Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафтасига 48 соат ва ундан кўп ишлаш ҳақиқатдан ҳам самара келтирадими?
Вазирлар Маҳкамаси даражасида давлат ташкилотларида Меҳнат кодексининг иш вақти ва дам олиш вақтларига риоя қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Бундан аввалроқ, давлат раҳбари ҳам бевосита иш вақти тартибига риоя қилиш масаласида кўп бора тўхталган эди. Лекин, Kun.uz таҳририятига келиб тушаётган мурожаатларда ҳам иш вақти тартибига риоя қилинмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Шу муносабат билан, Kun.uz мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Меҳнат муҳофазаси давлат инспектори Нозима Сулаймоновага савол билан мурожаат қилди.
- Ходимлар айрим ҳолатларда иш вақтидан ортиқча ишлашига ҳам тўғри келиб қолади. Ўз истаги билан қолиш бу бошқа масаладир, аммо кўп ҳолларда шундай шароитлар қилинадики, ходим қолишга мажбур бўлади. Топшириқлар кетма-кет берилади. Вазифаларни ҳам бажариши лозим бўлади, натижада босим остида қолади. Шундай ҳолатлар меҳнат хавфсизлигига соҳасига кирадими?
- Меҳнат кодексида белгиланганки, ҳар бир ходим ҳафтасига 40 соатдан ошмасдан ишлаши керак. Аммо, минг афсус, кўп ташкилотларда ҳафтасига 48 соатдан ҳам ортиб кетмоқда. Бу нимага олиб келади? Агар, ходимлар ҳафтасига 48 соатдан ортиқ ишласа, уларнинг организми стрессларга, турли жараёнларга бардошлилигини йўқотади. Нима учун 40 соат белгиланган. Чунки, ходим 40 соат ишлаб, 2 кун дам олганида, унинг организми кейинги ҳафта учун дам олиб, тайёргарлик кўради.
Афсуски, бизлар буни унутиб қўйганмиз. Ҳозирги кунда, давлат ташкилотлари, хусусий корхоналарда ҳафтасига 48 соат ва ундан кўп вақт ишлаётганлар ҳам бор. Бу борада ҳам чоралар кўришга, тушунтиришлар олиб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Иш берувчилардан бир илтимосимиз борки, корхонасининг унумдорлигини оширишни хоҳласа, иқтисодий ривожини оширмоқчи бўлса, ходимларга дам олишни тўғри ташкиллаштириб бериш керак. Бу Меҳнат кодексининг ҳам талаби. Кодексда ишчи-ходимларнинг ишлаш тартиби ва дам олиш вақтини белгилаш иш берувчининг мажбуриятига киради.
Хўш, ишчиларнинг ҳафтасига 48 соатдан кўп ишлаши нима олиб келади?
Ходимлар организми чарчайди, мия фаолияти сусаяди, иш жараёнида хатоликлар кўпаяди, ходим бориб-бориб депрессияга тушади ва бу инсульт-инфарктга олиб келади. Эътибор берсангиз, ёшлар орасида ҳам шу хасталикка дуч келганлар кўп.
Мен ўйлайманки, кодексда иш соати ҳафтасига 40 соат белгиланиши бежизга эмас.
Мавзуга оид
15:35 / 02.05.2023
Ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади
21:12 / 30.03.2023
Давлат идораларида қисқартириш билан боғлиқ ишдан бўшатишлар вақтинча тўхтатилди
17:05 / 10.02.2023
Ўзбекистонга чет элдан ишчи олиб келиб ишлатиш осонлашади
10:53 / 08.07.2022