Жаҳон | 10:43 / 21.09.2025
8103
6 дақиқада ўқилади

РФ ракетаси Днипродаги уйга урилди, Украина Россиядаги заводларга зарба берди

РФ армияси навбатдаги марта Украина бўйлаб ёпирилма ҳужум уюштирди. Днипрода ракета кўп квартирали уйга бориб тушган. Ўз навбатида, Украина дронлари «Роснефт»нинг Саратов ва Новокуйбишевскдаги заводларига ҳужум қилган. Самара областида тўрт киши ҳалок бўлган.

Россия қўшинлари 20 сентябрга ўтар кечаси Украина ҳудудларига ракета ва дронлар билан ёппасига зарба берди. Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, 19 сентябр куни кечқурун Россия қуролли кучлари Украинага 579 та «Shahed» типидаги дронлар ва имитатор дронлар, шунингдек, 40 та ракета учирган.

Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA

Маҳаллий расмийларга кўра, Днипропетровск, Миколайив, Черниҳив, Запорижжя, Полтава, Киев, Одесса, Суми, Хмелницкая ва Харкив областлари зарба остида қолган.

Днипрода кассетали ўқ-дорилар ўрнатилган ракета кўп қаватли турар жой биносига келиб тушди, деди Украина президенти Володимир Зеленский. Шаҳарда ёнғинлар содир бўлган. Маҳаллий расмийлар берган сўнгги маълумотларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан бир нафари ҳалок бўлган, яна 36 нафари яраланган. Саккиз нафар жабрланувчи шифохоналарда қолмоқда.

Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA
Ukrainian Emergency Service / AFP / Scanpix / LETA

Хмелницкая областида яна бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.

Черниҳив области расмийлари ҳам бир киши ҳалок бўлгани ва саккиз киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, дронлар Киев шаҳри ва Киев областига ҳужум қилди.

«Душман ҳужуми оқибатлари Буча, Бориспол ва Обухов районларида қайд этилмоқда. Бориспол районида 10 га яқин гараж биноларига зарар етган. Обухов районида душман ҳужуми оқибатида хусусий турар жой биносида ёнғин содир бўлди», - дейилади област ҳокимлиги хабарида.

Буча районида уриб туширилган нишон бўлаклари қулаши оқибатида бешта енгил автомобил ёниб кетган.

«Бундай зарбаларнинг ҳар бири – ҳарбий зарурат эмас, балки Россиянинг тинч аҳолини қўрқитиш ва инфратузилмамизни вайрон қилиш бўйича онгли стратегиясидир. Айнан шунинг учун кучли халқаро жавоб керак, – деди Зеленский. – Украина ўзини ва Европани ҳимоя қила олишини исботлади, аммо ишончли қалқон учун [биз] биргаликда ҳаракат қилишимиз керак: ҳаво мудофаасини кучайтириш, қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш, Россия ҳарбий машинаси ва уни молиялаштирувчи соҳаларга қарши санкцияларни кенгайтириш».

Россия мудофаа вазирлиги эса Украинанинг «Сапсан» комплекслари, дронлар ва бошқа ҳарбий техникаларни ишлаб чиқаётган ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига ёпирилма зарба берилганини маълум қилган.

Полша расмийлари маълумотига кўра, Россия зарбалари туфайли Полша ва иттифоқчи самолётлар мамлакат ҳаво ҳудудида патруллик қилган. 10 сентябр куни Россия Федерациясининг 20 га яқин дрони Полша ҳудудига кириб борганди.

Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA

Россия ҳудуди бўйлаб жавоб зарбалари

Россия Украинага зарбалар бераётган бир пайтда Украина қуролли кучларининг дронлари нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилди. Сўнгги ойларда Украина мунтазам равишда нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар бериб келмоқда, бу эса уларнинг фаолиятида узилишларга ва бензин нархи ошишига олиб келмоқда.

20 сентябрга ўтар кечаси Украина дронлари Саратов ва Самара областларидаги «Роснефт» заводларига ҳужум уюштирди.

Саратов нефтни қайта ишлаш заводига зарбадан кейин чиққан ёнғин
Ukrainian monitoring group

Россия ва Украина телеграм-каналлари Саратов ва Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, Самара областининг Просвет посёлкасидаги «Самара» диспетчерлик станциясига зарбалар натижасида ёнғинлар келиб чиққани акс этган фото ва видеоларни эълон қилган.

Украина нашрлари ҳам Украина хавфсизлик хизмати ва Украина қуролли кучлари Махсус операциялар кучлари дронлари «Куйбишев – Тихорецк» қувурининг нефт ҳайдаш станцияларига зарба берганини хабар қилди. Самара станциясидан ташқари, «Зензеватка» (Волгоград области) ва «Совхозная-2» (Самара области) станциялари дрон нишонига айлангани айтилган. Маҳаллий расмийлар бу хабарларга изоҳ бермади.

Самара области губернатори Вячеслав Федоришчев Украина қуролли кучлари учувчисиз аппаратлари регионнинг ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларига қилган ҳужумини тасдиқлади. Шу билан бирга, у айнан қайси объектлар дронлар нишонига айланганига аниқлик киритмаган. Зарбалар оқибатида регион ҳудудида тўрт киши ҳалок бўлган, бир киши яраланган. Қайси аҳоли пункти аҳолиси вакиллари ҳалок бўлгани ва жабрланганига аниқлик киритилмаган.

Саратов области расмийлари тунда Украина қуролли кучлари дронлари Саратовга ҳужум уюштирганини тасдиқлаган. Лекин бу регион раҳбари Роман Бусаргин ушбу ҳудуддаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилгани ҳақида хабар бермаган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида шаҳардаги иккита кўп қаватли уйнинг деразалари синиб тушган, бир аёл жароҳатланган.

РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботида 19 сентябр куни тундан буён Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами 12 регионда, шунингдек, Қора денгиз ва Азов денгизи акваториялари устида украинларнинг 149 та дронини уриб туширганини маълум қилган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид