Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Боламни юбормадим, лекин ўзим мактабга бордим» — ўқитувчилар фавқулодда эълон қилинган биринчи дарс куни ҳақида
11 январ куни Ўзбекистондаги кўплаб мактабларда учинчи чорак дарслари бошланди. Фавқулодда бекор қилинган қишки таътил муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ота-оналар билан биргаликда ўқитувчиларда ҳам эътирозларга сабаб бўлди.
Баъзи ҳудудларда 11 январ санасидан ўқиш бошланиши ҳақидаги хабар 10 январ куни ярим кечаси эълон қилинган бўлса, баъзи ҳудудларда бугуннинг ўзида маълум қилинди.
Kun.uz фавқулодда эълон қилинган биринчи дарс куни қандай ўтгани ҳақида ўқитувчилар фикри билан қизиқди.
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани 1-мактаб ўқитувчиси Мадинахон Низомова: «Мактабга 12 дақиқада етиб келардим, қалин қорда юриш қийин бўлиб нақ ярим соатда етиб келдим. Хонамга кирсам, уч нафар ўқувчим келибди, холос».
Ҳилола Мамажонова: «Шармандалик, ота-оналар гуруҳига дарс бўлади, бўлмайди деб хабар ташлайвериб бурдимиз қолмади».

Мавжуда Қобилова: Бизда (Сурхондарё вилояти) дарслар бошланди. Фақат тоғли ҳудуд маҳаллаларидаги мактабларда 18 январдан бошланар экан. Мактабга келгунча йўлда роса қийналдим. 15 дақиқалик йўлни 45 дақиқада босиб ўтибман.
Кўчада мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Итларга таланиб бир жойда 20 дақиқа қолиб ҳам кетдим. Бирор одам кўчага чиқиб қолар деб атрофимдаги уйларнинг дарвозаларига умидвор термилдим. 20 дақиқа деганда бир ҳамкасбим кўринди, у билан мактабга келдим.
Эсдан чиқмайдиган кун бўлди, ўзиям. Энг ёмони, мактабга келсак ўқувчилар деярли йўқ. Биринчи соат 34 нафар ўқувчи ўқийдиган синфда 6 киши бор эди, дарс ўтгандим. Ҳозир 3-соатдаги дарсим бўладиган 10-синфнинг хонасида ҳеч ким йўқ экан».
Баъзи ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, ўқиш бошланиши ҳақидаги хабар жуда кеч эълон қилингани боис бу ҳақда барча ўқувчилар хабар топиб улгурмаган. Шу сабабдан ҳам давомат паст.
Дониёр Турсунов: «Давомат пастлиги сабаби совуқ ҳаво эмас аслида. Аксарият ота-оналар ва ўқувчилар мактаб бошланганидан бехабар. Ҳамма ҳам ижтимоий тармоқларга киравермайди. Ҳозир кўчада ўйнаб юрган болалардан сўрадим, нега мактабга бормадинглар десам, таътил-ку деяпти. Шаҳар мактабида 6-синфда ўқиркан.
Қанча одам кечаси билан менга телефон қилиб, мактаб бошланаркан, лекин мактаб айтмади-ку бизга деб сўраганини ўзим биламан».
Мактаблар совуқлиги сабаб, фарзандини ўқишга жўнатмаган, лекин ўзи дарс ўтиш учун борган ўқитувчилар ҳам бор.
Зиёда Мамажонова: «Мен ҳам 11-синфдаги ўғлимни юбормадим. Аммо ўзим 6 соат дарс ўтиб келдим. Свет борида исишни бошлаган хоналар ўчиши билан совиб қоляпти. Чидаса бўлади, лекин ташқарида қор тўхтамади, совуқ чақиб оляпти. Уйидан келгунча совуқ қотган ўқувчиларга ачиндим».
Кўпчилик ота-оналар фарзандини ўқишга юбормаяпти. Чунки бу совуқда боланинг касал бўлиш эҳтимоли юқори. Ўқувчилар келмаганига қарамай ўқитувчиларга уйга кетишга ҳам рухсат беришмаётгани сабаб, зерикканидан қорда сирпанчиқ учаётган андижонлик ўқитувчилар видеоси тарқалди.

Дарсга ҳеч ким келмаганидан ўзига ўзи салом бериб дарс ўтган ўқитувчилар ҳам бўлди.
Ўқитувчилар учта биринчи синфни бирлаштириб жами бир нафар ўқувчига дарс ўтиш ҳолати ҳам кузатилди.

Мактабларнинг қишга тайёр эмаслиги ва тизимдаги беқарорлик ҳақида жон куйдираётган ўқитувчилар ҳам кам эмас.
Гулчеҳра Ҳаитовна: «Биз мактабларни очиш-очмасликни муҳокама қилиб ўтирганимизда, қайсидир мамлакатдаги ўқувчилар навбатдаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриб, ўз билимларини оширяпти.
Бизнинг мактаблар битта фасл инжиқлигини ҳам кўтаролмайдиган даражада экан. Қиш совуғини худди коронавирус эпидемиясидек қабул қиляпмиз. Қачон тайёр бўлганмиз ўзи? Орадан яна 30 йил ўтса ҳам ҳали тайёр эмасмиз деймизми?
Айрим мамлакатлар 1995 йилда ўз мактабларида ўтказган халқаро тадқиқотларни биз ҳалиям синов тариқасида ўтказиб юрибмиз. Оддийгина иситиш тизимини ҳал этолмасак, қачон халқаро рейтингларда бўй кўрсатамиз?
2050 йилда ҳам мактабларни айланиб радиаторлар иссиқми йўқми деб расмга тушиб юрамизми? Етар энди...»

Дилобар Бердиева: «Таътилдан фойдаланиб қиладиган ишларим режасини тузган эдим. Кеча Тошкент вилоятида ҳам дарслар бошланиши ҳақидаги хабар тизимга ҳам, раҳбариятга ҳам бўлган ишончимни бутунлай йўқотди.
Биринчи хатолари, аввало, таътилни узайтирмаслик керак эди. Чунки психологияда шундай ҳолат бор: бир фикр мияга сингдирилдими, кейинги фикрлар гарчи ҳақиқат бўлса-да, мия қабул қилмайди. Тамом. Аномал совуқ, таътил узайиши, уйдан чиқмай ўтириш кераклиги ҳамманинг миясига жойлашди.
Иккинчи хатолари, кутилмаганда, таътилни бекор қилишди. Бу қарор билан бизнинг ҳукумат бўғинлари орасида якдиллик, халқни ўйлаш, инсонийлик, ақл ва тажриба йўқлиги яққол намоён бўлди. Бу икки хато қарор ўзига яраша ноқулайликларни юзага келтирди.
Соат 22:00 гача ҳеч қайси масъул вазиятга муносабат билдирмади. Ҳолбуки улар ижтимоий тармоқларда халқнинг, ота-онанинг, ўқитувчининг фикрларини ўқиётган эдилар-ку. Наҳотки улар фикрларни эшитишмайди, ўқишмади.
Таътил узайтирилганда ҳам, таътил бекор қилинганда ҳам ўқитувчидан ҳеч ким фикр сўрамади. Директорлар орқали вазият ўрганилиши керак эди. Директорлар ўз имкониятидан келиб чиқиб таклифларини киритиши керак эди. Бизда унақа бўлмайди.
Таътил бекор қилиниши ҳақидаги хабарни синф раҳбарлари ўқувчиларга етказиши жараёни ҳаммасидан қизиқ бўлди. Бечора устоз гуруҳга аввал ҳоким, кейин директор буйруғини ташлайди. Бироздан сўнг, гўё ҳаммасига ўзи айбдордек, секин «эртага мактаб» деб ёзади ва шу билан ота-оналар маломатига қолади. Ота-оналар боламга бирор гап бўлса, жавоб берасизми, деб ўшқиради.
Бугун мактабларда устозларнинг кулгили, мен учун «аянчли» аҳволдаги расм-видеолари тарқалмоқда. Мана сизга ўқитувчининг юксак мақоми. Мана сизга янги йилда олдимизга қўйган вазифалар ижроси.
Вазирлик эса осонгина баёнот берди — Ҳокимдан сўранг. Агар ҳокимдан сўрасак, сиз нега кераксиз?
Ҳаммасини ўз ҳолига қайтаринг. Агар ҳозир қаттиқ туриб ўқитувчини, тизимни ҳимоя қилмасангиз, тизим карвонсарой бўлишда давом этади. Бу шахсий фикрларим. Бироз ҳиссиётга берилгандирман. Лекин бу масалада ўйлаб иш қилмаса, охири яхшилик билан тугамайди».
Шаҳноза Рўзиева, Юнусобод тумани 98-сонли мактаб тарғиботчиси: «Охирги воқеалар таълим тизими қай аҳволда эканини кўрсатиб қўйди. Вазирнинг ёш ва тажрибасиз эканлиги панд берди. Кутилаётган совуқ ҳақида хабар беришганда бунга қарши чора сифатида таътилни узайтирди. Чунки мактабларни иситиб қўйиш, йўлларни муздан тозалаб очиб қўйишни вазирлик ҳал қилолмасди.
Шу жойда мактаб фаолиятига аралашиб келган ҳокимликлар таътилда ҳам ўқитувчи ва ўқувчини йиғиб селфи қилишга ўтди. Ўқитувчи яна вазирликка юзланди. Совуқ сабаб таътил узайса-ю ўқувчиларни мактабга чақиришдан мантиқ қани, деб. Вазирлик ўша куниёқ қарор чиқарди. Совуқда тўгарак ўтказиш тақиқланди.
Бундай кескин жавобни кутмаган ҳокимият мактаб очилишини 11 январдан ўз хоҳишича эълон қила бошлади. Яна ҳамма вазирликка қаради. Вазирлик ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб ўқиш бошланишини белгиласин, деди.
Шу ерга келганда ҳокимлик каловланиб қолди. Чунки бу мажбурият ва жавобгарликни бўйнига олиш дегани. Ҳокимлик вазиятни ўргангунча ярим тун бўлди. Тўғрида, улар қаердан билсин мактаб шароитини.
Ҳозир ярим ўқувчи кун совуқлиги, ярим ўқувчи шунчаки бехабарлиги учун мактабга бормаяпти. Хўш энди нима бўлади? Шундай кулги бўлишда давом этиладими ёки ҳар ким эплаган ишини қилсин деган тўғри қарорга келинадими?
Менинг таклифим шундай. Ўзимизни ҳам, вазирни ҳам кулгига олишни бас қилайлик. Агар ҳокимлик аралашмаганда таътил 18 январгача давом этган ва ҳеч қандай ноқулай вазият юзага келмаган бўларди. Таълим ҳақидаги қарорни шу соҳага масъул, дарс нима, жадвал нима, кундалик ком нималигини биладиган инсонлар қабул қилсин.
Ҳокимлик эса қуруқ сиёсат кўрсатиш, тўгарак фаолияти назорат қилиш, ўқитувчини ярим кечагача ушлаб туриш билан эмас, мактабларни иситиш, ўқиш учун қулай шарт-шароит яратиб бериш билан шуғуллансин».
Республиканинг мингдан ортиқ ўқитувчиларини бир жойга тўплаган «Маърифат муштарийлари» телеграм каналида эълон қилинган хабарга кўра, дарслар бошланганига қарамай, Kundalik.com ҳали ишга тушмади.
«Қайси туман ҳокими ва ХТБ масъуллари дарс деб эълон қилишган бўлса келган мавзусидан ўқитувчилар дарсини ўтишади. Бироқ токи расмий кўрсатма келмагунча кундаликка баҳо ҳам қўйишмайди, дарс ўтилди ҳам бажарилмайди. 3-чорак даври расмий кўрсатма бўйича 18 январдан бошланиб 18 мартда якунланади», дейилади эълонда.
