Ўзбекистон | 13:21 / 01.05.2023
42064
4 дақиқада ўқилади

Айрим фуқаролар жамоат транспортидан бепул фойдаланади – унинг тартиби қандай?

1 майдан Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида айрим тоифадаги фуқароларга йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиши учун имтиёзли транспорт картасини бериш бошланди. Уни қаердан, қандай тартибда олиш мумкин? Имтиёзли картадан кимлар фойдалана олади?

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил сентябрь ойида қабул қилган қарорига кўра, йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари, шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиши учун айрим тоифадаги фуқароларга имтиёзли транспорт карталарини бериш бўйича тартиби тасдиқланганди.

Янги амалиёт дастлаб (2023 йил 1 январдан) Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида, 1 майдан республиканинг барча шаҳарларида жорий этилиши белгиланган.

Имтиёзли транспорт картаси кимларга берилади?

“Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қуйидаги тоифа фуқароларига шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган:

  • 1941–1945-йиллардаги урушда қатнашган ҳарбий хизматчилар;
  • 1941–1945-йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг II гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • 1941–1945-йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
  • Афғонистон ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
  • ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • Шунингдек, II жаҳон уруши йилларида II гуруҳ ногиронларига ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсларга бериладиган имтиёзли транспорт картаси уларга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи бир шахсга ҳам шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Қайд этилишича, ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга имтиёзли транспорт карталари берилмайди. Улар ҳарбий гувоҳномаси ёки контракт асосида хизмат қилувчининг шахсий гувоҳномасини кўрсатган тақдирда шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Бундай транспорт картани қаердан олиш мумкин? Тартиби қандай?

Тоифага киритилган фуқаролар бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини олиш учун хоҳишга қараб ё Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларига, ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиши керак бўлади.

Мурожаат қилингач ваколатли орган шахснинг тегишли тоифага кириши тўғрисидаги маълумотларини турли ахборот тизимлари орқали ўрганади. Ўрганиш натижасига асосан имтиёзли транспорт картасини бериш ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу ҳақидаги маълумот мурожаат қилувчига ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборилади.

Имтиёзли транспорт картасини бериш рад этилган тақдирда, маълумотда рад этиш сабаблари кўрсатилади. Бу жараён 2 иш кунида амалга оширилиши белгиланган.

2 иш кунида имтиёзли транспорт картаси бериш тасдиқланса, расмийлаштириш ишлари олиб борилади. 1 иш куни давомида карта мурожаат қилувчига топширилади.

Ҳужжатга кўра, имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Транспорт карталарини тайёрлаш ва эгасига етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Имтиёзли транспорт картаси чекланмаган муддатга берилади. Уни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Эски намунада берилган шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномалар 2023 йил 1 сентябрга қадар ўз кучини сақлаб қолади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига кўра, 1 апрелдан жамоат транспорти учун янги, мослашувчан тарифлар жорий этилиши, йўлкира нархлари ўзгариши кўзда тутилганди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбири билан бўлган суҳбатида бу муддат кечикмаётганини, янги автобуслар келганидан сўнг йўлкиранинг таннархи чиқарилиши ва бу сумма эълон қилинишини айтганди. Қолаверса, вазир тарифларнинг ўзгариши 15 май санасига тўғри келишини маълум қилган.

Мавзуга оид