Ўзбекистон | 11:59 / 12.12.2018
3808
2 дақиқада ўқилади

Беларусда ЎзРТХБнинг савдо майдончаси расман иш бошлади

2018 йил 11 декабрь куни Минск шаҳрида (Беларусь Республикаси) “Беларусь универсал товар биржаси” ОАЖ негизида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг савдо майдончаси тантанали равишда очилди. Бу ҳақда "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Беларусь Республикасида “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончаси очилишидан кўзланган асосий мақсад - биржа савдоларининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларининг икки давлат товар бозорларида эркин иштирок этишларини таъминлаш. Буни амалга ошириш мақсадида Беларусь биржасининг “Латэмгрупп” МЧЖ брокерлик идораси “ЎзРТХБ” АЖда ва Ўзбекистон биржасининг “Global Trade Group” МЧЖ брокери “БУТБ” ОАЖда аккредитациядан ўтказилган.

Бошланғич босқичда биржа савдолари орқали маҳаллий юқори ликвидли товарларни сотиш кўзда тутилган, хусусан, пахта толаси, пахта момиғи ва қуруқ мевалар, шунингдек, Беларуснинг саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга импорт қилиш мўлжалланган. Беларуснинг енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан савдо майдончасига қизиқиш билдирилди. Яқин келажакда “ЎзРТХБ” АЖнинг янги хориж савдо майдончаси орқали сотиладиган товарлар қаторини кенгайтириш кутилмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, “ЎзРТХБ” АЖнинг шу каби илк савдо майдончаси куз фаслида Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида очилган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид