Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Меҳмонхонадаги принтердан Трамп ва Путин учрашуви режасини топишди. Саммит дастур бўйича кечмаган
Фото: Getty Images
15 август куни Россия ва Америка президентлари учрашувидан кейин Владимир Путин шарафига тушлик режалаштирилганди. Бу АҚШ Давлат департаменти протокол хизматининг Анкориж шаҳри меҳмонхоналаридан бирида унутиб қолдирилган ҳужжатлари орқали маълум бўлди.
Америка Миллий жамоат радиоси (NPR) томонидан ўрганиб чиқилган ҳужжатларда протокол хизмати ходимларининг исмлари ва телефон рақамлари, делегацияларни жойлаштириш режалари ва ҳатто русча фамилияларни қандай талаффуз қилиш бўйича кўрсатмалар мавжуд – POO-tihn, Laav-rof, Oo-sha-kov ва ҳоказо. Оқ уй ҳозирча бу маълумотларга изоҳ бермади.
Учрашув бўлиб ўтган ҳарбий база яқинидаги Captain Cook меҳмонхонасининг шахси ошкор этилмаган мижозлари принтерда чиқарилган саккиз саҳифани топиб олиб, NPR’га тақдим этган. Қоғозлар жума куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 9 атрофида, яъни президентлар Анкорижга келишидан тахминан икки соат олдин топилган.
Ҳужжатлар икки президентнинг учрашувига қанчалик шошмашошарлик билан тайёргарлик кўрилгани ҳамда унинг формати бир неча бор ўзгарганини яна бир бор кўрсатади. Уларда аввалига «иккига икки» форматидаги учрашув кўзда тутилган режа акс этган: Россия президенти Владимир Путин ва унинг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг махсус вакили Стив Уиткофф билан музокаралар олиб бориши керак эди.
Учрашувдан бироз олдин президентлар таржимонларни ҳисобга олмаганда, аввал юзма-юз суҳбатлашиши маълум қилинди. Якунда эса учрашувда ҳар икки томондан уч нафардан расмий иштирок этди: Путин ва Ушаковга Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Трамп ва Уиткоффга эса давлат котиби Марко Рубио қўшилди.
Протоколга кўра, шундан сўнг, «Россия Федерацияси президенти Владимир Путин жаноби олийлари шарафига» тушлик бўлиши керак эди. Зиёфатда ҳар икки томондан олти нафардан делегат қатнашиши керак бўлган.
Ланч камтарона бўлиши кўзда тутилганди – менюда биринчи таом учун винегретли зираворли яшил салат ва розмарин-лимон сариёғли нон; қалампир соуси ёки палтус билан филе-минондан тайёрланган асосий таомни танлаш. Гарнир сифатида сариёғ ёки сарсабил қўшилган картошка пюреси таклиф қилинган. Десертга – музқаймоқли крем-брюле.
Ҳужжатлардан маълум бўлишича, Трамп Путинга АҚШ рамзи бўлган оқ бошли бургут тасвирланган ҳайкалча совға қилиши керак эди.
Охир-оқибат тушлик бўлмади, аммо Оқ уйнинг Путин шарафига тушлик қилиш режаси (ҳатто камтарона бўлса ҳам) Америкадаги мухолифатни, Украинадаги ва бутун Европадаги сиёсатчиларни ранжитгани тайин, улар америкалик аскарлар Россия президенти самолёти олдида тиззалаганча гилам тўшаётгани акс этган кадрларни ҳам оғриқли қабул қилишганди.
Танқидчилар бунда машъум рамзийликни кўришди: Ғарбда эркин дунё етакчиси деб аталадиган Америка президенти уруш жиноятлари бўйича Халқаро жиноий суд томонидан қидирувга берилган автократни фахрий меҳмон сифатида кутиб олди.
Аммо халқаро символизм ва учрашувга тайёргарлик тартибсиз кечганига оид далиллардан ташқари, маълумотлар сизиб чиқиши ҳам Трамп маъмуриятида ахборот хавфсизлигига муносабат масаласини кўтаради.
Ўз мақоласида NPR жорий йил мартида АҚШ вице-президенти, мудофаа вазири ҳамда бошқа юқори мартабали мулозимлар Яман бўйлаб авиазарбалар режаси муҳокама қилинган махфий чатга журналистлардан бирини тасодифан қўшиб қўйишганини эслатган.
Мавзуга оид
22:32 / 28.12.2025
БМТнинг вазифасини АҚШ бажармоқда – Трамп
17:00 / 28.12.2025
Путин яна ҳарбий формада йиғилиш ўтказди. Лавров Европани «тинчлик йўлидаги асосий ғов» деб атади
14:06 / 27.12.2025
ОАВ: АҚШ ишчилар синфи орасида Трамп рейтинги рекорд даражада тушиб кетди
13:22 / 27.12.2025