон
1641 йилда қурилган масжид Бобуршоҳлар сулоласи даврида яратилган ўзининг бой безаклари, жумладан кошинкори деб аталувчи фаянс плиткалари билан машҳур. Унинг ички қисмлари ҳам Темурийлар даври фрескалари билан безатилган.
Ҳофиз мақбараси, Шероз, Эрон.
Машҳур форс шоири Ҳофиз Шерозийга атаб 1773 йилда қурилган. Очиқ павильонлар Мусалла боғида жойлашган, мавсумий дарёнинг шимолий соҳилида Ҳофизнинг мармар мақбараси жойлашган.
Подшоҳий масжид, Покистон
Бобурийлар императори Аврангзеб томонидан 1671–1673 йиллар оралиғида қурдирилган ушбу масжид 1673 йилдан 1986 йилгача жаҳоннинг энг катта масжиди бўлиб келган. Турли нақшлар ўйилган қизил қумтош ва мармарли қадама нақшлар Темурийлар даври архитектурасининг муҳим намунасидир.
Қул Шариф масжиди, Қозон, Татаристон
Аввал масжид Қозон кремли ичида XVI асрда бунёд этилган. Ўша ерда хизмат қилган диний арбоб Қул Шариф номига аталган. Масжиднинг янгиси 1996–2005 йилларда қурилган.
Арбил қалъаси яқинидаги масжид интерьери, Ироқ.
Қуръон оятлари туширилган турли хил рангдаги шифтга эътибор беринг.
Муҳаммад Али-пошшонинг буюк масжиди, Қоҳира, Миср.
Муҳаммад Али-пошшонинг буюртмасига кўра, 1830–1848 йиллар оралиғида қурилган. Қалъа юқорисида жойлашган усмонийлар масжиди XIX асрнинг биринчи ярмида қурилган энг катта масжид ва Қоҳиранинг энг кўзга ташланиб турувчи масжиди бўлган.
Шайх Зойиднинг катта масжиди, Абу-Забий, Бирлашган Араб Амирликлари.
1994 йилдан 2007 йилга кадар қурилган мамлакатдаги энг катта масжид. Лойиҳа Бирлашган Араб Амирликлари президенти шайх Зойид ибн Султон Ол Наҳаён томонидан таклиф этилган.
Кембриж марказий масжиди, Кембриж, Англия
2019 йилда тугатилган. Европадаги биринчи экомустаҳкам масжид, унинг дизайнида маҳаллий архитектура, исломий мавзулар, саккиз бурчакли айвонни ҳосил қиладиган чирмашувчи устунлар учун ёғочдан фойдаланилган.
Тиллакори масжиди, Самарқанд, Ўзбекистон
Қўшни Шердор мадрасасидан ўн йил ўтиб ишга туширилган (1619–1636). Регистон майдонида қурилган энг сўнгги, энг машҳур ва энг чиройли иншоот. Унинг номланиши тилла билан ишланган деган маънони беради.
Мозори Шариф, Афғонистон
Кўплаб афғонлар бу манзилда Али ибн Абу Толиб кўмилган, деб ҳисоблашади (Мозори шариф — муқаддас қабр дегани). Бу зиёратгоҳ 1136 йилда қурилган, ички шифти эса ранглар уйғунлиги билан ажралиб туради.
Султон Аҳмад масжиди, Истанбул, Туркия
Усмонийлар империясининг тарихий масжиди Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган. Ҳамон ишлаб турган масжид кўплаб сайёҳларни ҳам жалб қилади. У 1609–1616 йиллар оралиғида Аҳмад I ҳукмронлиги остида қурилган.
Имом Ризо ибодатхонаси, Машҳад, Эрон
Имом Ризо мақбараси жаҳонда майдони бўйича энг катта масжид ҳисобланади. У ҳижрий 821 йилда Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси Гавҳаршод Хотун буйруғи билан қурилган.
Путра масжиди, Путражайя, Малайзия.
Қурилиш ишлари 1997 йилда бошланган ва икки йил ўтиб тугалланган. Пуштиранг қуббага эга масжид пушти гранитдан барпо этилган, хонақох, ички ҳовли ва мадрасадан иборат. Масжид 15 минг кишини бағрига сиғдириши мумкин.
Мавзуга оид
22:04 / 29.04.2022
Жаҳоннинг энг гўзал безатилган 24 масжиди нақшлари: мозаика ва майолика кошинлари
11:30 / 28.03.2021
Қатарда меъморчиликнинг айланувчи мўъжизаси – Eco-Floating Hotel
10:53 / 28.02.2021
House 6° – ёрқин меъморчилик минимализми
09:52 / 20.06.2017