Ўзбекистон | 12:15 / 13.12.2025
3930
9 дақиқада ўқилади

“Сунъий қуёшдан тоза энергия олмоқчимиз” – Хитойдаги “Илм ороли”да ишлаётган ўзбек тадқиқотчиси

Асрорбек Эралиев ҳозирда Хитой Фан ва технологиялар университетида ядро технологиялари бўйича докторант. У аъзо бўлган илмий жамият яқинда плазма торчни 168 соатдан ортиқ узлуксиз, турғун ҳолатда ишлатиб, дунё рекордини ўрнатди. Йил бошида эса “Сунъий қуёш” деб номланган токамакни ўта юқори ҳароратда 1066 сония фаол ҳаракатлантириб, яна бир тарихий ютуқни қайд этди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у рекордларни янгилаётган тажрибалардаги иштироки, “Илм ороли”га қандай қабул қилингани, Хитойдаги таълим, плазма муҳандислиги ҳақида гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Асрорбек илмий фаолиятини 2017 йил Андижон машинасозлик институтида бошлаган. Автоматика муҳандислиги бўйича бакалавриат, мехатроника ва сунъий интеллектга йўналтирилган магистратура таълими унинг илмий изланишларини янада чуқурлаштирган. Магистратура даврида Италиянинг Турин политехника университетида стажировкалар ва илмий тадқиқотлар олиб борган, шу билан бирга Ўзбекистоннинг “Эл-юрт умиди” ва Италиянинг EDISU Piemonte грантларини қўлга киритган.

Хитой Фан ва технологиялар университетида докторант бўлиши эса CAS-ANSO грантини ютиши билан амалга ошган. Ушбу грант дунё бўйлаб минглаб номзодлар орасидан энг юқори илмий салоҳиятга эга талабаларни танлаб олади.

“Хитойда ўқишим бошланганидан кейинги энг катта ютуқ “Илм ороли” (Science island)га қабул қилинганим бўлди. Бу жойга тўғридан тўғри кириш имкони йўқ. Кучли танлов: тестлар, сўнг интервю босқичи бўлади. Илм ороли – Хитойдаги стратегик илмий марказлардан бири. У ерга саралаб олинадиган талабалар сони чекланган (масалан, йиллик 200 магистратура + 300 докторантура ўрни): фақат юқори академик даража, аниқ илмий мотивация, тадқиқот режалари ва юқори потенциалга эга номзодлар қабул қилинади. Мен билан интервю бўлаётган жараёнда комиссия таркибида “Илм ороли”нинг бир дивизияси директори профессор Пенг ҳам ўтирган эди. Ўша ерда илмий таклифимни тақдим этдим, улар батафсил савол-жавоб қилишди. Шундан сўнг профессор менга ўз жамоасига қўшилиш таклифини берди ва шу орқали “Илм ороли”да тадқиқотлар олиб бориш имкониятини қўлга киритдим”¸– дейди Асрорбек.

Хитой фанлар академияси тизимидаги “Илм ороли” ядро физикаси, плазма физикаси, биология, материалшунослик, сунъий интеллект каби соҳаларда тадқиқот олиб бориладиган йирик илмий ҳудуддир. Бу ерга тўғридан-тўғри кириб бўлмайди. Одатда, хорижлик талабалар CAS–ANSO Scholarship (Alliance of International Science Organizations) орқали танловдан ўтади. Саралов жараёни анча кучли бўлиб, бир неча босқичдан иборат: аввал онлайн ариза, сўнг ҳужжатлар текшируви, кейин тегишли институт томонидан интервю ёки имтиҳон бўлади. Интервюлар илмий раҳбарлар, лаборатория бошлиқлари ва профессорлар иштирокида ўтади.

“Ариза топшираётган номзод бир нечта асосий мезонларга жавоб бериши керак: у Хитой фуқароси бўлмаслиги, инглиз ёки хитой тилида эркин фикрлай олиши, университет томонидан қўйилган академик талабларни бажарган бўлиши лозим. Магистратура учун одатда 1996 йил 1 январдан кейин туғилган бўлиш шарти қўйилади, PhD учун эса 1991 йилдан сўнг туғилган бўлиши талаб қилинади. Талаба бир вақтнинг ўзида UCAS (Хитой Фанлар академияси университети) ва USTC (Хитой Фан ва технология университети)га ариза бера олмайди: биттасини танлаши керак. Шу билан бирга, бошқа давлат стипендиясида ўқиётганлар ёки Хитойда аллақачон магистратура/PhD босқичида бўлганлар CAS–ANSO орқали қайта ўқишга қабул қилинмайди”, – дейди ёш тадқиқотчи.

Ариза беришда талаба паспорт нусхаси, диплом ва транскриптлар, тавсияномалар, илмий таклиф (research proposal), тил билиш сертификатлари ва танлаган факултет талаб қиладиган қўшимча ҳужжатларни юклайди. Ҳужжатлар текширилгач, номзод профессорлар билан илмий суҳбатга таклиф қилинади. Интервюда илмий лойиҳани тушунтириш, тажрибалар ҳақида саволлар, мотивация, келажак режалари ва мавзуга оид фундаментал билимлар текширилади.

“CAS–ANSO грантини қўлга киритганлар учун ўқиш бепул бўлади, яшаш ва бошқа харажатлар учун ойлик стипендия ажратилади. Талаба CAS марказида тўлиқ вақтли тадқиқот олиб бориши, илмий раҳбар кўрсатмаларини бажариши, йил якунида баҳолашдан ўтиши, диссертация ёзиши мажбурий ҳисобланади. Йиллик баҳолашдан ўтолмаса, грант тўхтатилиши мумкин”, – дейди Асрорбек.

Тадқиқотчи ҳозир “Илм-фан ороли”нинг стратегик марказларидан бири Плазма физикаси институтида фаолият юритади. Бу жой Хитойнинг энг ёпиқ ва муҳим илмий ҳудудларидан бири бўлиб, унда 2000 дан ортиқ олим ишлайди, аммо хорижлик тадқиқотчилар жуда кам: ўн нафардан ҳам ошмайди. Оролнинг энг асосий қурилмаси сифатида танилган EAST (experimental advanced superconducting tokamak) яъни тажриба-синов учун мўлжалланган илғор суперўтказувчи токомак қурилмаси шу ерда жойлашган. Сунъий қуёш лойиҳаси айнан мана шу токамак асосида барпо этилган бўлиб, инсониятга чексиз, тоза ва хавфсиз энергия яратиш ғоясига қаратилган.

“Токамак магнит майдон ичида ултраюқори ҳароратда плазмани ушлаб турувчи мураккаб тизим ва у қуёшдаги жараённи ер шароитида қайта яратишга хизмат қилади. Қуёш энергиясининг сири термоядро синтези, оддийроқ тушунтирганда, енгил ядроларнинг бирлашиши натижасида улкан энергия ҳосил бўлиши ҳисобланади “Илм ороли”даги жамоа шу жараённи бошқариладиган лаборатория шароитида амалга ошириш устида ишламоқда. Анъанавий атом электростанциялари эса бутунлай бошқа механизмга асосланади: бу ерда оғир ядролар бўлинади, натижада энергия ажралади. Аммо бўлиниш жараёнида хавфли радиоактив чиқиндилар пайдо бўлади ва уларнинг яшаш муддати жуда узоқ, экологик хавфи катта. Бундан ташқари, реакция занжирли бўлгани учун назоратдан чиқиб кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Токамакда эса жараён тескари: ядро бирлашиши юз беради. Жараёнда радиоактив чиқинди ҳосил бўлмайди, хавфсизлик даражаси эса жуда юқори: исталган вақтда реакция тўхтатилиши мумкин. Шунингдек, термоядро синтези анъанавий атом электростанцияларига нисбатан бир неча баравар кўпроқ энергия бериш имкониятига эга”, – дейди у.

Тадқиқотчининг бу йўналишга кириб келиш мотивацияси шахсий тажрибалар билан боғлиқ. У қишлоқда улғайган, энергия тақчиллиги эса мазкур ҳудудларда энг кўп сезиладиган муаммо ҳисобланади.

“Электр таъминотидаги узилишлар, энергия танқислиги фақатгина турмуш тарзимиз эмас, ишлаб чиқариш ва иқтисодиётга ҳам катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун энергияга доир ечим топишни ҳамма учун бирдек фойда келтирадиган вазифа деб ҳисоблаганман. Кейинчалик энергетика келажаги айнан ядро технологияларига боғлиқлигини англаб, шу соҳада чуқур изланишга киришдим”, – дейди Асрорбек.

Бугун у “Илм-фан ороли”даги халқаро жамоа таркибида сунъий қуёш энергетикаси бўйича энг йирик тажрибалардан бирида иштирок этмоқда. Асрорбек аъзо бўлган илмий жамоа яқинда плазма торчини 168 соатдан ортиқ узлуксиз ва турғун ҳолатда ишлатиб, дунё рекордини ўрнатди. Йил бошида эса улар “Сунъий қуёш” деб номланган токамакни 100 миллион °C дан юқори ҳароратда 1066 сония давомида фаол ишлатди, бу тарихда қайд қилинган энг узоқ давом этган барқарор плазма тажрибасидир.

Интервю давомида Асрорбек сунъий қуёш лойиҳасининг техник мураккабликлари, плазма барқарорлигини сақлаш бўйича қилинаётган ишлар, ўзи олиб бораётган илмий изланишлар, жамоасининг глобал энергетика муаммоларини ҳал этишдаги ҳиссаси, шунингдек, ёш олим сифатида чет элда илмий фаолият юритишнинг масъулияти ва имкониятлари, грантлар, Хитой университетларидаги ўқув тизими ҳақида гапириб берди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Муаллиф Диёрахон Набижонова
Оператор Абдуқодир Тўлқинов
Монтаж устаси Шоҳрузбек Абдурайимов

Мавзуга оид