Ўзбекистон | 09:34 / 30.10.2019
22485
2 дақиқада ўқилади

Чет элда ишловчиларга пенсия бериладими?

Фото: Илья Питалев

Эндиликда чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари республикага келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида Пенсия жамғармасига тўловларни амалга ошириш орқали иш стажига эга бўлишлари мумкин.

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги 889-сон қарори билан, “Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловлари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2016 йил 22 февралдаги 46-сон Қарорига мувофиқ тасдиқланган Низомининг 9-бандига ўзгартириш киритилди.

Ушбу ўзгаришга асосан, чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Республикага келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида Пенсия жамғармасига тўловлар (ягона ижтимоий тўлов)ни амалга ошириш орқали иш стажига эга бўлишлари мумкин (аввалги тартиб бўйича ушбу муддат уч ойни ташкил этар эди).

Яъни, чет элда ишлаган фуқаро чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади ва бир йиллик даври учун ҳисоблаш базавий миқдорининг 4,5 баробари (223000 x 4,5 = 1 003 500 сўм) миқдорида ягона ижтимоий тўлов амалга ошириш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлишлари мумкин.

Қайд этилишича, ушбу иш стажлари келгусида пенсия ҳисоблашда инобатга олинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид