Ўзбекистон | 17:13 / 05.12.2024
2570
1 дақиқада ўқилади

Хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби белгиланди

Президент томонидан имзоланган қонун билан хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши кучайтирилади.

Президент томонидан имзоланган қонун билан Жиноят-процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Қонун билан кодекс хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек, ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун, қабул қилиб олишни ҳамда хорижий давлатга беришни назарда тутувчи янги боб билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми белгиланмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун октябр ойида, Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган ва сенаторлар томонидан маъқулланган эди.

Мавзуга оид