Ўзбекистон | 14:26 / 28.05.2021
4996
3 дақиқада ўқилади

Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизими жорий этилади

Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси кўриб чиқилди.

2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.

Шунингдек, стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.

Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгаяди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади. Хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид