Ўзбекистон | 07:27 / 02.10.2020
12926
8 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш бўйича давлат назорати тўғрисида қарор қабул қилади

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсад қилинган.

Фото : KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисида низом тасдиқланади.

Белгиланишича, 2021 йилнинг 1 январидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ерларидан ташқари, юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан ўрмон хўжаликлари, сув хўжалиги, мудофаа ташкилотлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ижтимоий муассасаларга берилган фойдаланишидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ваколатларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан ўрмон хўжаликлари, сув хўжалиги, мудофаа ташкилотлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ижтимоий муассасалари томонидан ерга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар, уларга методик ва бошқа ёрдам кўрсатадилар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органлари қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида ерга оид қонун ҳужжатларини тушунтириш тадбирларини амалга оширадилар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширишда қуйидагиларга риоя қилинади:

а) тупроқнинг унумдор қатламларини рухсатсиз олиб ташлаш, кўчириш ва йўқ қилишни тақиқлаш ҳамда пестицидлар, агрохимикатлар ёки инсонлар ва атроф-муҳит саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа моддалар, истеъмол ва ишлаб чиқариш чиқиндилари билан ишлаш қоидаларининг бузилиши натижасида ерларнинг ишдан чиқишига йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларга;

б) ерларни яхшилаш, тупроқларни шамол, сув эррозияларидан ҳимоя қилиши ва ерларнинг сифати ҳолатларини пасайтирувчи бошқа жараёнларнинг олдини олиш бўйича мажбурий тадбирлар ва талабларга;

в) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тасарруф этиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан боғлиқ бошқа фаолиятларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан мажбурий фойдаланиш билан боғлиқ талабларга;

г) ерларни мелиорация ва рекультивация қилиш доирасидаги талабларга;

д) сув объектлари полосалари, қирғоқбўйии ва сув ҳимоя минтақалари ҳамда мудофаа ва чегара ҳудудлардаги ер участкаларидан фойдаланиш режимига.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудий бўлинмаларидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича давлат инспекторлари ва мансабдор шахсларининг ерга оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитадилар, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни текшириш бўйича комиссиялар ташкил этадилар, ушбу масала бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги номидан вазирликнинг Ер, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва метрология бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг Ердан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўлими ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимларининг Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ердан самарали фойдаланиш шўъбаси мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати бўйича қуйидаги мансабдор шахслари:

қишлоқ хўжалиги вазири – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистоннинг бош давлат инспектори;

қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер мониторингини амалга ошириш масалалари бўйича ўринбосари – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистоннинг бош давлат инспектори;

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ер, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва метрология бош бошқармаси (ўринбосари) ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ерларини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистоннинг катта давлат инспекторлари;

Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер мониторингини амалга ошириш масалалари бўйича ўринбосарлари – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бош давлат инспекторлари;

Туманлар (Қувасой шаҳар) Қишлоқ хўжалиги бўлимларининг Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ердан самарали фойдаланиш шўъбаси бошлиқлари – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича тегишли туманлар (Қувасой шаҳари)нинг бош давлат инспекторлари;

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ер, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва метрология бош бошқармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ерларини мониторинг қилиш бошқармаси ўринбосарлари ва мутахассислари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг Ердан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўлими, туманлар (Қувасой шаҳар) Қишлоқ хўжалиги бўлимларининг Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ердан самарали фойдаланиш шўъбаси бошлиқлари ва мутахассилари – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид