Ўзбекистон | 15:45 / 03.07.2022
48073
3 дақиқада ўқилади

«Қўлларига милтиқ олиб, Миллий гвардия ходимларини отди» — Президент Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режими зарурати ҳақида

Шавкат Мирзиёев Нукусдаги намойишчилар ташқаридан бошқарилгани ва қўлига қурол олгани, бундайлар жазоланишини маълум қилди.

3 июл куни яна Қорақалпоғистонга борган президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри Жекетерак маҳалласи аҳолиси билан учрашди.

«Албатта, дунё ҳозир нотинч. Бундай ўрнак олиш бизга ярашмайди. Бизга фақат тинчлик ва осойишталик керак, бирдамлигимиз керак. Ҳар доим келиб, сизлар билан очиқ мулоқот қиламан, учрашаман, вакилларимни ташлаб кетаман.

Қорақалпоғистонда катта ишлар бошлаганмиз, мана маҳаллалар ўзгарди. Аввал бундай эмасди-ку? Одамларни эшитадиган тизим йўқ эди-ку?

Бировга кўз-кўз қилиш учун эмас, мақтаниш учун эмас, ҳақиқатни айтяпманки, иложи борича, давлат халқни эшитадиган, давлат халқни рози қиладиган тизим яратсак, ниятимизга эришамиз», деган давлат раҳбари. 

Президент Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида тўхталган.

«[Фавқулодда ҳолат режими] тинчликнинг кафолати. Халқимизнинг тинчлигини ҳаммамиз ўйлашимиз керак. Битта одам нобуд бўлса ҳам, халқ учун бу фожиа.

Тасаввур қилинглар, қўлларига милтиқ олган, Миллий гвардия ходимини отди, кеча тўнтарув қиламан деб армиямиз устига бостириб борди.

Бу нима деган гап? Ташқаридан бошқаряпти буларни. Булар уларнинг ўйинига ўйнаяпти. Биз бунга йўл қўймаймиз, кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам бор, имкониятимиз бор. Қорақалпоғистонда тинчлик ўрнатамиз. Фақат у ноинсофларни ушлаб, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлашимиз керак», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳуқуқбузарлар эса қонун олдида жавоб бериши айтилди.

«Келиб учрашишимдан мақсад, авваламбор сизлар орқали бутун мана шу Нукус ва қорақалпоқ халқига айтишим керак-ки, мен ўзим президент бўлиб кафолат бераманки, ҳеч қандай масала бўлмайди, қаттиқ, темир интизом бўлади»,  деди Шавкат Мирзиёев.

Жекетераклик ёшуллилар кечаги кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшлар адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилганини афсус билан айтишди.

Ўзбеклар ва қорақалпоқлар икки тилли бир эл эканини, мамлакатимиз бирлиги ва тинчлигининг қадрига етиш кераклигини таъкидлашди.

Мавзуга оид