Ўзбекистон | 09:03 / 15.01.2021
16608
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибига ўзгартириш киритилди

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, малака тоифасини олиш ҳамширалик иши мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари учун ихтиёрий бўлади. Шифокорлар ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтказилади.
 
Шифокорларга қулайлик яратиш ва аттестация шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади, шунингдек онлайн тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида трансляция қилинади.
 
Малака тоифасини олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар электрон почта орқали ҳам тақдим этилиши мумкин, бунда талабгор аттестацияга иштирок этиш учун келганида ҳужжатларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиши талаб этилмайди.
 
Электрон шаклда тақдим этилган ариза ва унга илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат алоҳида файл кўринишида бўлиши ҳамда ҳар бир файл ўлчами 10 МБ.дан ошмаслиги лозим.

Аттестация ўтказиш учун врач ва фармацевт талабгорлардан қўшимча қиймат солиғи билан 2 базавий ҳисоблаш миқдорида тўлов ундирилади. Аттестациядан ўтказиш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари, ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.
 
Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR код ва тартиб рақамига эга бўлади. Электрон ҳамда қоғоз шаклда берилган сертификатлар тенг юридик кучга эга ҳисобланади.
 
Тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низомга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид