Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Меҳр ва садоқат тимсоли” — жамоатчилик вакиллари ўзбек аёлларига табрик йўллашди
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни. Kun.uz сана муносабати билан жамиятнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган инсонлар билан боғланиб, уларнинг онахон ва опа-сингилларимиз учун аталган байрам табрикларини тўплади.
Фото: KUN.UZ
Азиз Абдуҳакимов, Табиат ресурслари вазири
Азиз онахонлар ва опа-сингиллар, барчангизни кўкламнинг энг нафис айёми 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий табриклайман.
Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, садоқат соҳибаси бўлмиш сиз мунис аёлларнинг меҳр-муҳаббатингиз ва заҳматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Бугунги муборак айём кунларида Сизларга оилавий бахт-саодат, мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар камолини кўриб юришингизни тилайман.
Доимо баҳорий кайфият ва гўзаллик ҳамроҳингиз бўлсин.
Абдулла Абдуқодиров, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари
Халқимизда “жаннат оналар оёғи остида” – деган нақл бор. Истардимки, ҳар бир инсон атрофидаги аёлга – онаси, синглиси, опа ва қизи каби қарасин ва эъзозласин.
Аминманки, жамиятда эзгуликка, тенгликка интилиш ана шундай тушунча ва ҳаракатдан бошланади.
Аёлларимиз баҳор қуёшидек азиз ва қадрда бўлишсин.
Озодбек Назарбеков, Маданият ва туризм вазири
Юртимизда баҳорнинг энг нафис, энг гўзал байрами шукуҳи ҳукмрон. Шу муносабат билан биз ҳам соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, қалбимиздаги эзгу тилак ҳамда ниятларимизни билдирдик.
Зотан, дунёдаги жамики яхлитлик ва тўкислик оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз биландир. Оналарнинг сокингина тебратган бешигида не-не даҳолар улғаймади дейсиз. Уларнинг алласи билан инсон оламни танийди. Қалбига эзгулик инади. Аёл борки, хонадонларимиз чароғон, файзли ва мазмунли.
Яхшиямки дунёда аёллар бор. Ҳаёт улар билан гўзал, улар билан мазмунли. Тасаввур қилинг, агар бир кун волидангиз, аёлингиз уйда бўлмаса, қай аҳволга тушасиз? Гўё хонадонингизнинг файзи қочгандек туюлади. Шундай эмасми? Бинобарин, табаррук зотнинг кўзида доим қувонч, юзида табассум бўлиши учун биз, эркаклар улардан ширин сўзимизни, меҳримизни аямаслигимиз, умр бўйи асраб-авайлашимиз керак.
Бугунги баҳорий байрам барчангизга муборак бўлсин! Гўзаллик, нафосат ва оилавий фаровонлик сизларни ҳеч қачон тарк этмасин.
Амрилло Иноятов, Соғлиқни сақлаш вазири
— Аёл — табиатан ғамхўр ва куйинчак. Меҳр-муҳаббат, жонсараклик фитратида бор. Шу боис ўзидан ҳам аввал ўзгалар ҳақида қайғуради. Жони оғриб турган инсонни кўрса, дарҳол ёрдамга ошиқади, кўмакка шайланади.
Тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган қасамёдига содиқ, заҳматкаш, фидойи, меҳридарё опа-сингилларимизда бу фазилатлар бир неча карра кўпроқ мужассам, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Оила юмушлари, фарзандлар таълим-тарбияси ва ҳаёт ташвишларидан ортиб, ўз ҳузур-ҳаловатини унутиб, беморларга шифо улашаётган, оилада ҳам, ишда ҳам садоқатини бирдек намоён қилиб келаётган тиббиётимиз маликалари ҳар қанча эъзозга лойиқ.
Фурсатдан фойдаланиб, барча мунис ва мўътабар хотин-қизларимизни, шу жумладан, қалби ҳам, нияти ҳам эгнидаги либосидек пок шифокор ва ҳамшира опа-сингилларимизни бугунги айём билан самимий муборакбод этаман.
Доимо эл ардоғида бўлинг! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.
Зулфиқор Мусоқов, кинорежиссёр
Аёлларимизни байрам билан табриклайман. Уларга аввало соғлик, тинчлик ва яна бир марта соғлик тилайман.
Шерзод Шерматов, Рақамли технологиялар вазири
Бу байрам баҳорнинг илк ва энг гўзал байрами. Сана муносабати билан мамлакатдаги барча онахонлар, опа-сингилларимизни самимий табриклайман ва шу билан бирга уларга энг яхши тилакларимни ҳам билдираман.
Аёлнинг ҳурмати, ўрнини баланд кўтарган жамият, давлатда ривожланиш ҳам тез, юқори бўлади. Жамиятимизда ҳам аёлларнинг ўрни, роли ошаверсин.
Нодирбек Абдусаттаров, тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпиони.
Ўзбекистондаги барча опа-сингилларимизни байрам билан табриклайман. Уларга соғлик-саломатлик ва ишларида омад тилайман.
Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими
Муқаддас Қуръони Каримда, ҳадисларда, улуғ китобларда, умуман, динимизда аёлни улуғлаш савобли ишгина эмас, балки фарз ҳисобланган. Негаки, аёл келажагимизнинг бунёдкори, фарзандимизнинг тарбиячиси, қолаверса, ҳусну-латофати, садоқати, хизмати билан рўзғоримизни обод, оиламизни бахтли қилади.
Барча аёлларимизга орзусидаги бахтларга эришиб юришини тиламайман.
Акмал Бурҳонов, Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари
8 март бу — азиз оналаримиз, қизларимиз, опа-сингилларимиз, аёлларимиз байрами. Уларнинг ҳар бири бизнинг ҳаётимиз мазмуни бўлгани боис, ушбу байрамнинг қадрини тўлиқ ифода этиб беради.
Бугун аёлларимиз мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётининг фаол иштирокчисига айланиб улгурди. Аёлларнинг мақоми эса давлатнинг куч-қудрати, осойишталиги, ривожланиши ҳамда коррупция даражасига бевосита боғлиқ экани олимлар томонидан аллақачон исботланган.
Шундай экан, уларнинг зеҳни, кенг дунёқараши, ҳар қандай вазиятни тўғри баҳолай олиши каби хислатларидан унумли фойдалана олишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Фурсатдан фойдаланиб, давлат хизматида, тадбиркорликда, фарзанд тарбиясида, ўқишда, умуман ҳаётимизнинг ҳар бир йўналишида ўз вазифасига меҳр билан ёндашаётган юртимизнинг барча аёлларини гўзал ва нафис байрам 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлишларини тилаб қоламан!
Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон xалқ артисти.
Азиз опа-сингиллар, барчангизни 8 март – хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, кўнгилларингиздаги энг яхши тилаклар ижобатини тилайман.
Бизда аёлларнинг ҳурмати доим баланд бўлган. Бобур ҳазратлари ўз рафиқаларини қандай ҳурмат қилганини бир эсланг.
Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,
Сен шуъласену мен шуълаға кулдурмен.
Нисбат йўқтур деб ижтиноб айламаким,
Элга шоҳмен, вале сенга қулдурмен...
Шу боис қайси жамиятда аёлнинг ҳурмати юқори бўлса, бу жамият ривож топади. Мен сизни ушбу байрам билан яна бир бор табриклайман ва ҳеч қачон ўчмасин чироғингиз, порласин юлдузингиз дейман.
Тилагим шул ўчмасин ёнган чироғинг,
Ҳеч ҳам ғам кўрмасин чашминг қароғинг.
Магар чинор бўлсанг чинордек яша,
Бевақт тўкилмасин бирор япроғинг.
Дониёр Ғаниев, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати
Ўзбекистондаги барча онахон, опа-сингилларимизни байрам билан табриклайман. Орзусидаги нимаики бахтлар бўлса етишиб юришсин.
Амирхон Умаров, журналист
Аёлни тушуниш эмас, севиш керак, дейишади. Ҳар қанча севги ва эътиборга муносиб аёлларимизни байрам билан табриклайман. Айём муборак, азиз аёллар.
Сарвар Баҳодиров, журналист
Оиланинг, жамиятнинг, дунёнинг кам-у кўстини тўлдириш ҳақида ўйлаб яшайдиган, тиним билмайдиган, бедор аёлларни қандай севмаслик мумкин? Нозик, аммо катта қалб эгалари, биз учун борини беришга тайёр онажонлар, опа-сингиллар, умрбод севилинг.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
22:44 / 17.12.2025
“Бадавлат аёл” лойиҳаси – бойлик томон йўлми ёки иллюзия бизнеси?
21:35 / 26.11.2025
Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси иштирокчиларини қутлади
17:25 / 10.11.2025
Суперлига ўйинини тўрт нафар аёл ҳакам бошқаради
13:22 / 16.10.2025