Жаҳон | 11:51 / 14.09.2025
9340
11 дақиқада ўқилади

Туркманлар оммавий пахтада, Қирғизистонда ўқитувчи дефицити ва «Толибон»нинг Ўзбекистонга даъвоси – МО ҳафта ичида  

Афғон матбуотида вертолётлар қайтарилади, деган хабарлар тарқади. Ўзбекистон ТИВ буни рад этди. Қирғизистон мактабларида ўқитувчи етишмаганидан талабалар ишга олинмоқда. Тожикистонда муҳтож оилаларга пул тарқатилди. Қозоғистон президенти парламентни бир палатали қилишга бел боғлади. Туркманистонда оммавий пахта терими бошланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Душанбе мэри одамларга пул тарқатди

Тожикистон пойтахти Душанбеда 5 мингга яқин муҳтож аҳолига президентнинг ўғли, шаҳар мэри – Рустам Эмомали номидан пул тарқатилади. Маҳаллий нашр – Asia Plus Tajikistan’нинг ёзишича, моддий ёрдам оладиганлар қаторида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар ва етимлар, йўл хизмати ходимлари бор.

Бу бўйича фармонни пойтахт мэри Тожикистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан имзолаган. Пойтахт ҳокимлигининг хабарида ажратилган ёрдам миқдори ёки шаҳар бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг умумий миқдори кўрсатилмаган.

Бу йил 9 сентябрь куни қўшни давлат Тожикистон ҳам мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлади, асосий байрам тадбири Кўлобда, Истиқлол майдонида бўлиб ўтган. Байрам олдидан маҳаллий тожик нашрлари 34 йилнинг энг асосий воқеаларини эслади. Бу аввало – фуқаролар уруши.

Мустақиллигини эълон қилган Тожикистон ўз тарихидаги энг оғир даврлардан бирини - қонли фуқаролар урушини бошдан кечирган. Эмомали ҳокимиятга келиб эса давлатни дунёвий қилиши, демократик ҳуқуқий давлатлар тарафдори эканини айтганди. Фуқаролар уруши 1997 йилдаги тинч-тотувлик битими билан якунланган.

34 йилликнинг гигант лойиҳаси сифатида эса Роғун ГЭСи кўрсатилди. 335 метрда жойлашган тўғон дунёдаги энг баланд бўлиши кутилган. Қўшни давлат ГЭС қурилиши якунланиши билан Тожикистон электр экспорт қилувчи давлатга айланишига умид боғлаган.

ГЭС қурилиши совет даврида, 1976 йилда бошланган. Бироқ СССР парчаланиб кетганидан кейин ва фуқаролар уруши даврида лойиҳа музлатиб қўйилган: маблағ етишмаслиги, сув тошқинлари иншоотларнинг бир қисмини вайрон қилган. Кейинчалик мамлакат чет эллик инвесторларни жалб қилишга уриниб кўрди, кейин эса Роғун ГЭСи қурилишини ўз кучи билан якунлашга қарор қилди.

Тожикистондаги демографик ўсиш аҳоли сонидан нисбат олиб қараганда биринчи ўринда кетмоқда. Бугун бу давлатда 10,6 миллион аҳоли яшайди ва асосан ёшлар.

БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш коэффициенти ҳар бир аёлга 3,3 бола билан тўғри келади, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич дейилади. Мана шу 3 омилни тожик нашрлари мустақиллик олдидан давлат эришган ютуқлар сифатида кўрсатиб ўтди.

Туркманистонликлар оммавий пахтага чиқарилди

10 сентябрдан эътиборан Туркманистонда оммавий пахта терими бошланди. TDH’нинг ёзишича, давлатнинг барча область ва туманларида терим – қишлоқ хўжалиги кампанияси ўлароқ старт олган. Президент Вазирлар маҳкамасининг 5 сентябрь кунги мажлисида 10 сентябрдан пахта мавсумини очиқ деб эълон қилиб, далага чиққан кимки бор уларга омад тилаган. Анъанага кўра, ҳамма қўлини дуога очиб, кексалар дуо ўқиб пахта териш бошланган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда пахта етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида Президент қарор имзолаган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Туркманпағта» давлат концерни ва барча вилоятлар ҳокимликларига 2025 йил учун йиллик пахта план бўлаклаб берилган.

Туркманистонда ҳар йили бошланадиган пахта терими аҳоли учун телевизордан кўрсатилганидек қувончли воқеа эмас. Асосан давлат ишчилари далага ҳайдаладиган теримни ҳукуматдагилар “Оқ олтин мавсуми, бойиш мавсуми” деб кўрсатишга уринишади.

Халқаро меҳнат ташкилоти ўтган йили ҳам Туркманистондаги пахта теримида аҳоли яна мажбурий меҳнатга жалб қилинган деб топганди. Маълум бўлишича, 2024 йил кузида меҳнат ташкилотининг 40 нафар мутахассиси Туркманистондаги пахта терими даврида ишчиларни ёллаш ва меҳнат шароитлари бўйича мустақил мониторинг ўтказган.

Улар давлатнинг барча беш вилояти, 472 пахта далаларида бўлган. 1762 нафар теримчи ва 472 нафар фермерлар билан суҳбатлашган. Шунингдек, кузатувчилар 379 та давлат муассасасида бўлиб, уларда 2047 нафар ходим ва 385 нафар раҳбар билан суҳбатлар ўтказган. Мониторинг натижаларига асосланган ҳолда ҳисобот тайёрланган. Унда келишича, мониторинг олиб бориш халқаро ташкилот вакиллари учун осон кечмаган, қаршиликлар бўлган.

Суҳбатда қатнашган фермерларнинг 20 фоизи теримчилар давлат идораларининг далага мажбуран чиқарилган ходимлари эканини тан олган. Яна бир гуруҳ фермерлар эса вояга етмаган болалар, тиббиёт муассасаси ходимлари ва фаррошлар ҳам далада эканини тасдиқлади. Суҳбат ўтказилган теримчиларнинг 16 фоизи давлат ишчиси экани, далага мажбуран олиб келинганини шахсий маълумотлари сир қолиши шарти билан айтган.

Кимки пахтага чиқмаса, маошидан ушлаб қолиниши билдирилган, бунга кўнганлар ҳам бор.

Тўқаев парламентни бир палатали қилмоқчи

Қозоғистон президенти мамлакат парламентини бир палаталига айлантирмоқчи. Бу ҳақида Тўқаев ўзининг парламентга қилган йиллик мурожаатида айтиб ўтди. Бироқ жамоатчилик ва сиёсий таҳлилчилар бу ташаббусни турлича тушунмоқда. Баъзилар бу давлатда автократиянинг тугаши деса, баъзилар қарор демократияга етакламайди деган фикрда.

Масалан, сиёсий журналист Газиз Абишев фикрича, Нурсултон Назарбоев давридаги икки палатали парламентнинг юқори палатаси – яъни Сенат президентни ҳимоялаш, унинг ҳокимиятини эса парламентдан ҳимоя қилувчи институтга айланиб қолганди.

Шу боис Президент Тўқаев парламентнинг иккинчи палатаси мавжудлигидан маъно кўрмаяпти, чунки бу тизим қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Конституцияда президент ички ва ташқи сиёсатни белгилайди, олий бош қўмондон ҳисобланади, бош вазир, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари номзодини кўрсатади, исталган вақтда уларни ишдан бўшатиши ва парламентни тарқатиб юбориши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар сақланиб қолади, дейди Абишев.

Яна бир таҳлилчи Нурсеит Ниязбековга кўра, фикрлар плюрализми бўлмаган парламент адолатли бўлолмайди. “Бундай ташаббус сабаблари ҳақида гапирар эканман, Тўқаевнинг нутқида мен таклиф этилаётган парламент ислоҳоти тарафдори бўлган бирорта далилни сезмадим. Асосан, парламент ислоҳоти бўйича йигирма йиллик муҳокамалар қандай муҳокама қилинаётгани маълум эмас. Балки муҳокамалар парда ортида ўтказилгандир, лекин бу масала жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинганини албатта эслолмайман.

Республиканинг кўп миллатли ва кўп конфессиялилигини инобатга олган ҳолда, сиёсий тизимнинг демократик хусусиятини, жумладан, унинг турли халқ оммасининг вакиллик қобилияти билан ўлчаш керак. Ҳозирги парламент ҳеч қачон назорат ва мувозанат тамойилига кўра ижро ҳокимияти устидан назоратни амалга оширадиган самарали ва мустақил ҳокимият бўлмаган. Лекин юқори палатанинг тугатилиши, албатта, давлат бошқаруви тизимини демократлаштиришга олиб келмайди, деди профессор Ниязбеков.

Президент Тўқаев эса Қозоғистон парламентини бир палатали қилиш ва Сенатни тугатиш таклифига изоҳ бераркан, мамлакатда “кучли президент – нуфузли парламент – ҳисобдор ҳукумат” модели сақланишини алоҳида таъкидлади. Қозоғистонда парламент республикаси жорий этиш режалаштирилмаган.

Тўқаев бу масала бўйича референдум ўтказилишини ва бундай муҳим қарорлар халқ билан келишган ҳолда қабул қилинишини маълум қилди. Референдум 2027 йилда ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар бор.

Қирғизистон мактабларида ўқитувчилар етишмаяпти

Давлат мажбурликдан ҳаттоки талабаларни ҳам ишга олмоқда. Бишкек шаҳар кенгашининг ижтимоий масалалар бўйича доимий комиссияси йиғилишида таълим бўлими мудири Раҳат Мусаеванинг айтишича, ўқишни битирмаган талабалар расман ишга қабул қилиняпти. Таълим вазирлиги эса кадрлар етишмовчилиги бўйича чораларни кўраётгани эълон қилинган.

Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг педагогика факультетларининг сўнгги йиллардаги талабаларини мактабларга ишга жалб қилиш бўйича хатлар берилди. Дуал таълим доирасида улар бир йил давомида мактабда ўқиш ва ишлашни давом эттиради. Тўғриси, ҳафта бошида шундай буйруқ берилди, талабаларни мактабларга жалб қилиш ишлари бошлаб юборилди. Умид қиламизки, бу яхшиликка хизмат қилади”, - дейди Мусаева. Унинг қўшимча қилишича, талабаларга маош ҳам берилади.

Депутат Эркинбек Салймбеков давлат гранти билан ўқувчи талабаларнинг ишлаш муддатини оширишни таклиф қилди. "Бюджет асосида тўрт йил ўқийди, стипендия олади, бир йил эмас, тўрт йил ишлаган тақдирда ҳам. Тўлов-контракт бўлими битирувчилари 20-25 минг сўм маошга ишлашга рози бўлмаслиги мумкин", - дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, ўқув йили бошидан буён Қирғизистонда ота-оналар ўқитувчилар етишмаслигини айтиб,  дарс ўтилмаётганидан шикоят қилаётганди.

Афғон матбуотида вертолётлар қайтади деган гап тарқади, Ўзбекистон буни рад этди

Афғонистон матбуоти Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил август ойида олиб ўтилган “57 та ҳарбий вертолёт”ни Афғонистонга қайтаришга рози бўлгани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати бу хабарларни рад этиб, уларни «фейк» деб атади.

8 сентябрь куни Afghanistan international манбаларга таяниб, “яқин кунларда Ўзбекистон Афғонистонга 2021 йилда аввалги режим қулаши пайтида мамлакатдан олиб чиқилган 57 та ҳарбий вертолётини қайтариши мумкинлиги” ҳақида хабар берди. 

Бироқ шу пайтгача фақат 46 та ҳарбий самолёт ва вертолёт муҳокама қилинганди.

11 сентябрь куни The Kabul Times нашри Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзди.

57 та ҳарбий вертолётнинг топширилиши тез орада амалга ошиши кутилмоқда ва Афғонистон ҳаво кучларини қайта қуриш, шунингдек, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади”, — дея Мужоҳид сўзларини келтиради нашр.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Афғонистондаги 20 йили давомида режим керакли ҳарбий ускуна, самолёт ва вертолётлар билан таъминланган эди. 2021 йил август ойида «Толибон» Кобулни эгаллаб олган кунларда 585 нафар қуролли афғон ҳарбий хизматчилар бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кирган.

Афғонистон муваққат ҳукумати авиатехникалар Афғонистон мулки эканини бир неча бор таъкидлаган. Ўзбекистон расмийлари эса самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини айтган.

2024 йил август ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник авиатехникалар Ўзбекистонга ўтказилаётганини айтиб, “ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган”ини эслатганди.

Мавзуга оид