Технология | 01:09 / 11.12.2020
7130
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 600 нафар мактаб ўқувчиси IT бўйича халқаро Cisco курсларида ўқитилади

Фото: Reuters

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги 3 декабр куни АҚШнинг юқори технологияларга ихтисослашган Cisco компанияси билан ҳамкорлик битимини имзолади. Бу ҳақда Kun.uz'га вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Битимга кўра, Cisco компанияси ўзбекистонлик мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари учун IT-курслар, тренинглар, ўқув материаллари, Webex видеоконференция ва сертификатлаш тизимлари имкониятлари таълимий мақсадда бепул тақдим этади.

Келишув доирасида дастлабки босқичда республикадаги 30 та мактабнинг 60 нафар информатика ўқитувчилари ва 600 нафар юқори синф ўқувчилари Cisco IT Essentials курсларида ўқитилади.

Мазкур курс компаниянинг бошқа профессионал курсларига таянч ҳисобланади ва уни якунлаган ўқувчилар тармоқларни бошқариш (CCNA, CCNP), киберхавфсизлик (CyberOps), интернет хизматлари ва технологиялари (IoT, DevOps), дастурлаш бўйича курсларда таҳсил олишлари мумкин.

Айни пайтда, «IT-Teachers 2020» ташаббуси доирасида 70 нафардан ортиқ информатика ўқитувчилари ва АКТ мутахассислари CCNA ITN (Cisco'нинг сертификатланган тармоқ администратори – тармоқ технологияларига кириш) курсларида малака оширмоқда.

Юқорида қайд этилган ихтисослаштирилган курсларни ўзлаштириб, тегишли амалий топшириқ, назорат иши ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқитувчиларга Cisco'нинг халқаро тренерлик сертификати берилади.

Маълумот учун, ушбу компания «Forbes Top 100 Digital Companies» нуфузли халқаро рейтингида биринчи йигирматаликка киради.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид