Ўзбекистон | 18:43 / 20.02.2023
33217
9 дақиқада ўқилади

Пуч сертификатлар, сотиладиган эсдалик нишони ва педагогларнинг ҳавога совурилаётган пуллари. Муаммонинг илдизи қаерда?

Педагогларни аттестациядан ўтказишда уларнинг ўқув семинарларидаги иштироки эътиборга олинади. Бу нодавлат илмий марказлар томонидан ўйлаб топилаётган “сертификат бизнеси”нинг илдизига сув қуймоқда: аттестация ва устама учун деб алдайдиган устомонлар кўпайди. Ўқитувчиларнинг бир қисми бунга меҳнатларининг рағбати сифатида қараяпти. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2022 йилнинг июнь ойида ўқитувчиларга вазирлик пулли хизмат кўрсатмаслиги ҳамда “Маҳоратли педагог” журнали билан ҳамкорлик қилмаслиги ҳақида огоҳлантириш билан чиққанди.

Сўнгги кунларда айрим телеграм каналлар, жумладан “Маҳоратли педагог” канали ва журнали Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият юритиши борасида ҳақиқатга зид бўлган маълумотларни берган ҳолда, ўз журналида пулли асосда мақолалар чиқариш ҳамда пулли семинарларга қатнашиш хизматларини тарғиб қилмоқда.

Бунинг эвазига эса сертификат эгаларига навбатдаги аттестациядан ўтиш, тоифа ва устама олишда ёрдам бўлиши иддао қилинмоқда.

Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги “Маҳоратли педагог” телеграм канали ва журнали билан ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини, ушбу канал орқали бериладиган сертификат эса ҳеч қандай имтиёзларга эга эмаслигини ва Халқ таълими вазирлиги педагогларга бу каби пулли хизматлар кўрсатмаслигини маълум қилади”, — дейилганди вазирлик огоҳлантиришида ўшанда.

Бироқ мазкур огоҳлантиришга қарамасдан, ўқитувчилар ўртасида пул тўлаш эвазига нодавлат таълим марказлари томонидан “халқаро форум”, “халқаро ўқув семинари” ниқоби остида уюштираётган тадбирларда онлайн иштирок этиш, сертификат ва эсдалик нишони сотиб олиш, журналларда мақолалар чоп этиш ҳолатлари камайгани йўқ. Аксинча, нодавлат таълим марказларининг бу борадаги “бизнеси” гуллаб-яшнамоқда.

Нега педагоглар пешона тери билан ишлаб топган пулини бу каби марказларга қўшқўллаб топширяпти? Бундан уларнинг манфаатдорлиги нимада?

Мустақил тадқиқотчи, педагог Иқболжон Камолов бундай марказлар фаолияти ҳақида шундай ёзмоқда:

“Жамият “йиртқич” журналларга қарши курашиши ва тадқиқотчилар ўзлари буни бошлаб беришлари лозим. Қонун шунга хизмат қилиши керак.

АҚШ Федерал савдо комиссияси Ҳиндистондаги шундай “йиртқич” нашриётлардан бирини судга бериб, 50 миллион АҚШ доллари жарима тўлашга мажбур қилган. Умуман олганда эса, “йиртқич” журналлар ва уларнинг ўртакашлари бир йилда 393 млн АҚШ доллари миқдорида даромад қилади. Уларнинг иқтисодиёт ва илм-фанга келтираётган зарари эса бундан анча кўп экани шубҳасиздир.

Аслида нодавлат таълим ёки илмий ташкилотлар кўп ва хўб бўлиши керак. Лекин виждонга хилоф тарзда фаолият юритиш, академик виждонсизликка йўл қўйиш илм-фанга нисбатан хиёнатдан бошқа нарса эмас”.

Термиз шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Гулчеҳра Ашурова эса ўқитувчига рағбат ҳалол бўлиши кераклигини таъкидлайди:

“Устамада нишон, медал, давлат мукофотлари эътиборга олинмайди. Фақат тоифа, магистр, илмий даражаси бўлса тўғридан тўғри берилади. Инсон феъли шундай яралган, рағбат ва мақтовга мойиллиги табиий ҳолдир. Фақат бу рағбат кураш тилида айтганда ҳалол бўлиши керак. Нега мақолани ўқитувчи пешона тери эвазига тайёрламайди? Бу илмий мақолаларнинг натижаси қани? Қаернинг ёки кимнинг корига яраган? Қайси виждон билан сотиб олинган, меҳнати сингмаган нишонни тақиб юради? Бу натижасиз, ваколатсиз, имтиёзсиз темир кимга керак?”

“Бу кўкрак нишонлар расмийми, устамага ўтадими, деб кўп сўрашмоқда. Бу медални сотиб олишга бир миллион сўм сарфлашмоқда экан. Бирон магазиндан ясатиб олсангиз яхши эмасми, 50-60 минг сўмга тушади шу темирча. Ёки сизларга шуларни саҳнада бериб, қарсак чалиши шартми?

Бир нечта вилоятда бундай тадбирларни қилиб, шу “медални” беришди. Эссиз шунча пул, эссиз ишонч, эссиз “Таълим фидойиси” деган сўз, шу сўзниям хароб этишибди, минг афсус.

Хуллас, бу темирча ҳеч қаерга ўтмайдиган, ҳеч қандай қадр-қийматсиз, фалон пулга сотиб олинган темир, кўзингизни очинг, устозлар”, — деб ёзади Республика таълим маркази директор ўринбосари Исроил Тиллабоев.

Педагоглар орасида бу каби рағбатни қўлловчилар ҳам топилди. Жумладан, исмини ошкор қилишни истамаган ўқитувчи меҳнатга муносиб рағбат йўқлиги педагогларни ўзига рағбат сотиб олишга ундаётгани ҳақида гапирди: 

“Устозга биргина раҳмат сўзи ҳам рағбат. Аммо мактабимиз директори ва ўқув ишлар бўйича ўринбосари ишлаган кадрларга оддийгина раҳмат сўзини ҳам айтиб, мотивация беришни билмайди. Устоз нима қилсин, мана шу каби мотивация бўлганида талпинади-да.

Бунинг нимаси ёмон? Устозларни ҳеч ким, шу медални ол, деб мажбур қилмайди-ку, улар ўз хоҳишлари билан қатнашмоқдалар. Устознинг сал бўлса ҳам кўнглини кўтаряпти. Устама керак эмас, майли, аммо озгина ҳурмат ҳам керак-ку устозга”.

Ўқитувчилар пул эвазига сотиб олаётган бу каби ҳурмат ва рағбат ҳатто ҳокимликлар томонидан ҳам эътироф этиляпти.

Масалан, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокимлиги ўз расмий каналида тумандаги 10-умумтаълим мактабининг олий тоифали ўқитувчиси Гавҳар Рустамова ўзининг (!) илмий мақоласи билан Тошкент шаҳридаги Илғор тадқиқотлар илмий марказида ўтказилган “Халқаро илмий форум”да иштирок этгани ҳақида маълум қилган.

Германия, Туркия, Россия ва Франция каби давлатларнинг илмий марказлари масофавий тарзда иштирок этган халқаро илмий форумда ғузорлик Гавҳар Рустамованинг илмий мақоласи юқори баҳоланиб, “Энг яхши илмий мақола” номинацияси ғолиби, деб топилди ва “Илм-фан ифтихори” эсдалик нишони билан тақдирланди”, — дейилади ҳокимлик хабарида.

Тошкент шаҳар Илғор тадқиқотлар илмий маркази халқаро илмий форумда иштирок этиш учун 50-150 минг сўм, эсдалик нишони бадали (сотилиш нархи!) учун 200 минг сўм сўраб турган бир пайтда форум иштирокчилари илмий мақолани ўзи ёзгани ҳам шубҳа остига олинади.

Ёки “Research and publications” илмий нашрлар марказининг “Таълим фидойиси” эсдалик нишони ва сертификатлари ҳам шу каби “соққали”: мақола чиқариш нархи 180-240 минг сўм. Мақола ёзиб бериш, таржима қилиб бериш “хизматлари” ҳам мавжуд. Ўзлари хизмат ҳақини олиб ёзиб берган мақола учун тўлов қилсангиз, эсдалик нишон ҳам беришади.

Бу каби нодавлат таълим марказлари ўқитувчиларни “Устамага, аттестация баҳолашга асос бўлади” каби рекламалар билан ўзига жалб қилмоқда. Мазкур марказлар томонидан берилаётган сертификатлар ва мақолалар ростдан ҳам кучга эгами ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таъкидлаганидек, ҳеч қандай имтиёзларга эга эмасми?

Аслида чиндан ҳам бу “соққачи” марказлар ва ўқитувчиларни боғлаб турган “ришта” бор. Бу педагогларнинг аттестациядан ўтиши билан боғлиқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низомга илова сифатида берилган умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларининг педагогик маҳоратини баҳолаш мезонларига кўра, ўқув семинарлари ёки методик бирлашмаларда методик ишланмалар билан иштирок этгани учун агар у халқаро ёки республика миқёсида бўлса, 3 баллгача тақдим қилинади.

Айрим мактабларда ўқитувчиларнинг аттестация ҳужжатларидаги мазкур турдаги сертификатлар ёки илмий мақолалар учун балл берилмоқда. Айни шу нуқта педагогларни нодавлат таълим марказларига мурожаат қилишга, 1 миллион тўлаб бўлса ҳам пуч сертификат ва эсдалик нишони олишга мажбур қилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, бошқа масъул ташкилотлар ўқитувчилар ҳамда нодавлат таълим марказларини боғлаб турган мазкур “ип”ни узиши керак. Чунки аввало бу ўқитувчиларни ноҳалол тарзда тоифа олишга ундайди. Қолаверса, уларнинг чўнтагига яхшигина зарар етказмоқда. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган юқоридаги Низом ва унинг баҳолаш мезонларида келтирилган “ўқув семинарлари ёки методик бирлашмалар” жумласига ҳам аниқлик киритилиши лозим: бу ўринда нодавлат таълим марказларининг пуч сертификатлари, ўқитувчининг ўзи ёзмаган илмий мақоласи ва сотиб олинган эсдалик нишонлари ҳисобга олинадими ёки йўқ?

Чарос Маннонова, журналист

Мавзуга оид