Спорт | 17:06 / 24.10.2022
26887
14 дақиқада ўқилади

Дембеле тўрт голда қатнашди, «Барса» яна икки футболчисидан айрилди. Кун ўйинлари якунлари

Европа футболида якшанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Англия: «Арсенал» очко йўқотиши ва Ллориснинг қора куни

Саутҳемптон – Арсенал 1:1
Голлар: 0:1 – 11 Жака, 1:1 – 65 Армстронг.
Саутҳемптон – Базуну, Войнович, Чалета-Цар, Салису, Перро, Эльюнусси, Армстронг (Эдози, 80), Уорд-Проуз, Диалло, Арибо (Адамс, 73), Армстронг (Уолкотт, 73).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Тирни, 72), Габриэл, Салиба, Томиясу, Джака, Парти, Эдегор (Фабиу Виейра, 83), Сака, Габриэл Жезус, Мартинелли (Нкетиа, 71).

«Арсенал» ортидан «Манчестер Сити» таъқиб қилиб келаётганини сезмаётгандек. «Канонирлар» шунчаки майдонга чиқишади ва натижа кўрсатишади. Ҳа, улар буни чиройли ҳам қилишади, Сака товони билан пас беради, тўпни ундан қабул қилиб олган Уайт идеал кросс амалга оширади, Чака дарвоза томон қайтариб бўлмас зарба йўллайди. Аввалги ўйинларда жамоа ҳисобни очиб олгач, ўйинни ғалабага қадар олиб бораётганди, аммо якшанба куни лондонликлар жуда кўп вазиятларини кўкка совуришди.

«Авлиёлар» эса умидсиз ҳолатда кўринмади ва қарши ҳужумларда вазият пойлашди. Габриэл Жезус навбатдаги қулай имкониятдан фойдалана олмаганида, Элюнусси аъло даражада кесиб ўтувчи пас узатиб, Стюарт Армстронг ҳисобни тенглаштирувчи голни уришини таъминлади. Ўйин характери ўзгарди, жамоалар ўйини нисбатан тенглашди. Микел Артета навбатдаги ғалабага эриша олмади, энди «Сити» билан орадаги фарқ — атиги икки очко.

Тоттенҳэм – Ньюкасл 1:2
Голлар: 0:1 – 31 Уилсон, 0:2 – 40 Альмирон, 1:2 – 54 Кейн.
Тоттенҳэм – Льорис, Эмерсон, Дайер, Лангле (Дэвис, 81), Санчес (Доэрти, 81), Сессеньон (Перишич, 61), Бентанкур, Биссума, Скипп (Лукас Моура, 66), Сон Ҳён Мин, Кейн.
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Шер, Ботман, Берн, Бруно Гимараэс (Шелви, 89), Лонгстафф, Уиллок (Мерфи, 75), Альмирон, Уилсон (Вуд, 88), Жоэлинтон.
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (31), Сессеньон (59), Скипп (66), Уилсон (68), Поуп (84), Эмерсон (90).

Якшанба куни «Тоттенҳэм» дарвозабони Уго Ллорис учун қора кунга айланди. Аввалига у ҳимоячилар ўрнини эгаллашга уриниб, жарима майдони ташқарисига югуриб чиқди ва Уилсон билан тўқнашувдан кейин газонга йиқилди, «Ньюкасл» форварди эса бўш қолган дарвозани аниқ нишонга олди. «Шпорлар»нинг норозилиги ва VAR аралашуви ёрдам бермади: арбитр майдон марказини кўрсатди. Кўп ўтмай Ллорис тўпни шерикларига етказиб беришда хатоликка йўл қўйди ва тўпни эгаллаб олган Альмирон жарима майдонига ёриб кирганида сирғаниб кетиб, ўткир бурчакдан йўлланган зарбани ўтказиб юборди.

Антонио Конте жамоаси ўйин давомида кўплаб вазиятларга эга бўлган бўлса-да — фақат Кейннинг бир голи билан жавоб қила олди. Ҳарри чемпионатдаги голлари сонини ўнтага етказди, бунинг учун унга 12 ўйин етарли бўлди. У айни вақтда фаолиятидаги энг самарали стартини ўтказмоқда — аммо Ҳоланднинг кўрсаткичлари фонида бу у қадар юқори натижа бўлиб кўринмаяпти. «Қарғалар» эса турнир жадвалида тўртинчи ўринга кўтарилди ва учинчи ўринда бораётган «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартирди.

Испания: Дембеленинг бенефиси

Барселона – Атлетик 4:0
Голлар: 1:0 – 12 Дембеле, 2:0 – 18 Серджи Роберто, 3:0 – 22 Левандовски, 4:0 – 73 Ферран Торрес.
Барселона – тер Стеген, Серджи Роберто, Кунде (Алонсо, 63), Эрик Гарсия, Бальде, Бускетс, де Йонг, Педри (Ферран Торрес, 63), Гави (Кессиэ, 34), Левандовски (Фати, 63), Дембеле (Торре, 77).
Атлетик – Унаи Симон, Де Маркос (Лекуэ, 60), Мартинес, Йерай Альварес, Берчиче, Эррера (Дани Гарсия, 21; Сансет, 60), Весга, Саррага (Венседор, 70), Уильямс (Рауль Гарсия, 70), Беренгер, Уильямс.
Огоҳлантиришлар: Де Маркос (16), Хави (28), Бускетс (71), Эрик Гарсия (78), Весга (89).

«Барселона» сўнгги ҳафтада класикодаги мағлубиятни ювиш учун барча ишни қилди. Пайшанба куни кўк-анорранглилар лиганинг энг кам гол  ўтказган жамоаси «Вильярреал»га учта гол урганди, бу сафар эса ўйиннинг 22-дақиқасига келиб «Атлетик» мудофааси янчиб ташланди. Шу туфайли спорт нуқтайи назаридан барчаси жуда тез ҳал бўлди, басклар учун шу оқшом Дембеле ҳақиқий даҳшатга айланди — француз яримҳимоячиси ўз ҳисобига ассистентлик ҳет-тригини ёзиб қўйди. Усмон ўйинда ҳисобни очганида Левандовски билан рол алмашиб олганди. Поляк узатиб берди — Дембеле боши билан дарвозани аниқ нишонга олди.

Аммо «Камп Ноу»даги бу ўйин Гавининг жароҳат олиши билан ҳам ёдда олди. Ёш яримҳимоячи катта тезликда Дани Гарсия билан тўқнашди - рақиб тиззаси унинг чов қисмига келиб урилди. Яримҳимоячини маълум вақт давомида ўзига келтиришди, у ҳатто ўрнидан туриб ўйинни давом эттирмоқчи ҳам бўлди, аммо мураббий уни алмаштирди - у кўзда ёш билан майдонни тарк этди.

Иккинчи бўлимда яна бир жароҳат Хавининг дилини хуфтон қилди, эндигина яхши формага кириб бораётган Сержи Роберто ҳам тиббиёт машинасида, кўзида ёш билан олиб чиқиб кетилди. Шундай экан, якшанба куни каталонлар пойтахти ғалабани ўзи истагандек нишонлай олмади. Олдинда эса жамоани янада қийин кунлар кутмоқда — жамоа Чемпионлар лигаси плей-оффига чиқа олмаслиги деярли ойдинлашган.

Бетис – Атлетико 1:2
Голлар: 0:1 – 54 Гризманн, 0:2 – 71 Гризманн, 1:2 – 84 Фекир.
Бетис – Руй Силва, Сабали (Руибаль, 76), Песселья, Луис Фелипе (Руис, 20), Морено, Гуардадо (Фекир, 75), Вильям Карвалью, Родригес, Родри (Хоакин, 65), Иглесиас, Луис Энрике (Хуан Крус, 65).
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Хименес, Рейнилду, Сауль (де Пауль, 86), Кондогбиа, Витцель, Корреа (Жоау Феликс, 76), Гризманн (Карраско, 76), Мората (Матеус Кунья, 59).

«Атлетико» биринчи бўлимда ҳеч нарса кўрсата олмади, иккинчи бўлим бошланганида эса рақиб ҳудудида жарима зарбаси ижро этилганидан кейин қарши ҳужумда гол ўтказиб юборди. Аммо мадридликлар бахтига вазиятга VAR аралашиб, Борхи Иглесиас офсайдда бўлгани қайд этилди. Лекин бу вазият жамоани уйғотди ва Гризманн бурчак зарбасидан гол урди. Аввалига гол Саул номига ёзилганди, аммо у ҳам, дарвоза чизиғи устида ўнғайсиз ҳолатда туриб қолган ҳимоячи ҳам тўпга тега олмагани маълум бўлди — тўп бурчак нуқтасидан тўғридан тўғри дарвоза тўрига кирганди.

Гризманн ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмаслик учун ҳужумларда фаолликни давом эттирди ва рақиб жарима майдонида шериклари билан девор услубида ҳаракатланиб, тўпни Руй Силванинг оёқлари орасидан ўтказиб, иккинчи голни урди. Аммо икки гол устунлиги ҳам ҳали ғалаба дегани эмасди. Аввалига Фекир жарима зарбасидан гол уриб, ҳисобни қисқартирди, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эса Алекс Морено жуда қулай вазиятга эга бўлди, аммо гол уролмади.

Якунда «Бетис» жорий чемпионатда «Бенито Вильямарин» стадионида илк бор очко йўқотди, Диего Симеоне эса тўртинчи ўрин учун Мануэл Пеллегринига қарши кечган курашда устун келди.

Италия: Хвича Моуриньога қарши

Аталанта – Лацио 0:2
Голлар:
0:1 – 10 Дзакканьи, 0:2 – 52 Фелипе Андерсон.
Аталанта – Спортьелло, Соппи (Мэле, 64), Демирал, Околи (Гимшити, 46), Скальвини, Хатебур, де Рон (Эдерсон, 75), Пашалич (Малиновский, 46), Копмейнерс, Лукман (Сапата, 71), Муриэль.
Лацио – Проведель, Романьоли, Казале, Марушич, Весино, Катальди (Башич, 70), Милинкович-Савич, Ладзари (Хюсай, 77), Фелипе Андерсон, Дзакканьи, Педро (Канчельери, 84).
Огоҳлантиришлар: Околи (12), Соппи (45), Муриэль (59), Катальди (70), Милинкович-Савич (88).
Четлатиш: Муриэль (90).

Пешқадамлик пойгасида биринчи қадамни яна «Аталанта» ташлади ва тезда таъқиб қилувчи жамоа ҳолатига тушди. Жароҳат олган Иммобиле сафда йўқлигида «Лацио»да бошқа қаҳрамонлар топилди ва Дзакканьи Педронинг узатмасини голга айлантирди. Бергамоликларнинг ҳужумдаги ишлари юришмади. Джан Пьеро Гасперинининг норозилиги нафақат юзида, балки қарорларида ҳам акс этди. Малиновский ва Жимсити биринчи бўлим тугамасданоқ фаол машғулотларга киришди. Аммо иккинчи бўлим старти ҳам римликлар сценарийси бўйича кечди, Фелипе Андерсон эса бразилча техника қандай бўлишини намойиш этиб берди. У жойида турган ҳолда финт ишлатиб, ҳимоячини доғда қолдирди ва тўпни бурчакка йўналтирди.

«Лацио» «Аталанта»ни қувиб ўтиб, учинчи ўринга кўтарилди. Бунда ҳеч қандай тасодифийлик йўқ — «бургутлар» олти ўйиндан иборат «қуруқ» серияни давом эттирди, бунақаси жамоада 1998 йилдан буён кузатилмаган. Шундай экан, Маурицио Сарри Свен-Йоран Эрикссон графиги бўйича кетмоқда.

Рома – Наполи 0:1
Гол: 0:1 –
80 Осимхен.
Рома – Руй Патрисиу, Карсдорп (Винья, 82), Смоллинг, Манчини (Эль-Шаарави, 82), Рожер, Спинаццола (Элдор Шомуродов, 85), Кристанте, Пеллегрини, Камара (Матич, 82), Дзаньоло, Абраҳам (Белотти, 64).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Ким Мин Чжэ, Оливера, Лоботка, Зелиньски (Гаэтано, 75), Ндомбеле (Элмаз, 57), Лосано (Политано, 75), Осимхен, Кварацхелия.
Огоҳлантиришлар: Смоллинг (22), Лосано (45), Ндомбеле (47), Кристанте (51), Рожер (74), Оливера (78), Лоботка (79).

Ўйин арафасида Жозе Моуриньодан Кварацхелияни қандай тўхтатиши ҳақида сўрашганида, ҳазиллашиб шундай деганди: «У техник зона атрофидан ўтаётганида, унинг оёғидан чалишим мумкин». У шунингдек, «Наполи» албатта фаворит экани, аммо фаворитлар ҳам баъзида ютқазиб туришини айтиб ўтганди.

Хвича Римдаги ўйинда ҳам фаол бўлди ва фойдали ўйнади. Аммо тан олиш керакки, у олдинги ўйинлардаги каби ёрқин порлай олмади, уни зарарсизлантириш режаси иш берди. Кварацхелия ҳимоячилардан бирини алдаб ўтиши билан иккинчи футболчи йўлни тўсарди. Лекин ҳимоячилар фақат бир футболчи ҳақида ўйлашганида, бошқасига эркинлик берилади. Осимхеннинг биринчи уриниши нишондан бироз хато кетган бўлса, иккинчи уринишда нигериялик футболчи ғалаба голини урди. Гол ўтказиб юборилгач, Моуриньо футболчиларни алмаштиришга киришди, Винья, Эл-Шаъровий, Матич ва Элдор Шомуродов майдонда пайдо бўлишди, аммо мағлубиятдан қутулиб қолишнинг имкони бўлмади. Ўйиндан кейин Моуриньо «Наполи»ни ҳақли бўлмаган ғалаба билан табриклашини айтиб, тенгкучли алмаштиришлар қила олмаганини қўшимча қилди.

«Рома» турнир жадвалида ЕЧЛ квартетидан тушиб қолди, «Наполи» эса «Милан»дан уч очкога ўзиб кетган ҳолда биринчи ўринда.

Германия: етакчи аутсайдерга ютқазди

Бохум – Унион 2:1
Голлар: 1:0 – 43 Ҳофманн, 2:0 – 71 Ҳолтманн, 2:1 – 90 Пантович.
Бохум – Риманн, Гамбоа (Эрманн, 87), Ордец, Машович, Данило Соарес, Лосилла, Штегер, Ферстер (Стафилидис, 79), Осеи-Туту (Ҳолтманн, 64), Ҳофманн (Ганвула, 65), Антви-Аджей (Остерҳаге, 79).
Унион – Реннов, Триммель (Скарке, 71), Кнохе, Йеккел, Диогу Лейте, Гиссельманн (Рюэрсон, 62), Хедира, Ҳаберер (Пантович, 20), Шафер, Беккер (Левелинг, 62), Сьебатшо (Беренс, 62).

Сенсацион равишда турнир жадвалида етакчилик қилаётган «Унион» сўнгги бор 1 октябр куни гол ўтказиб юборганди. Берлинликлар жамоаси барча турнирлар ҳисобга олинганда қаторасига беш ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Лекин бу ўйиннинг биринчи бўлими якунида бундеслиганинг сўнгги ўриндаги жамоаси бурчак зарбасидан кейин Ҳоффман ижросида бош билан урилган голдан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Аммо, воқеаларнинг кейинги ривожи аутсайдер жамоа муваффақияти тасодиф эмаслигини кўрсатди. Турнир жадвали пешқадами ҳеч нарса таклиф эта олмади ва «Боҳум» қарши ҳужумда иккинчи голни урди.

«Унион»да мағлубиятдан қутулиб қолиш учун вақт етарли эди, аммо бунинг учун ҳеч бўлмаса пенальтидан бўлса ҳам гол уриш керак эди. Аммо Пантович зарбани ижро этишда хатога йўл қўйди, унинг қўшиб берилган дақиқаларда урган голи эса натижани ўзгартира олмади. Меҳмонлар бу фиаскодан кейин турнир жадвалида илгарилаб кетиш имкониятини йўққа чиқарди ва «Бавария» ўзи учун одатий бўлган биринчи ўринга янада яқинлашди.

Кун статистикаси

  • Топ-5 лигада ютқазмаган 3 жамоа қолди: «Реал», «ПСЖ» ва «Наполи»
  • Стивен Жеррард ўрнига келган Аарон Данкс «Астон Вилла» тарихида дебют ўйинида 4 гол фарқи билан ғалабага эришган илк мураббийга айланди. Жамоа ҳеч қачон янги бош мураббий бошқарувида АПЛ ўйинида дастлабки 14-дақиқа ичида уч гол урмаганди.
  • Кейн АПЛда қаторасига 9 мавсумда 10+ гол урди. Бунгача фақат Агуэро, Руни ва Лемпард уддалаганди.
  • Тер Стеген Ла Лигада дастлабки 11 ўйиннинг 9 тасида тўп ўтказмади. Бу — турнир рекорди.
  • Левандовски бу мавсумда «Барса» сафида 15 ўйинда 21 очко (17+4) тўплади.
  • Гризманнинг «Атлетико»даги голлари сони 147 тага етди. Олдинда Эскудеро (169) ва Арагонес (172).
  • «Лацио» ҳимоячиси Романьоли А Серияда 250-ўйинини ўтказди.
Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид