Ўзбекистон | 22:51 / 27.08.2020
20001
4 дақиқада ўқилади

«Фаолиятимни сиёсийлаштирмасликларини сўрайман» — озодликка чиққан адабиётшунос Акром Малик билан суҳбат

2016 йилда қамоққа олинган адабиётшунос олим Акром Малик (Маликов) президент томонидан имзо чекилган афвномага кўра озод қилинди. Kun.uz озодлик остонасида турган тадқиқотчи билан суҳбат уюштирди.

  • Маълумот учун, ўзбек жамоатчилиги Акром Маликни навоийшунос тадқиқотчи, шунингдек, ёзувчи ва шоир сифатида танийди. У 2016 йил июль ойида МХХ томонидан қамоққа олинган, кейинчалик суд томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси («Конституцион тузумга тажовуз») ҳамда 244-моддаси («Жамоат хавфсизлигига таҳдид») билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўтмиш ва хатолар

2016 йили мухолифатдаги шахслар билан мулоқотга киришиб, Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси билан бир неча танқидий мақолалар ёзганман. Мана, берилган 6 йил жазо муддатининг 4 йилини ўтказдик...

Вақт ўтиб, қилган хатоларимни тушуниб етдим. Камчиликларимни англагач, президентимизга ота-онам ва ўзим бир неча маротаба илтимоснома киритдик. Афв хатлари ёздик. Бир қанча очиқ мурожаатлар билан чиқдим. Хатоларимни англаб етганимни баён қилдим. Имкон бўлиб, муддатидан олдин озодликка чиқарсалар, халқимизга, давлатимизга баҳоли қудрат хизмат қилишимни айтдим. Мана шу илтимосларимиз ерда қолдирилмади. Кўрсатган ишончлари учун муҳтарам Шавкат Мирзиёевга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Менга кўп қўнғироқлар бўлади. Бу ерда жисмоний ва руҳий босимлар бўлгани ҳақида сўрашади. Алҳамдулиллаҳ, ҳаммаси яхши. Қамоқдаги муҳит ўзгарган, маҳкумларга муносабат бугун бошқача. Инсонийлик ва қонунийлик тамойилларга асосан муносабатда бўлишади.

Қамоқда яшаш барибир мураккаб. Бу ерда жиноятчилар бор, турли феъл-атворли одамлар бор. Албатта, уларнинг ҳар бирини тилини топиш осон эмас...

Келгусидаги режалар

Ниятларим – шахсий ҳаётни ўз ўрнига қўйиш. Ота-она хизматида бўлиш. Олий таълимда магистратурани биринчи босқичини якунлаганман, иккинчи босқичдан тиклаш керак. Қолаверса, Алишер Навоий бобомизнинг асарларини, миллий меросимизни ўрганиш, шарҳлаш, халқимизга уларни етказишни қалбимга тугиб қўйганман.

Ёшлик жуда катта имкониятлар, қизиққонлик, шижоат даври. Ҳаётни англамаган пайтда кичик бир ноҳақликни кўрса ҳам инсон ёниб кетади, бироз шошиб муносабатда бўлиши мумкин.

адабиётшунос олим Акром Малик (Маликов)

Ёшларга айтмоқчиманки, албатта ноҳақлик қаршисида сукут сақламаслик керак. Инсон унга қарши туриши зарур. Фақат содир бўлаётган ўша воқеанинг моҳиятига, замирига назар солишни ўрганиш жуда муҳим. Асосийси, қалбдаги ниятни тўғри қилиш керак.

Сўзим сўнгида айтмоқчиман – яхшими ёмонми бир йўлни босиб ўтдик. Ўзимиздами, хорижда бўладими, сиёсий фаолият билан шуғулланаётган шахслардан менинг шахсимни ёки фаолиятимни сиёсийлаштирмасликни илтимос қиламан.

Чунки мен бундан кейинги фаолиятимни, бутун диққат эътиборимни илмий изланишларга бағишламоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор имконият берганлари, ишонч ва янги ҳаёт саҳифаларини очишда менга шароит ҳозирлаб берганлари учун муҳтарам президентимизга аввало ўзим, ота-она, ёру-дўстларим номидан чин дилдан, самимий миннатдорлик билдираман.

Абдулҳамид Маликов, отаси:

– Ўғлимиз эсон-омон бағримизга қайтгани учун Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, президентимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ёши саксондан ошган онам набирасини туну-кун кутарди, мана, шукрки дийдорлашиш насиб қилди.

Энди ўғлимиз илм йўлида астойдил шуғулланади, Ҳазрат Навоийнинг меросини ўрганишни янги босқичга олиб чиқади. Насиб қилса, Акромжоннинг ўқишини ҳам тиклаймиз, домлалари ўзлари бу масалада боғланишди, илмий ишларини ҳам давом эттиради.

Аллоҳ насиб қилса, яқинда ўғлимизни уйлантирамиз, тўйларга келасизлар, хурсандчилигимизга шерик бўласизлар.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Дониёр Якубов.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид