Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Жадидчилик фақат маърифий эмас, сиёсий ҳаракат ҳам эди” — Файзулла Хўжаевнинг жияни Темур Хўжа
Темур Хўжа жадидларнинг совет ҳукуматидан мустақил, демократик бир жумҳурият тузиш ниятида бўлгани ҳақида гапираркан, бугун Марказий Осиё давлатлари ҳам демократик давлат барпо қилиш йўлида жадидчилик ҳаракатига эргашиши кераклигини таъкидлади.
6-7 март кунлари Тошкентдаги Турон кутубхонасида “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.
Конференцияда АҚШ, Туркия, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон, Швеция ва Германия каби мамлакатларнинг нуфузли жадидшунос олимлари турли маърузалари билан иштирок этяпти.
Kun.uz мухбири Бухоро халқ шўро жумҳуриятини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаевнинг жияни, турколог олим Темур Хўжа билан жадидчилик ҳаракатининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.
— Конференция давомидаги чиқишингизда бир пайтлар ташкил этилган Бухоро халқ шўро жумҳуриятига совет сўзини қўшиб ишлатмаслик кераклиги ҳақида гапирдингиз. Мумкин бўлса, шу фикрларингизни кенгроқ тушунтириб берсангиз.
Темур Хўжа:
— 1920 йилда Бухоро амири Кобулга қочиб кетгач, жадидчилар 1 сентябрда Бухоро халқ шўролар жумҳурияти деган давлат тузди. Унинг байроғига қарасангиз, араб ҳарфлари билан «БХШЖ» (بخشج), яъни Бухоро халқ шўролар жумҳурияти деб ёзилган. Бу ерда «совет», «республика» деган сўзлар йўқ, «шўро» дегани арабчада мажлис дегани ва «совет» сўзи билан бир хил. Аммо муҳими шундаки, у сўзлар ишлатилмаган бу ерда. Бухоро давлати конституциясининг 3-моддасида шундай дейилади: «Бухоро халқ шўролар жумҳурияти ўз чегаралари ичида мустақил давлат ҳисобланади».
Бухоро халқ шўролар жумҳурияти тузилганда, уни 5 та давлат тан олди. Биринчиси Россия социалистик совет республикаси, кейин Эрон, Афғонистон, Анқара ҳукумати (Туркия тузилгани йўқ эди), Англия давлатлари бўлган. Бу беш давлатга Бухоро халқ шўролар жумҳурияти элчи юборган. Туркияга элчи борганда, Отатурк мустақиллик учун курашаётган эди. Элчилар Анқара ҳукуматига Амир Темурдан қолган 3 та қилич беради: бирини Мустафо Камол Отатуркка, иккинчисини унинг ёрдамчиси Исмат пошшога, учинчисини эса Измирни греклардан олган биринчи турк қўмондонига беринглар, дейишган. Ва у қилич Измирда Туркия байроғини ўрнатган Шерафиттин юзбошига берилган. Амир Темур даврига тегишли Қуръони Карим ҳам юборилган, у ҳозир Туркия миллий кутубхонасида сақланади. Қиличлардан бири ҳам Анқарадаги музейда турибди, «Бухоро халқ шўролар жумҳурияти совғаси» деб ёзиб қўйилган.
1923 йилда жумҳуриятни совет ҳукумати эгаллаб, Бухоро совет социалистик республикаси деб номини ўзгартиради. 1924 йил охирида эса Бухоро ва Хоразм давлати йўқ қилиниб, 1925 йилда бешта республика тузилади. Бухоро ерлари бўлган Душанбе Тожикистонга, Чоржўй Туркманистонга, Ўш Қирғизистонга, Самарқанд ва Бухоро Ўзбекистонга берилади. Бухоро давлати ўз вақтида жуда кенг бўлган ва 4 давлатга парчаланган.
— Жадидчиларни маърифатпарвар деяпмиз, уларнинг бу йўлдаги ҳаракатларини кўп гапирамиз. Лекин жадидчиларда мустақил жумҳурият қуриш нияти ҳам бор эди. Шу маънода биз жадидчиликни фақат маърифатпарварлик эмас, сиёсий ҳаракат сифатида ҳам ўрганишимиз керак. Мана шу томон бизда очилмай қоляпти. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
— Биринчидан, маърифатпарвар эмас, маърифатчи дейишимиз керак, чунки маърифатпарвар шу нарсани яхши кўриш, тарафдор бўлиш дегани, холос. Улар эса ўзи маърифатчи бўлган. Шу нарса Ўзбекистонда хато ишлатиляпти.
Бир архив материалини Исмоил Гаспирали кутубхонасидан топиб, дунёга эълон қилганман, Ўзбекистонда ҳам нашр этилди. Беҳбудий 1907 йилда Чор Россияси думасига «Туркистон маданий мухторияти» деган талабнома юборган. Муҳокама қилиниб, рад этилган. Беҳбудий ўз қўли билан ёзиб муҳрланган ўша ҳужжат бизда бор. Унда Туркистон замини мусулмонлар қўлида бўлиши керак, бошқа давлат дахл қилмасин, дейилган. Кейин, Туркистон тупроғига мусулмон бўлмаганлар олиб келинмасин, деган жойлари ҳам бор, чунки ўша пайтда Чор Россиясидан кўчириб келишаётган эди одамларни. У фақат маданий эмас, сиёсий мухторият талаб қилган, шунинг учун қабул қилинмаган. Демак, жадидчиларнинг отаси бўлган Беҳбудийда 1907 йилдаёқ мухторият тушунчаси бўлган экан. Ўзбекистонда Бегали Қосимов ўз китобида нашр қилди ўша талабномани. Тарихчи Шамсиддин Камолиддинов билан бирга рус тилида Германияда нашр эттирдик.
— Бугунги конференциянинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Биламизки, 30-йилларда жадидчилар қатағон қилиниб, отиб ўлдирилиб, асарлари ман этилгандан кейин мустақилликкача совет иттифоқида уларни ўрганиш мумкин бўлмаган. Уларни пантуркист, панисломист, буржуа миллатчиси деган айбловлар билан қоралашган. Энди мустақиллик даврида қайта ўрганяпмиз. Шавкат Мирзиёев юборган табригида ҳам жадидчиларимизнинг ғоялари бугун бизга йўл кўрсатади, деб айтиб ўтилган. Ўрта ва олий мактабларда жадидчилар ғояларини ўқитиш лойиҳасини тузиб чиқяпмиз. Яқинда эълон қилинади. Чунки уларнинг ҳаракати ўша даврда ҳам демократик бўлган. Агар биз туркий давлатларнинг демократик давлатга айланишини истасак, жадидчилик ғоялари билан ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки улар ҳаммасини ёзиб чиққан: сўз ва матбуот эркинлиги, мустақил мактаблар... Биз ҳозир Америка, Япония, Германиялардан демократик ғояларни ўрганяпмиз. Лекин биз учун жадидчи боболаримиз айтган асослар бор. Уларни ўқиб кўрсак, ўша давлатлардаги демократияга тўғри келади. Шу сабаблардан ҳам ҳозир жадидларга қизиқиш бўлаётганидан хурсандман. Ёшлар ишлари агентлиги китоблар чиқарди, ёшлар ўқияпти. Катта авлод эса 60-70 йил жадидчи боболаримизни ўқишдан маҳрум бўлган.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:37 / 19.07.2024
Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилади
17:03 / 08.07.2024
Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари. Файзулла Хўжаев ким эди?
12:37 / 20.06.2024
“Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак” – кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов
08:55 / 16.03.2024