Иқтисодиёт | 20:53 / 12.05.2021
29980
4 дақиқада ўқилади

Нега Ўзбекистонда сўм учун алоҳида, валюта учун алоҳида карта очилади? Марказий банк вакили жавоб берди

Марказий банкнинг Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Файзуллаев Depozit.uz'га берган интервьюсида сўм ва валютага алоҳида карта очилиши сабабларига тўхталиб ўтди.

Файзуллаевнинг айтишича, бунга сабаб – кўп йиллар давомида республикада валюта айирбошлашга чеклов қўйиб келингани.

«Россия ёки Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибасини оладиган бўлсак, кўп йиллардан бери аҳолига иш ҳақи тўловларини амалга ошириш ва кундалик тўловлар учун ҳам VISA ва MASTERCARD карталари тақдим қилиниб келмоқда. Бу карталарнинг халқаро мақоми улардан нафақат ўз ватанида, балки исталган мамлакатда ўша мамлакат валютасида тўловларни амалга ошириш имконини беради, қўшимча карта очишга эҳтиёж қолмайди. Тўловлар мижоз борган мамлакат валютасида – евродами, рублдами, юандами, турк лирасидами, фарқи йўқ, бирдек амалга оширилади. Тўлов суммаси эса халқаро тўлов тизимлари ва картани муомалага чиқарган тижорат банки томонидан конвертация қилиниб, мижознинг ҳисобварағидан ечиб олинаверади.

Ўзбекистон шароитида эса маҳаллий тўловлар учун Uzcard ёки Humo карталари, чет элга борадиган ҳамюртларимиз учун алоҳида, АҚШ долларида ифодаланган Visa, Mastercard, Мир ёки UPI карталари таклиф қилинади.

Чунки мамлакатимизда валюта айирбошлаш масаласи кўп йиллар давомида чекланган ҳолатда бўлди, шу сабабли карталар орқали чет элда, хорижий валютада амалга ошириладиган тўловларни сўмда ифодаланган ҳисобварақлардан ечиб олиш имконияти мавжуд бўлмади. Хорижий валютадаги ҳар қандай тўловлар учун алоҳида ҳисобварақ ва алоҳида карта очилишини тақозо этарди.

Айтиб ўтиш керак, Ўзсаноатқурилишбанк 2000 йиллар бошида фақат Ўзбекистон ҳудудида ишлатиш мумкин бўлган 700 мингга яқин Visa картасини муомалага чиқарди, лекин бу карталардан чет элда фойдаланиш имконияти яратилмагани, шу билан бирга мавжуд Uzcard тармоғида ҳам қабул қилинмагани сабабли улар аҳоли учун жозибадор бўлмади ва бу йўналиш ўз ривожини топмади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда валюта айирбошлаш сиёсати ўзгарди. Энди Россия ёки Қозоғистондаги каби маҳаллий валютада ифодаланган Visa ёки Mastercard халқаро карталарини муомалага чиқариб, республикамизда ҳам, чет элда ҳам бирдек ишлатиш, чет элда амалга оширилган тўловларни конвертация қилиб, мижознинг сўмдаги ҳисобварағидан бевосита ечиб олиш имконияти яратилди. Бунга жавобан тўлов ташкилотлари «кобейжинг» карталарини таклиф қила бошлади», – деди Марказий банк расмийси.

Шуҳрат Файзуллаев Uzcard ва Humo тўлов тизимларидан бир терминалда фойдаланиш имконияти яратилаётганининг рақобатга таъсири ҳақида ҳам тўхталди.

«Битта қурилмада Uzcard ва Humo тўлов тизимлари карталарига хизмат кўрсатиш имконияти яратиладиган бўлса, демак, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилоти учун рақобат бошланади. Чунки тадбиркорлик субъекти энди битта терминал олса, кифоя.

Хўш, Uzcard терминалини оладими ёки Humo терминалиними? Терминал таклиф қилиш бўйича рақобат кучаяди ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари терминал нархининг арзонлашгани, шартларнинг яхшилангани ҳисобига харидорларга қўшимча хизматлар ёки қўшимча қулайликлар яратиши эҳтимоли ортади.

Агар савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг терминал билан боғлиқ харажатлари рақобат натижасида қисқартирилса ёки қўшимча хизматлар бериш натижасида сифати ошса, билвосита харидорларга, аҳолига ҳам наф келтиради», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Uzcard ва Humo компаниялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Келишувга кўра, 2021 йил охирига қадар барча терминаллар UzCard ва Humo карталарини қабул қиладиган бўлади

Мавзуга оид