Жаҳон | 15:45 / 07.09.2025
7120
9 дақиқада ўқилади

Ҳибсга олингани айтилган вазир, Душанбеда ҳарбий парад ва экспорти кўпаядиган туркман гази – МО ҳафта ичида

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ҳибсга олинган-олинмагани муҳокамаларга сабаб бўлди. Тожикистон президенти Хитойдаги параддан келибоқ парад ўтказди. Туркманистон ШҲТга аъзо давлатларга кўпроқ газ етказиб беришга тайёр. Қирғизистон Илон Маскнинг Старлинк интернет тармоғига уланишга тайёргарлик кўряпти. Афғонистонда зилзила рўй берди, минглаб одамлар ўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қозоғистон вазири ҳибсга олингани ҳақида фейк ахборотлар тарқади

Шу ҳафта Қозоғистон ташқи ишлар вазири ҳибсга олингани ҳақида матбуотда хабарлар тарқади. Бироқ Республика ахборот вазирлиги бу хабарни рад этиб, вазир ҳибсга олинмаганини маълум қилди. Орадан 1 кун ўтиб эса Мурат Нуртлеунинг иш жойида экани расми эълон қилинди. Матбуотга кўра, вазир 5 сентябр куни “Ҳарвест Гроуп” компанияси вакили Алмаз Алсенов билан учрашган. Вазирнинг ҳибсга олингани ҳақида 4 сентябр куни Ўрда нашри хабар берганди. Таҳририятга кўра, нафақат Нуртлеу, балки тадбиркор Гаджи Гаджиев ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг айрим юқори лавозимли амалдорлари ҳам қўлга олинган. Нашр ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таянганини қўшимча қилган.

Вазирнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни мамлакат ахборот вазири Аида Балаева инкор қилди.

49 ёшли Мурат Нуртлеу бош вазир ўринбосари ҳамда ташқи ишлар вазири ҳисобланиб, ҳокимиятда президент Тўқаевнинг ўнг қўли ҳисобланади, давлатнинг бош дипломатларидан бири.

Олмаоталик Нуртлеу оддий оиладан чиққан, отаси ҳайдовчи, онаси эса инглиз тили ўқитувчиси бўлган.

Муратнинг акаси тадбиркор Шалкар Нуртлеу. Собиқ ўқитувчи нефт саноатида ишлаган, «Кокшетауминводй» ва Шарқий Қозоғистон минтақавий энергетика компанияси директорлар кенгаши раиси лавозимларида ишлаган. Вазирнинг яна бир қариндоши Саят Сауранбаев Миллий хавфсизлик қўмитасида, синглиси Жамила Смайил эса Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, Instagramʼда блог ҳам юритади. 

Нуртлеу 1998 йилдан бери вазирликда ишлайди, Қозоғистоннинг Малайзия, Финландия ва Эстониядаги элчихоналарида ишлаган. Карерасининг энг яхши даврлари Тўқаев президентлигига тўғри келмоқда.

2022 йилнинг январ воқеалари фонида Нуртлеу ва унинг шериклари мартабаси ошди.

Мурат Абугалиевич даврида Қозоғистон халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этишни талаб қилиб, БМТ Низомига мувофиқ мувозанатли ташқи сиёсат юритишга интилмоқда. Нуртлеу давлатлар ўртасидаги барча келишмовчиликларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш кераклигини айтиб келади. Сиёсатчи Хитой, Россия ва АҚШ вакиллари билан музокаралар олиб бориб, сув ресурслари тугашини Марказий Осиё давлатларининг асосий муаммоларидан бири деб атаган.

Тожикистонда ҳарбий парад ўтказилди

Тожикистон президенти Хитой сафарини парадда иштирок этиш билан якунлаб, давлатига қайтгач, орадан 2 кун ўтиб ўзи ҳам ҳарбий парад ўтказди. Президент матбуот хизматига кўра, ҳарбий тадбир Тожикистон Миллий гвардияси ташкил этилганининг 30 йиллиги, мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтди.

Имомали Раҳмон барча ҳарбий хизматчиларни юбилей билан табриклаб, уларга мамлакат мустақиллиги ва тинчлигини ҳимоя қилиш муҳимлигини эслатди, шунингдек, гвардиянинг давлатчилик ривожидаги хизматларини ёдга олди.

Парадда 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар, жумладан, Қуролли кучлар, хавфсизлик идоралари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қатнашган. Зирҳли техника ва ҳарбий техникалар намойиш этилди, жанговар самолётлар осмонда манёврлар қилди.

Миллий гвардия 1995 йилда суверенитет, жамоат тартиби ва стратегик объектларни ҳимоя қилиш учун ташкил этилган.

“Бугун тожик халқининг тарихий анъаналарини ҳисобга олган ҳолда янги миллий давлатчилик тимсоли сифатида тарафимиздан ташкил этилган Миллий гвардия махсус мақсадлардаги қудратли ҳарбий тузилмага айланди, бу эса ўз навбатида мустақиллик ва эркинлик, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, давлат ва жамият хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг муҳим омилларидан биридир”, - деди президент.

Имомали Раҳмон ҳарбий ва хавфсизлик кучларини профессионаллик, ҳушёрлик ва ватанга садоқат намунаси бўлишга чақирди.

Республика Миллий гвардияси мамлакат Қуролли кучлари бўлинмаларидан бири бўлиб, президентга, Қуролли кучлар Олий бош қўмондонига бўйсунади ва давлат раҳбарининг захирадаги кучи ҳисобланади.

Қирғизистон Илон Маскнинг Старлинк интернет тармоғини синовдан ўтказишга тайёрланмоқда

Президент қарори асосида Қирғизистонда Старлинк сунъий йўлдош алоқа хизматларини кўрсатиш учун шароит яратиш бўйича тажриба лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақида Рақамли ривожланиш вазирлиги эълон қилди.

Депутат Дастан Бекешев ҳам вазирликка Старлинк тизимига қонуний уланиш масаласи билан мурожаат қилганини ёзди. Унга 2 июл куни идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, қонунчиликдаги чекловларни ўрганиб, пилот лойиҳани амалга ошириш таклифи киритилганини вазирлик маълум қилган.

“Пилот лойиҳанинг ишга туширилиши Старлинк компаниясига лойиҳадаги иштироки билан Қирғизистон ҳудудида сунъий йўлдош алоқаси хизматларини кўрсатиш имконини беради”, - дейилади департаментда.

Депутат Дастан Бекешевнинг сўзларига кўра, лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, фуқаролар Старлинкка уланиш учун қонуний имкониятга эга бўлишади, бу арзонроқ ва тезроқ интернет дегани.

Старлинк бу – Илон Маскнинг SpaсеХ компанияси глобал лойиҳаси бўлиб, у паст Ер орбитасидаги сунъий йўлдошлар тармоғи орқали юқори тезликдаги интернетни таъминлайди. Тизим оптик толали ёки мобил алоқа мавжуд бўлмаган узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам тармоққа кириш имконини беради. Уланиш учун фойдаланувчига махсус терминал керак – сунъий йўлдош антеннаси ва роутер.

13 август куни Старлинк Қозоғистонда сунъий йўлдош интернет хизматларини расман ишга туширганди. Қирғизистонда эса 2025 йил охиригача, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда 2026 йилда ишга туширилиши кутилаётгани хабар қилинган.

Қирғизистоннинг тоғли ҳудудлари учун бу ҳақиқий ютуқ бўлиши мумкин: баланд тоғли қишлоқлар ва яйловлар аҳолиси барқарор интернетга эга бўлади, бу эса таълим, бизнес ва ташқи дунё билан алоқа қилиш учун янги имкониятлар очади. 

Туркманистон кўпроқ газ беради

Туркманистон ШҲТга аъзо давлатларга табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини эълон қилди. Бу ҳақида президент Сардор Бердимуҳаммедов Тянцзиндаги саммитда гапириб ўтди. 

«Биз энергетика соҳасида яқин ҳамкорлик тарафдоримиз. Туркманистон ШҲТ давлатларига табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр», - деди Туркманистон президенти.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Туркманистон ҳам электр энергиясига кўпроқ эътибор қаратмоқда.

«Биз электр энергияси етказиб беришнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш, йўналиш ва ҳажмларни кенгайтиришга тайёрмиз. Умуман олганда, биз электроэнергетика соҳасини ШҲТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб биламиз», - дея қўшимча қилди Бердимуҳаммедов.

 Афғонистонда талафоти катта зилзила бўлди

31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида рўй берган зилзила минглаб инсонларнинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди. Яна 4000 нафардан ортиқ инсон жароҳатланган. Бу ҳақда «Толибон» ҳукумати расмийси Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди.

«Маҳаллий расмийлар ва аҳоли жабрланганларни қутқариш учун ҳамма чораларни кўряпти. Пойтахтдан ва атроф вилоятлардан ёрдам гуруҳлари аллақачон йўлда. Инсонларни қутқариб олиш учун барча ресурслар йўналтирилади», - дея ёзди Мужоҳид Х тармоғидаги постида зилзиладан кейин.

8 мингдан ортиқ уйлар вайрон бўлди. БМТ ва қатор давлатлар ёрдам ажратилишини эълон қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди.

«Толибон» ҳаракати халқаро ёрдам сўраб мурожаат қилди. БМТ ўзининг фавқулодда вазиятларга жавоб бериш жамғармаси (СEРФ) орқали 5 млн доллар ажратди. Буюк Британия жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион фунт стерлинг ажратишини эълон қилди. Хитой, Ҳиндистон ва Швейцария ҳам инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга ваъда берди, деб ёзди BBC News.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан 31 август соат 23:47 да содир бўлган, эпицентри Нангарҳор вилоятининг Жалолобод шаҳридан 27 километр шимоли-шарқда жойлашган. У атиги 8 километр чуқурликда бўлган, чуқур бўлмаган зилзилалар эса одатда катта ҳалокатларга олиб келади.

Тахминан 20 дақиқадан сўнг ўша вилоятда 4,5 магнитудали афтершок қайд этилган. Ер силкинишлари тоғли Кунар вилоятида ҳам содир бўлган. Офат таъсир қилган ҳудудларда кўплаб лойли ва тошли уйлар вайрон бўлган.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид