Жаҳон | 21:05 / 15.11.2023
38594
16 дақиқада ўқилади

Эмбарго кўланкаси. Араблар 50 йил аввалги каби нефт жўмрагини ёпа оладими?

Фото: Getty Images

50 йил аввал араб давлатлари ва Исроил ўртасида «Қиёмат куни» номини олган уруш бўлиб ўтганди. Ўшанда исроилликлар АҚШ ёрдами билан давлатини сақлаб қолади. Бунга жавобан араблар Ғарбга нефт эмбаргоси эълон қилишади. Оқибатда дунё иқтисодиётининг «оёғи осмондан бўлиб кетади». Бугун яна ярим аср аввалги каби тарих такрорланмоқда: Исроил араб диёрида урушмоқда, АҚШ ёрдамга етиб келди, арабларнинг жаҳли чиққан. Бу гал ҳам воқеалар нефт эмбаргосигача борадими?

Агар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги нефт магнатлари «қора олтин»ни қазиб олиш ва бозорга олиб чиқиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувга эришса, шундоғам Россиянинг Украинага босқини, Ғарб ва Хитой ўртасидаги савдо урушидан силласи қуриган дунё иқтисодиёти янада жиддий инқироз ёқасига келиб қолиши мумкин.

ОПЕК аъзоси бўлган араб давлатлари Россия билан бирга нефтдан Ғарбга қарши қурол сифатида фойдалана оладими? Агар шундай бўлса, Ғарб қандай жавоб беради? BBC экспертлар билан суҳбатлашиб бу саволга жавоб излади.

Эҳтимолий эмбарго ҳақида нима дейишмоқда?

«Яқин Шарқдаги 50 йил аввалги ва ҳозирги инқироз ўхшаш, лекин энди дунё энергетика бозори 1970-йиллардагидан кескин фарқ қилади. У кўз ўнгимизда ўзгаришда давом этмоқда. Дунё бундай воқеаларга 50 йил аввалгидан анча яхши тайёрланган. Инсоният ҳозир нима қилишни, «қаерга қочиш»ни жуда яхши билади», дейди Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол.

Исроил тарафдорлари ва Фаластинни қўллайдиганлар ҳозирча нефт эмбаргоси бўйича тортишмаяпти. 7 ноябр куни Саудиядаги вазирлардан биридан араб давлатлари нефтдан урушни тўхтатиш учун қурол сифатида фойдаланиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида сўрашди. «Биз ҳозир бундай вариантни кўриб чиқмаяпмиз. Саудия Арабистони тинчлик келишувлари орқали сулҳга эришиш тарафдори», деб жавоб қайтарди саудиялик вазир Холид ал Фалиҳ.

Араб эмбаргоси Американинг «бензиничар» машиналарини тарих чиқиндихонасига улоқтирди. 1973 йилга қадар ҳеч ким сузгичли «Кадиллак» қанча бензин сарфлаши ҳақида ўйлаб кўрмаган.

11 ноябр куни Ар-Риёдда уруш бошланганидан буён илк марта Араб давлатлари лигаси йиғилиши ўтказилди ва ҳатто ўша йиғилишда ҳам нефт эмбаргоси ҳақида сўз бормади. Йиғилганлар Исроил ва АҚШ манзилига кўплаб салбий фикрлар билдиришди, лекин баёнотлар амалий ҳаракатга кўчмади: Исроилга қарши энергетик санкциялар ҳақида ҳеч нарса дейилмади. Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаийнинг ҳеч бўлмаса Исроилга нефт етказиб беришни чеклаш бўйича таклифи ҳам қўлланмади.

Исроил дунё бозоридан ҳар куни 300 минг баррел нефт сотиб олади. Хусусан, мусулмон давлатлар Қозоғистон ва Озарбойжондан. ОПЕК мулозимлари ҳам Эрон олий раҳнамосининг сўровига жавобан улар ташкилотдан сиёсий мақсадда фойдаланмаслигини айтишди. Бу борада ОПЕК+ давлатлари позицияси эса ташкилотнинг 26 ноярбдаги йиғилишида маълум бўлади.

Аввалги эмбарго қандай қўлланганди?

Араб давлатлари ва Эрон 1950-йиллардан буён Фаластинда ҳолат кескинлашганда Ғарбга қарши нефт эмбаргоси масаласини муҳокама қилиб келади. Ҳозиргача урушда Исроилни қўллайдиган Ғарб давлатларига қарши икки марта эмбарго қўлланган: биринчиси 1967 йил Олти кунлик уруш даврида. Бу эмбарго унчалик самарали бўлмаган. Иккинчи, яхшигина самарали бўлгани 1973 йилдаги «Қиёмат куни» урушида.

Ғарб ҳам, араб давлатлари ҳам ўша икки эмбаргодан ўз хулосаларини чиқарган ва балки шунинг учун ҳар икки томон эмбарго ҳақида гапирмаяпти. Аммо бошқа томондан 50 йил аввал ҳам Исроил ва АҚШ ҳеч қандай нефт эмбаргоси бўлмаслигига аниқ ишонган, лекин араблар буни уддалаганди.

Аввалига араблар ва Эрон уруш бошланганидан 10 кун ўтиб АҚШ, Нидерландия, Япония каби давлатларга нефт сотишни тўхтатади. Кейинроқ ўз маҳсулотлари учун нархни 70 фоизга оширишади. Араб давлатлари нефт қазиб олишни ҳар ой тушириб бориши оқибатида «қора олтин» нархи 5 баравар кўтарилиб кетади. Ўшанда нефт асосий энергия манбаси бўлгани сабабли дунё иқтисодиёти жиддий инқирозга учрайди. Оқибатда Европа, Япония ва АҚШдаги урушдан кейинги иқтисодий мўъжиза тўхтаб қолади.

Исроил қўшини Мисрдаги Сувайш шаҳри остонасида. 1973 йил 27 октябр. Орқа планда нефтни қайта ишловчи завод ёнмоқда

Америка иқтисодиёти 1973-75 йилларда 6 фоизга қулаб, ишсизлик 9 фоизгача ошиб кетади. Японияда уруш давридан буён илк марта ЯИМ ҳажми тушиб кетади. Аммо энг катта зарарни ўз нефти бўлмаган ривожланаётган давлатлар, хусусан, Ҳиндистон ва Хитой кўради. Ғарб давлатларида иқтисодий ўсиш 1976 йилга келибгина тикланади, лекин уларни инфляция муаммоси узоқ йиллар таъқиб қилади.

Аслини олганда, Ғарбдаги инқироз фақат нефт эмбаргоси сабаб содир бўлмайди, муаммолар икки йил аввал бошланганди. Лекин арабча эмбарго воқеаларни тезлаштириб, ўзига хос катализатор каби тўпланиб қолган муаммоларни глобал инқирозга айлантиради.

Эмбарго бутун дунё иқтисодиётининг «оёғини осмондан қилган» бўлса-да, у атиги 5 ой давом этади. 1974 йил 18 март куни эмбаргони икки сабаб билан бекор қилишади. Биринчидан, араб давлатлари эмбарго сабаб уларнинг нефтига бўлган эҳтиёж пасайишини истамайди. АҚШ ва Европа янги реалликка мослашиб, аста-секин Яқин Шарқдаги нефт манбалари камайишига тайёрлана бошлаганди. ОПЕК давлатлари энергия бозоридаги устунлик ғарб нефт компанияларидан уларга ўтаётганини ҳис қилишади. Уларга баланд нархдаги маҳсулот сотиб яшаш жуда маъқул бўлади. Шу сабаб мижозларни йўқотиб қўйишни исташмайди.

Иккинчидан, эмбаргонинг асосий стратегик мақсади амалга ошмайди – АҚШ ва иттифоқчилари Исроилни қўллашда давом этади. Бундан ташқари, АҚШ нефт эмбаргоси шароитида Исроил, Миср ва Сурия ўртасида воситачи бўлишни истамайди. Эмбарго бекор қилиниши билан минтақада аста-секин номустаҳкам сулҳ ўрнатила бошлайди. Ўшандан буён араб давлатлари Исроилга айтарли ҳужум қилмаганди.

Нега ҳозир эмбарго эҳтимоли кам?

Амстердам, 1973 йил 4 ноябр. Нефт инқирози туфайли ҳукумат ёнилғини тежаш мақсадида «машиналарсиз кун» жорий этган

Дунёда 50 йил аввалги ва ҳозирги сиёсий вазият кескин фарқ қилади. Ғарб ва Яқин Шарқ ўртасидаги нефт уруши эҳтимоли жуда паст. Бунга бир неча сабаблар бор. Хусусан:

Дунё нефтга аввалги каби боғлиқ эмас

Аниқроғи, 1973 йил дунё иқтисодиёти учун ҳозиргидан 3,5 баравар кўп нефт керак бўлган. Бу Халқаро валюта фондининг аниқ маълумотларига асосланган факт. 1973 йил дунёдаги энергиянинг ярми нефтдан олинган, ҳозир эса фақат учдан бир қисми олинади. 50 йил аввалги эмбаргогача барча давлатлар нефтга асосий энергия манбаси деб қараган. Кейин эса газ, кўмир ва атом энергиясига эътибор ошади.

Ғарбнинг ўзи нефт қазиб ола бошлади ва ОПЕК ўрнини босувчилар топилди

Эмбарго энергия ресурсларни фақат битта манбадан, битта минтақадан сотиб олиш ишончли эмаслигини кўрсатди. Европа Шимолий денгизда нефт қазиб олишни ривожлантирди, АҚШ Аляскадан нефт қувури тортди. Ғарб компаниялари Яқин Шарқдан ташқаридаги нефт компанияларига фаол инвестиция кирита бошлади. Эмбарго айниқса америкаликларни шокка туширади. Ахир филмларда АҚШнинг битмас-туганмас нефт борлиги кўрсатиларди-ку?

1974 йилда АҚШ ҳукумати бензин тежалиши учун тезликни соатига 55 милгача пасайтиради

1973 йилда АҚШ нефтни энг кўп импорт қиладиган давлат эди. Ҳозир эса америкаликлар дунёда энг кўп нефт ишлаб чиқаради ва йирик экспортёр ҳисобланади.

Ўшанда ўсиш бор эди, ҳозир эса турғунлик

1967 йилдан 1973 йилгача Япония ва Европа иқтисодиёти урушдан кейинги кескин ўсишни бошидан ўтказаётганди. АҚШда ҳам энергияга бўлган талаб рекорд даражада ошиб бораётганди.

Ҳозир эса нефт ишлаб чиқариш аввалги каби қудратини йўқотган, барча конлар аниқлаб бўлинган. Бозорда маҳсулот фақат Яқин Шарқ нефти ҳисобига ошмоқда. Бу эса ОПЕКдан Ғарбга қарши ричаг сифатида фойдаланиш имконини беради. Ҳозир жаҳон иқтисодиёти жуда суст ўсмоқда. Ўтган йилги ўсиш 2,6 фоизни ташкил этган, бу йил эса ўсиш 1,5 фоиз бўлиши тахмин қилинган.

Ўшанда АҚШда сиёсий инқироз эди, ҳозир бундай эмас

Ҳа, Конгрессда Исроил ва Украинага ёрдам масаласида кўп тортишишмоқда. Ҳа, кейинги йил нима қилишини билиб бўлмайдиган Доналд Трамп ютиши эҳтимоли бўлган президентлик сайлови ўтади. Аммо буларнинг ҳеч бирини АҚШда 1973-74 йилларда содир бўлган воқеалар билан таққослаб бўлмайди.

АҚШ юқори ҳокимияти «Уоттергейт» можаросидан кейин фалажланган, президент Никсон муаммолар гирдобида қолиб охир-оқибат кетишга мажбур бўлганди. Ўшанда араблар, исроилликлар ва Кремл билан амалда давлат котиби Ҳенри Киссенжер мустақил музокара олиб боради.

«Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: Вашингтонда палапартишлик бўлса, дунё анча хавфли бўлади», дейди эксперт Дэниел Ергин.

АҚШ давлат котиби Киссинжер Ар-Риёддаги учрашувда Саудия Арабистони қироли Фейсални эмбаргони бекор қилишга кўндиришга уринмоқда, 1973 йил 14 декабр. У ўшанда буни уддалай олмаганди

Ҳамма биргаликда, ҳамма ўзи учун эмас

Ғарб эмбаргодан кейин ёлғизликда эмас, фақат биргаликда омон қолиш мумкинлигини англайди. Масалан, ўшанда араб давлатлари эмбаргони барча давлатларга қарши жорий қилишмайди: Британия «дўст давлатлар» қаторига киради, аммо ички инқирозга қарамай, ўшанда британияликлар ҳам нефт импортини қисқартиришга рози бўлади.

ОПЕК нефти импортини қисқартираётган Ғарб давлатлари нефт компаниялари маҳсулотни ривожланган давлатлар ўртасида улар арабларнинг чеклови сабаб қийин ҳолатга тушиб қолмайдиган даражада тақсимлашга келишиб олишади. Ўшанда пайдо бўлган инқирозга қарши биргаликда курашиш технологияси Европа давлатларига яқинда ҳам асқатди. Ўтган йили Россия уларни газ орқали шантаж қилмоқчи бўлганида ҳатто Кремл газ беришда давом этган давлатлар ҳам фойдаланишни 15 фоизгача қисқартиришга эришди. Натижада, Европа Украинада уруш бошланганидан буён Россия билан газ урушига учинчи қишга ҳам ишончли тарзда кириб бормоқда.

Маълумот йўқлиги ваҳима келтириб чиқаради

Энергия инқирозига қарши курашишда бир ташкилотнинг ўрни беқиёс. Бу – Халқаро энергетика агентлиги. 1973 йилда дунё нафақат нефт тақчиллигига, балки бундай ҳолатда нима қилишга ҳам тайёр бўлмаган. Иттифоқчилар билан инқирозга қарши курашиш учун ўзи кимга қанча нефт кераклиги ҳақида аниқ маълумот ҳам бўлмаган.

Халқаро энергетика ташкилоти айнан мана шу бўшлиқни тўлдириши керак эди. Тўғри, ташкилот прогнозлар бўйича кўп адашади, лекин ўтган қиш кўрсатдики, умуман прогноз бўлмаганидан хато бўлса ҳам прогноз бўлгани яхши.

Араб эмбаргоси америкаликларни олдин бўлмаган ҳолатларга тўқнаш қилганди - бензин учун навбатда туришга.

Ҳозир иқтисодчилар, сиёсатчилар ва бизнес талаб ва нарх ўртасидаги баланс, улар келажакда қандай ўзгариши бўйича 1973 йилдагидан фарқли ўлароқ аниқ тасаввурга эга.

Дэниел Ерниннинг эслашича, ўшанда ҳеч қандай маълумот каналлари бўлмагани учун ҳамма ваҳимага тушиб қолиб тўғри келган нефтни тўғри келган нархга сотиб олаверган. «Эмбарго бутун дунёдаги истеъмолнинг атиги 9 фоизига, бутун сотилаётган нефтнинг эса 14 фоизига тегишли эди. Аммо унинг оқибатлари бутунлай бошқача бўлганди», дейди эксперт.

Ҳозир эса маълумот билан боғлиқ муаммо йўқ. Кимга қанча нефт керак, қаерда қанча захира борлигини онлайн тарзда кузатиб туриш мумкин. Лекин бу замонавийликнинг бошқа жиҳати ҳам бор. Араблар нефт нархини ошириши учун қазиб олишни камайтириши ёки чеклаши шарт эмас, шунчаки бу ҳақда гапиришининг ўзи биржадаги нархларни сакратиб юборади. Агар араб шайхлари нефт эмбаргосини жиддий муҳокама қилиш билан чекланса ҳам бу нархга, қазиб олиш ва етказиб беришга таъсир қилади.

«Нефт қуроли» нархга тобора камроқ таъсир қилади

Ҳозир 1970-йиллардагига қараганда нефт нархи ошиши камроқ зарар келтиради. Масалан, 1973-74 йилларда нархлар кўтарилгани оқибатида Британиядаги кончилар иш ташлаш қилиб ҳукумат ўзгаришига эришган. Лекин касаба уюшмалари ҳозир у қадар катта кучга эга эмас. Шунингдек, ҳозир инқироз шароитида маошларни нархлар ошишига мутаносиб тарзда кўпайтиришга эришиш деярли имконсиз.

Шу сабаб ҳозир нефт ёки бензин қимматлагани компаниялар харажатларини кескин оширмайди. Давлатлар ҳам маош тўлаш билан боғлиқ муаммога учрамайди. Бу эса инфляцияни 1970-йиллардаги каби тезлаштирмайди. Бундан ташқари, ҳозир марказий банклар пул-кредит масаласида кўпроқ нархларга эътибор беради, аввалги каби бандлик кўрсаткичларига эмас.

Ҳукуматнинг нефтни тежашга чақириқларидан кейин французлар электр радиаторлар харид қилишга чопади.

Саудия Арабистони

Яқин Шарқдаги асосий нефт экспортчиси иштирокисиз ҳар қандай эмбарго самарасиз бўлади. 1973 йилда Саудия Арабистони унчалик хоҳламай бўлса-да, эмбаргога қўшилган. Лекин ҳозир бошқача ҳолат.

«Ўшанда Саудия Исроилга ҳужум қилган Сурия ва Миср билан яқин алоқаларда бўлган. Ҳозир эса улар ҲАМАСни қўллаши ҳақида қандайдир ишора ҳам қилгани йўқ», деб ёзди Техас университети профессори Грегори Гауз Foreign Affairs нашри учун ёзган мақоласида.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони аллақачон нархни ошириш учун Россия билан келишиб ишлаб чиқаришни камайтириб бўлган.

«Саудия нефт қазиб олишни яна камайтиришдан ҳеч нарса ютмайди. Чунки бу уларга ҳеч қандай қўшимча босим қилиш имконини бермайди. Бундан ташқари, нефтни қазиб олишга нафақат АҚШ, балки Хитой ҳам қарши бўлади», деб ёзади Гауз.

Унинг фикрича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон икки йирик держава билан келишмай қолишни истамайди: «У Саудия Арабистони ҳақида сиёсат фойдадан муҳим давлат деб ўйлашларини истамайди. Устига-устак у мамлакат иқтисодиётини трансформация қилиш ҳақида ўйламоқда», дейди профессор.

Ар-Риёд яқинидаги қуёш электр станцияси. Бугунги кунлар

Муқобил энергия манбалари

1973 йилдаги арабча нефт эмбаргоси дунё энергетика соҳасида инқилоб бошлаган учқун бўлганди. Ўшандан кейин дунё нефтни тежашни ва янги энергия ресурсларини излашни бошлади.

«1970-йилларда кўплаб давлатлар ҳаммасини бошидан бошлашга мажбур бўлди. Нефт тақчиллиги энергия тежаш ва атом энергиясига кучли импулс берди. Аммо бунга кўп вақт кетди. Қуёш ва шамол каби қайта тикланувчи энергиялар энди-энди ривожлана бошлаганди. Ҳозир эса қуёш панеллари, шамол электр станциялари ва электр машиналар ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Бизда инқирозларга қарши курашиш бўйича узоқ муддатли режалар бор», дейди Халқаро энергетика ташкилоти раҳбари Фотиҳ Бирол.

Мавзуга оид