Жаҳон | 11:51 / 06.09.2025
4940
5 дақиқада ўқилади

AZAL атрофидаги баҳс: Россия суғурта тўловлари амалга оширилаётганини айтди. Озарбойжон бу даъволарни «чалғитувчи» деб атади

Россия ташқи ишлар вазирлиги «Озарбойжон ҳаво йўллари» самолётининг Актаудаги ҳалокати бўйича 12 миллион доллардан ортиқ суғурта тўловлари амалга оширилганини билдирди. Озарбойжон эса Москванинг даъволарини чалғитувчи деб атади: «Суғурта компанияси AZAL ва унинг йўловчиларига амалга оширган тўловлар билан, самолётни уриб туширгани учун Россия ҳукуматидан талаб қилинаётган компенсацияси мутлақо турлича масалалар ҳисобланади».

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

4 сентябрь куни Россия ташқи ишлар вазирлиги «Озарбойжон ҳаво йўллари»нинг йўловчи самолётининг ҳалокати билан боғлиқ суғурта тўловлари амалга оширилмагани бўйича тарқатилаётган маълумотларни фожиадан фойдаланишга уриниш ва «ёлғон» деб атади.

Россия ТИВга кўра, суғурта компанияси 2025 йил февралдан бошлаб самолёт ҳалокати билан боғлиқ суғурта тўловларини амалга оширмоқда.

«Россиянинг «АльфаСтрахование» АЖ суғурта компанияси 2025 йил февраль ойидан бошлаб «Озарбойжон ҳаво йўллари» (Боку—Грозний рейси) самолёти ҳалокати билан боғлиқ суғурта тўловларини амалга оширмоқда. Озарбойжон авиакомпаниясига самолёт учун тўлиқ суғурта қиймати — 1,003 миллиард рубль (12,3 миллион доллардан ортиқ) миқдорида товон пули тўлаб берилган.

Йўловчиларнинг жароҳатланиши ва 62 кишидан 46 нафарининг ҳалок бўлиши билан боғлиқ даъволар тўлиқ тартибга солинган. Жумладан, 15 нафар Россия фуқаросидан 7 нафари, 38 нафар Озарбойжон фуқаросидан 35 нафари, барча 3 нафар Қирғизистон фуқароси ва 6 нафар Қозоғистон фуқаросидан 1 нафари бўйича тўловлар тўлиқ амалга оширилган. Бугунги кунга келиб, самолёт йўловчилари ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига жами 358,4 миллион рубль (тақрибан 4,5 миллион доллар) миқдорида суғурта тўловлари амалга оширилди», дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Шунингдек, баёнотда «зарар кўрганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошлари билан компенсация суммаларини келишиш ишлари» тўлиқ тартибга солиш мақсадида давом эттирилаётгани айтилган.

Шунингдек, расмий Москва қатор ОАВ ва блогерларни «жамоатчиликни бу нозик масалада чалғитишга уриниш»да айблаган.

Озарбойжон расмийлари Москванинг даъволарини чалғитувчи деб атади. «Россия ТИВ томонидан эълон қилинган баёнот нафақат ҳайратланарли, балки жамоатчиликни чалғитувчи тусга эга», деди Озарбойжон ТИВ матбуот котиби Айхан Ҳожизода.

Унинг сўзларига кўра, Россияда рўйхатдан ўтган суғурта компанияси томонидан AZAL ва унинг йўловчиларига амалга оширилган тўловлар билан Озарбойжоннинг самолётни уриб туширгани учун Россия ҳукуматидан талаб қилаётган компенсацияси мутлақо турлича масалалар ҳисобланади.

Ҳожизоданинг таъкидлашича, компания томонидан кўрсатилган суғурта тўловлари охирги олти ой давомида амалга оширилган.

«Умуман олганда, бу тўловлар AZAL’нинг самолёт ва йўловчиларини суғурталаш бўйича шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар асосида амалга оширилди. Тўловларни Россия суғурта компанияси амалга оширгани борасида шуни таъкидлаш керакки, самолётларни суғурталаш одатда халқаро суғурта компаниялари орқали амалга оширилади. Аммо халқаро суғурта компаниялари Россия ҳудудида фаолият юритмагани сабабли, AZAL самолёти Россия компанияси орқали суғурталанган эди. Шу боис суғурта тўловларини Озарбойжоннинг Россия ҳукуматидан талаб қилаётган компенсацияси билан тенглаштиришга уринишлар ноўрин», деган Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси.

AZAL авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган Embraer E190 самолёти 2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида ҳалокатга учради. Самолёт Украина дронларининг Кавказ ҳудудларига ҳужуми пайтида Каспий денгизи орқали Қозоғистонга парвоз қилганидан кейин қулаб тушди. Ҳалокат оқибатида 38 киши қурбон бўлди, 29 киши омон қолди.

Фото: REUTERS

Озарбойжон ҳукумати норасмий равишда самолёт Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширилганини таъкидлаб келмоқда. Россия томони тергов якунига етмагани боис хулосага шошилмаслик кераклигини айтмоқда. Тергов натижалари 2025 йил охиригача эълон қилиниши қайд этилган.

Azerbaijan Airlines самолётининг қулаши ва Россиянинг содир бўлган воқеа учун айбини тан олмаслиги Москва ва Боку ўртасида дипломатик жанжал ва совуқликка олиб келган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид