Ўзбекистон | 11:53 / 01.11.2021
21222
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кескин пасаяди

Фото: KUN.UZ

Бугун республиканинг барча ҳудудларида қуруқ, шамолсиз ва нисбатан илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво 15-17 даража илиққача кўтарилади. Қулай об-ҳаво мамлакат аҳолисини ҳафта ўртасигача қувонтиради.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, пайшанба куни Ўзбекистон бўйича об-ҳаво кескин ўзгаради. Мамлакатга Урал ҳудудларидан совуқ ва бироз нам антициклон кириб келади. 

4 ноябрда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз куни 4 ноябрда ҳаво ҳарорати 3-8 даража илиққача пасаяди, бу - ой боши учун бўлган меъёрий қийматлардан 12-15 даражага паст.

5 ноябрда совуқ антициклон мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ёғингарчилик фақат айрим тоғли ҳудудларда сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 3-5 даража совуққача, шимолда 7-10 даража совуққача пасаяди, кундуз куни ҳарорат 3-8 даража илиқдан ошмайди.

Антициклон фронти кириб келишида, баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид