Жаҳон | 15:14 / 14.07.2025
8390
5 дақиқада ўқилади

Украинадаги урушда 66 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди – BBC

Улар Россия армиясига ёлланиб, Украинадаги жангларда қатнашгани таъкидланмоқда. Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи Россия колонияларидан урушга кетган маҳбуслардир.

Фото: Sputnik / Евгений Биятов

Британиянинг BBC нашри ва Россиянинг «Медиазона» агентлиги кўнгиллилар жамоаси Украинага кенг кўламли босқин пайтида Россия томонида жанг қилган ва ҳалок бўлган 119 мингга яқин ҳарбийнинг исми-шарифини аниқлади. Улар орасида 28 та давлат вакили, жумладан ўзбекистонликлар ҳам бор.

Қайд қилинишича, улар Россия фуқаролигига эга бўлмаган, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва ўлими очиқ манбалар - ҳукумат ҳисоботлари, ижтимоий тармоқлардаги қариндошларининг постлари ёки қабрдаги фотосуратлари асосида тасдиқланган хорижликлардир. Аслида Украинада Россия томонида жанг қилиб, ҳалок бўлган хорижликликлар сони анча кўп. Исмлар рўйхатини тузишда Украина томони ёки Ғарб разведкаси маълумотларидан фойдаланилмаган.

Маҳбуслардан тортиб кўнгиллиларгача

Чет элликлар орасида ҳалок бўлганлар сони бўйича КХДР етакчилик қилиши эҳтимоли катта. Аммо шимолий кореяликлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди ва расмий Пхенян ўз йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни яширади, шунинг учун ҳозиргача Шимолий Кореянинг бирорта қурбони номи аниқланмаган. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Шимолий Кореянинг 600 нафарга яқин аскари Украинадаги фронтда ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, шахси аниқланган хорижликлар орасида энг кўпи Тожикистондан (72 киши), иккинчи ўринда Ўзбекистон (66 киши) фуқаролари. Уларнинг исми-шарифи мақолада келтирилмаган.

Иккала ҳолатда ҳам ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпи Россия колонияларидан фронтга кетган. Тожикистондан 43 нафар ва Ўзбекистондан 46 нафар маҳбус қамоқ жазосидан қутулишга ҳаракат қилиб, кўпинча «Вагнер» ХҲК билан шартнома имзолаган.

2023 йил январ ойидан бошлаб колониялардан ёллаш ҳуқуқи фақат Россия Мудофаа вазирлигига ўтди ва «вагнерчилар» аста-секин орқага сурилди. Евгений Пригожиннинг муваффақиятсиз исёни, «Вагнер»нинг амалда тарқатиб юборилиши ва кейинчалик, Пригожиннинг авиаҳалокатда қурбон бўлиши ортидан «вагнерчилар»нинг колониялардаги фаолиятига барҳам берилди. 2024 йилда колониялардаги чет элликларни фронтга ёллаш ҳолатлари ҳали ҳам кузатилди, бироқ энди оммавий эмас эди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши Россияда ишлаётган Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларга босим ўтказиш воситасига айланди. Таъкидланишича, улар, масалан, мамлакатга кириш тақиқини бекор қилиш, фуқароликни олишни тезлаштириш ёки депортацияни бекор қилиш ваъдалари эвазига урушда қатнашишга мажбур бўлди. Адвокатлар мигрантлар таҳдид остида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланган кўплаб ҳолатларни қайд этган.

Собиқ совет ҳудудида Украинада ҳалок бўлган гуржистонлик мигрантлар (63 киши) ажралиб туради. Уларнинг деярли барчаси 1991-1993 йилларда амалда Тбилиси назоратидан чиқиб кетган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг аҳолисидир. Кавказ аҳолиси кўпинча урушга кўнгиллилар сифатида борган, баъзилари эса Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланишидан олдин офицер ёки профессионал аскар бўлган.

Узоқ хорижликлар орасида ҳалок бўлганларнинг энг кўпи Непал фуқаролари бўлиб, 70 кишининг исми рўйхатга олинган. Яна 50 нафар непаллик бедарак йўқолганлар рўйхатида. Катманду ҳукумати аллақачон жасадларнинг шахсини аниқлаш учун қариндошларининг ДНК намуналарини Россияга юборган.

Украинага қарши урушда Россия учун жанг қилган арифкаликлар ҳам бор, улар Эфиопия, Замбия, Марказий Африка Республикаси, Танзания ва Того фуқаролари. Кўнгиллилар Рязандаги қабристонда шри-ланкаликларнинг исми ёзилган тўртта тахтача топди. Шри-Ланка ҳукумати маълумотларига кўра, бу мамлакатдан камида 288 нафар истеъфодаги аскар Россия армиясида хизмат қилган, улардан 16 нафари ҳалок бўлган.

Россия учун ўлганлар орасида америкаликлар ҳам бор. Улардан бири Марказий разведка бошқармаси (CIA) директори амалдаги ўринбосарининг ўғли Майкл Глосс. 2023 йил август ойида Майкл Россияга борган ва сентябр ойида шартнома имзолаган. 2024 йил апрел ойида ҳалок бўлган.

Америка разведкаси маълумотларига кўра, Россия армияси сафида «саноқли» америкаликлар бор, аммо Украина томонида жанг қилганлар сони 2-3 мингга етади.

Ўлганлар рўйхатига, шунингдек, Россия қўшинлари таркибида фронтда ҳалок бўлган 54 нафар Украина фуқароси ҳам киритилган. Булар фақат кенг кўламли уруш бошланганда Украина назорати остидаги ҳудудларда рўйхатга олинган одамлардир. Уларнинг аксарияти жазони ўташ колонияларидан урушга жалб қилинган. Россия томонида жанг қилаётган Украинанинг Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожие вилоятлари аҳолиси алоҳида ҳисобга олинган, уларнинг йўқотишлари бу мақолада акс эттирилмаган.

Қурбонлар сони қандай ҳисобланди

Россияда ҳар куни ўлганларнинг исми ва дафн маросимлари фотосуратлари нашр этилади. Кўпинча исмларни Россия вилоятлари раҳбарлари ёки туман маъмуриятлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ўлганлар илгари ўқиган мактаб вакиллари, шунингдек, қариндошлари беради.

BBC, «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси бу маълумотларни ўрганиб, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери тузилаётган рўйхатга қўшмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид