Россия ёки АҚШ: Ўзбекистон ким билан ҳамкорлик қилгани маъқул?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15-17 май кунлари АҚШга амалга оширган расмий ташрифи арафасида Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакатимизга нисбатан уйдирма хабарлар тарқатилди. Аммо... ота-боболаримиздан қолган бир гап бор: ён қўшнинг – жон қўшнинг. Келинг, объектив ва қисқа тарзда ҳамда имкон даражасида икки давлат, Россия ва АҚШни солиштириб чиқсак. Хўш, Ўзбекистонга ким билан алоқа қилиш маъқул?
Иқтисодиёт
Америка Қўшма Штатлари иқтисодиёти охирги 100 йил ичида жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Ҳозирги вақтда 2-ўринда. Тўғри, давлат қарзи муаммоси ҳам бор, аммо диверсификация, яъни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларнинг хилма-хиллиги жуда ривожланган. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳар қандай имконият яратилган. Талаб эса қуйидагича: қаттиқ меҳнат ва креатив фикрлаш қобилияти. Жаҳон иқтисодий ташкилотлар маълумотига кўра, 2016 йил давомида АҚШ 3,5 трлн долларлик экспорт ва 4,88 трлн долларлик импорт қилди. Худди шу йили АҚШ ялпи ички маҳсулоти 18,6 трлн долларни ташкил этди, жон бошига эса 57,5 минг долларни. АҚШнинг энг яқин иқтисодий ҳамкорлари Канада, Мексика, Хитой, Буюк Британия ва Германия ҳисобланади.
Жаҳон молиявий рейтинг рўйхатида 15-ўринни эгаллаган Россияга сўнгги санкциялар ниҳоятда салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, мана сўнгги янгиликдан бири: жаҳонга машҳур Morgan Stanley банки Россия ялпи ички маҳсулоти ўсиши жорий йилда 2,3 фоиздан 1,8 фоизга тушишини маълум қилди. 2016 йилда Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулоти 1,28 трлн долларни, аҳоли жон бошига эса 23,2 минг долларни ташкил этди. 2016 йилда Россия 719 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, импорт кўрсаткичи 458 млрд долларни ташкил этди. Россия бизнес соҳасида асосан Хитой, Германия, Беларусь ва Туркия билан ҳамкорлик қилади.
Юқоридаги рақамлар шуни кўрсатиб турибдики, Россиянинг ялпи ички маҳсулоти АҚШникидан сал кам 14 баробар кам. Савдо айланмаси кўрсаткичлари ҳам нисбатан паст даражада. Шу ўринда Bureau of Economic Analysis and International Monetary Fund ташкилоти келтирган баъзи фактларни ёзиб ўтсак. Маълумотларга кўра, биргина Калифорния штатининг ялпи ички маҳсулоти Францияники билан тенгдир, яъни 2,4 трлн доллар. Нью-Йорк шаҳри ялпи ички маҳсулоти эса Канаданикига тенг бўлиб, 1,4 трлн долларни ташкил этади.
Кенгайтирилган ҳамкорлик
Россия билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган давлатлар рўйхати Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Беларусь билан чегараланади. Боз устига ушбу давлатларнинг ҳам Россияга «кўзи учиб тургани» йўқ. Туркманистонда охирги рус мактаби тугатилгани ва Қозоғистонда аста-секинлик билан лотин алифбосига асосланган ёзув жорий этилиши бунга ёрқин мисол бўлади. Ҳозирда Украина МДҲдан чиқиб кетиш ниятида.
Ўзбекистон АҚШ билан дўстона, ишончли ва тизимли ҳамкорлик ўрнатиши нимани билдиради? Бу бутун Европа ва бошқа ривожланган давлатларга эшик очилишини англатади. Бизнинг дипломат ва тадбиркорларимиз АҚШ вакиллари билан доимий равишда алоқада бўлиб туришса, АҚШ ҳам бизни бошқа давлатларга тавсия этишни бошлайди ва ушбу давлатлар билан ҳамкорлик янада кучаяди. Булар - Буюк Британия, Франция, Испания, Германия, Финляндия, Швеция, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия ва бошқалар.
Шу ўринда миграция масаласига ҳам тўхталиб ўтсак. Бу соҳада АҚШ Россияга бас кела олмайди. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги вақтда Россия ҳудудида 2 миллиондан ортиқ ўзбек фуқаролари ишлайди. Умуман олганда, АҚШ аҳолиси асосан мигрантлардан ташкил топган бўлсада, ўзбекларга доир аниқ бир статистика топилмади. Бундан ташқари, ўзбек фуқаролари АҚШга қонуний йўл билан фақатгина Гринкарт орқали кетишлари мумкин. Америкага виза олиш қийин масала. Россияда эса ўзбеклар рўйхатдан ўтса бас, ҳеч қандай виза керак эмас.
Халқаро ташкилотлар
АҚШ ташаббуси ёки ҳамкорлиги билан тузилган ташкилотларни эслар эканмиз, хаёлимизга Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки, Африка Ривожланиш Банки, Халқаро Валюта Фонди ва бошқа ўнлаб молия ташкилотлари келади. БМТ ҳамда унинг қошидаги ташкилотлар ҳақида гапирар эканмиз, шуни унутмаслик лозимки, АҚШ ушбу халқаро ташкилотнинг энг асосий донори ҳисобланади. Масалан, АҚШ охирги вақтларда БМТнинг 22 фоизлик бюджетини шакллантирмоқда.
Россиянинг халқаро молия ташкилотлари ҳақида гапирар эканмиз, табиий савол туғилади. Улар ўзи борми? Тўғри, «Газпром», «Русал» ва шу каби йирик корпорациялар мавжуд, аммо улар асосан давлат монополиясидаги ташкилотлар ҳисобланиб, халқаро молия ташкилотлари қаторига кирмайди. Расмий маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг БМТ бюджетида 3 фоиз улуши бор. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти хақида гапирар эканмиз, битта нарсани унутмайлик, бу ташкилотда энг катта ролни Хитой ўйнайди.
Сиёсат
Кўпчилик Россияни мақтайди. Майли, бу уларнинг иши. Аммо Россия ўзига жуда яқин бўлган Украинадан Қримни «тортиб олиши» жуда ачинарли ҳолат бўлди. Боз устига, Украинанинг икки вилоятида ҳали ҳам фуқаролар уруши давом этмоқда. Қримни «тортиб олиш» - ортдан пичоқ уриш билан баробар иш бўлди. Сиёсат ҳақида гапирар эканмиз, албатта коррупцияни ҳам инобатга олиш лозим. Жаҳонга машҳур бўлган «Transparency International» ташкилоти маълумотига кўра, Россия коррупция рўйхатида 29 индекс билан 135-ўринни эгаллайди.
АҚШ шу пайтгача ўз яқинларига орқасидан «пичоқ урмаган». Тўғри, Сурия, Ироқ ва бошқа давлатларда уруш бўлмоқда, аммо АҚШ ҳеч қачон Буюк Британия, Франция ёки Австралиядан тегишли ҳудудни тортиб олмайди. Ҳеч қачон уларнинг ортидан иш қилмайди. Талаб этилса, бир стол устида барча муаммоларни бартараф этади. Коррупция масаласида АҚШ юқоридаги рўйхатда 75 индекс билан 16-ўринни эгаллаган.
Яқиндагина ушбу масала ҳақида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятининг Улуғнор туманида гапирди.
«Хуллас, бир нарсани тушунинг: нима учун бизга АҚШ сармояси, технологияси керак? Чунки, ундай технология ва ишланмалар ҳали Ўзбекистонга кирмаган. Энг ривожланган, кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди, лекин АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция, ўғирлик бўлмайди. Бу бир мезон, тарозининг палласи бўлади. Шунинг учун улар осонлик билан биронта давлатга сармоясини киритмайди», -деди президент.
Бизнес
АҚШ, унинг ортидан Европа бизга бозор «эшик»ларини очса, ишонаверинг, бизнес тараққий этиб кетади. Тадбиркорларимиз АҚШ ва Европага миллион-миллион долларлик экспорт қилишлари мумкин. Бунга битта нарса керак: АҚШ билан тизимли, дўстона ва ишончли ҳамкорлик. Шунга қарамасдан, расмий маълумотларга кўра, ҳозиги ҳолат қониқарли эмас. 2016 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айрибошлаш 453 млн долларни ташкил этди. Бу Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг атиги 2 фоизни ташкил этди. 2016 йил давомида америкаликларнинг компаниялари Ўзбекистонга 600 млн долларлик инвестиция киритди. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 160дан ортиқ АҚШ компаниялари фаолият юритмоқда. 2017 йилда эса товар айрибошлаш кўрсаткичи тушди ва 210 млн долларни ташкил этди.
Россия билан бизнес ҳамкорлик ҳақида гапирсак, 2017 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 3,6 млрд долларни ташкил этди. Маълумотларга кўра, 2017 йилда россиялик ишбилармонлар юртимизга 1,6 млрд долларлик инвестиция киритишди. Умуман олганда, Россия Федерациясининг савдо рейтингида Ўзбекистон 4-ўринни эгалайди. Боз устига АҚШдан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда тез-тез Россия ярмаркалари ташкил этилади. Шунингдек, охирги вақтларда вилоят ҳокимларнинг Россияга ташрифи ҳамда Россия губернаторларининг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Энди атрофингизга бир боқинг. Компьютердаги Windows, кўпчилик ишлатадиган iPhone, дўстларимиз билан расмларни улашадиган Facebook, ҳамда ёзнинг иссиқ кунларида ичиладиган Coca-Cola ва Pepsi. Барчаси АҚШ бренди.
Бу ерда эса объектив назар ташланг. Россия Федерацияси ўзининг ягона бренди ва жаҳонга машҳур бўлган Telegram’ни ҳам сиғдира олмади. Россияда ижтимоий мессенжер расмий равишда тақиқланди, блокланди ва йўқ қилинди.
Таълим
Россия ва АҚШда таълим олаётган бир неча талабалардан ижтимоий тармоқ орқали суҳбат олдик. Умумлаштирилган хулосалар қуйидагича:
Маълумот беришларича, Россияда ўқиш яхши, аммо қийинчиликлар кўп. Молиявий масала жуда қийнаб қўйган. Ҳамма нарса қиммат, нархлар осмонда. Стипендия деган нарса йўқ, контракт тўлови ҳам қиммат. Ишлашга шароит умуман мавжуд эмас. Бир томондан талаба қўрқув остида яшайди. Прописка иллати ўша ерда ҳам бор. Тез-тез текшириб туришади. Яқин орада талабалар Ўзбекистонга қайтиб келиш ниятида.
Америка Қўшма Штаталари университетлари ҳаттоки самолёт чиптасигача тўлаб берган. Ётоқхоналар жуда чиройли. Китоблар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўқитувчилар ва маҳаллий аҳоли жуда хушмуомала. Шумтакалик ёки қонунбузарлик қилмасангиз, полициянинг сиз билан иши ҳам йўқ. Стипендия бир ойга етади.
Буюк Британиянинг Times Higher Education нашриёти ҳар йили «The World University Rankings» рейтинг ҳисоботини тайёрлайди. Ҳар йили ушбу рейтингда дунёдаги 200та энг етакчи ва профессионал олий ўқув юртлари кўрсатилади. Масалан, биринчи ўнталикдаги 6та ўринни АҚШ университетлари эгаллаган. Бунга Калифорния технология институти, Стэнфорд университети, Массачусетс технология институти ва Гарвард университетлари мисол бўлиши мумкин. Ушбу факт ҳам АҚШда таълим ривожланганидан дарак беради. Россия Федерациясининг Ломоносов номидаги Москва давлат университети 200та олий ўқув юртлар орасида 194-ўрин билан кифояланган.
ОАВ
Бир куни Фарғона водийсидаги бир қишлоққа бордик. Ўтиришда гап сиёсат, яъни Россия ва Украина муносабатлари ҳақида кетди. Ишонинг, ўтирган 3-4 киши Россия ва Путин учун ўз жонини бериб юборишига тайёр эканлигига амин бўлдик. Шундай тасаввур уйғондики, бу шахслар ўз Президентимиз ва Ватанимизни ҳам бунчалик севишмаса керак.
«Э, ўша Американгни. Душманлар. Нима қилди улар? Ҳаммани ўлдириб ётибди. Ироқни босиб олди. Мана бизда ҳам революция қилмоқчи эди. Яхшиям бизнинг бахтимизга Путин бор экан. Агар у бўлмаганида, бизни аллақачон янчиб ташлашарди», - деди бир акахонимиз.
Ўзбекистонда президент, ҳукумат, армия, кўп миллатли аҳоли бўла туриб, Путинга раҳмат экан-да?
Ортиқча тортишмадик. Биринчидан, барчалари уйларида кеча-ю кундуз Россия телеканалларини томоша қилишади. Иккинчидан, баъзиларининг фарзандлари Россиядан пул жўнатиб туришар экан. Ҳаммаси тушунарли.
Хулоса
Хулосани ўзингиз қилинг. Бу ерда фақат баъзи фактлар қисқа ҳолда келтирилди. Ота-боболаримизнинг бир гапи бор. «Ёмонга яқинлашсанг, балоси юқар, қозонга яқинлашсанг – қораси». Умид қиламизки, бизнинг ташқи сиёсат доимо яхшига яқинлашади.
Улуғбек Акбаров
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024