Ўзбекистон | 17:35 / 29.07.2020
6908
2 дақиқада ўқилади

Кислород концентраторлари ҳанузгача ҚҚСдан озод қилинмади. Масала ечими қайси идора тасарруфида – ДСҚ ёки ССВ?

Президент топшириғи билан СOVID-19 пандемияси пайтида биринчи эҳтиёжга айланган кислород концентраторларини чет элдан олиб киришга икки енгиллик киритилган эди: рўйхатдан ўтказишдан ва сертификатлаштиришдан озод этиш.

Фото: Gasworld.com

Бироқ, кейин маълум бўлишича, кислород концентраторлари йўлида яна бир тўсиқ бор экан – солиқ (ҚҚС). Яъни мазкур тиббий ускунани чет элдан олиб кирадиган тадбиркорлар қўшимча қиймат солиғига тортилар экан. Бу эса мазкур тиббий ускуна импорти йўлида ётган жиддий тўсиқ.

Кислород тақчиллиги муаммоси нақадар долзарб, ҳаётий масала эканини ва уни ҳал қилиш учун барча ишларни қилиш кераклигини ҳисобга олиб, биз ҳолатни ўрганишга уриндик.

Бу масала тўғрисида ёзилган мақоламизга ҳеч бир идорадан муносабат бўлмагани боис, бевосита изоҳ олишга уриндик. Қизиғи, Давлат солиқ қўмитаси бу масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрида эканини айтган бўлса, ССВ масала ДСҚ ваколатида эканини айтмоқда.

Икки ўртада эса муаммо ҳавода муаллақ осилиб туриб қолди.

Кислород концентраторлари ҳозирда ҳазилакам эмас, балки оғир касалларнинг яшаб қолиши, уларнинг ички иммунитетларига касалликни енгиб олиш учун имконият – муҳлат берадиган муҳим омил.

Инчунун, мазкур тақчилликка барҳам бериш йўлида ҳар бир тегишли идора баҳолиқудрат уринмоғи, хусусан тартибларга тезкор равишда тегишлича ўзгартиш киритмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 208-моддасида реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этиладиган товарлар (хизматлар) келтирилган бўлиб, мазкур модданинг 13-бўлимида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Мазкур тиббиёт буюмлари рўйхати эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 29 июндаги 2809-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, бу рўйхатда кислород концентраторлари йўқ.

Шокир Шарипов

Тайёрлаган:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид