Ўзбекистон | 21:17 / 19.10.2023
15734
6 дақиқада ўқилади

Хитойнинг янгиланаётган глобал мақоми. “Бир макон – бир йўл”нинг мақсади нима?

17-18 октябр кунлари Пекинда глобал аҳамиятга эга катта тадбир – “Бир макон – бир йўл” лойиҳасининг 10 йиллигига бағишланган саммит бўлиб ўтди. Хитой раиси Си Жинпинг бу мегалойиҳани 2013 йилда, Қозоғистонга ташрифи чоғида эълон қилган эди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шу пайтгача бу лойиҳани дунёга танитиш ва дунё давлатларига бу лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилишни тарғиб қилиш мақсадида икки йирик форум бўлиб ўтган эди. Биринчи форум 2017 йилда, иккинчи форум эса 2019 йилда ўтади. Пандемия сабаб, учинчи форум мана энди бўлиб ўтди.

Форумда, расмий маълумотларга кўра, тахминан 140 та давлатдан делегатлар иштирок этган, кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди. Қолаверса, 30 дан ортиқ ҳалқаро ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари иштирок этди. Жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гуттерриш ҳам Пекиндаги асосий меҳмонлардан бири бўлди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан ташқари, Хитойнинг “глобал амбиция ва лойиҳалар намойиши”да Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Европа мқиталаридан олий мартабали меҳмонлар иштирок этишди.

“Бир макон – бир йўл” – шахсан Си Жинпингнинг мегалойиҳаси ҳиобланади. Бу лойиҳа, авваламбор, Хитойча глобаллашув лойиҳасидир. Ҳар бир қудратли давлат, цивилизация ёки давлатлар ҳамжамияти келажакни, дунёни ўз манфаатлари ва қарашларидан келиб чиқиб, идеал дунё яратишни истайди. Хитой ҳам ўзига хос ва ўзига мос бўлган глобал дунёни кўришни исташи табиий.

Форум доирасида учта катта йиғилиш ва яна олтита кичикроқ форумлар ташкил қилинди. Форум бошида Хитой раиси Си Жинпинг нутқ сўзлади, у “Макон ва йўл” (шундай қисқартма ном ҳам қўлланилмоқда) лойиҳасини маънавий идеал қиёфасини, қадриятларини тушунтиргандек бўлди. Жумладан, Си Жинпингнинг нутқида қуйидаги фикрлар муҳим эди:

“10 йил ичида темирйўлга, автомобил йўлларига, ҳаво ва денгиз йўлларига асосланган глобал боғлиқлик яратдик. Чексиз товарлар, капитал ва инсонлар оқими амалга оширилмоқда...”

“Минг йил ўтиб, Буюк ипак йўли яна жумбушга келмоқда. Ўзаро боғлиқлик, ўзаро манфаатдорлик, ўзаро ривожланиш тамойиллари билан иш тутамиз....”

“Бу ерда блокли мафкуравий конфронтацияга, геосиёсий ўйинларга, бир томонлама санкцияларга, иқтисодий шантажларга ва бўлиб ташлашларга ўрин йўқ...”

Бу билан Хитой раиси расмий Вашингтонга қарата “мен сен билан рақобатда бошқача фикрлайман, бошқа ўйин қоидасини яратаман ва сендан устун келаман” дегандек бўлмоқда.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиндан сўнг сўз навбати Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга берилди. Тўқаев ўз нутқини хитой тилида бошлаб, рус тилида давом эттирди. Жумладан, Тўқаев “Макон ва йўл” лойиҳаси 2013 йилда айнан Қозоғистонда эълон қилинганини эслатди. Шунингдек, у “қуруқлик орқали Хитойдан Европага бораётган товарларнинг 85 фоизи Қозоғистон ҳудудан ўтмоқда” деди ва бу билан лойиҳадан жуда манфаатдорлигини билдирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам форумда катта нутқ сўзлаб, кўпроқ экология масаласига жиддий эътибор қаратди. Жумладан, президент Мирзиёев “Яшил ипак йўли” лойиҳаси 2016 йилда Си Жинпингнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эълон қилинганини эслади. Унинг таъбирига кўра, минтақа давлатлари яшил келажак борасида интенсив ҳамкорлик қилиши керак.

Форумда дунё лидерлари ўз геосиёсий қарашларини ҳам билдиришди. Жумладан, ўз нутқида Аргентина президенти Алберто Фернандес “гегемонлар ўз қудратларини йўқотмоқда” дея, Вашингтонга шаъма қилди. Қолаверса, у пандемия вақтида халқаро молиявий институтлар Аргентинага ёрдам бермагани, Пекин эса ўз ёрдамини аямаганини қўшимча қилди.

Хитойлик экспертлар формуни шарҳлар экан, “Макон ва йўл”ни геосиёсий эмас, иқтисодий ва геоиқтисодий лойиҳа деб таърифлашди. Аслида эса бу лойиҳа Хитойча глобаллашув лойиҳаси бўлиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик орқали геосиёсий мойиллик ва қутб яратишга интилиш экани ҳеч кимга сир эмас. Янги даврда, глобал рақобат ҳудудларни босиб олиш ва эгаллаш атрофида эмас, балки алоқаларни шакллантиш ва боғлиқликни кучайтириш атрофида кечади. Шунинг учун, Хитой бутун дунёни ўзига боғламоқчи, боғлиқликни кучайтирмоқчи.

21-аср – бу АҚШ бошчилигидаги Коллектив Ғарб ва Хитой бошчилигидаги унинг командаси ўртасидаги тирашув, рақобат даври ҳисобланади. Бу икки қудрат, икки қутб дунёга ўз қадриятларини, иттифоқчиларидан иборат жамоасини тузишга шошилмоқда. Пекинда ўтган “Макон ва йўл” форуми – Хитойнинг командасини шакллантириш йўлидаги уринишдир.

Хитойнинг иқтисодий ўсиши – Марказий Осиё давлатлари учун, катта хайр. Хитойнинг иқтисодий ўсишига боғланган минтақа давлатларининг иқтисодий ўсиши ҳам тезлашади. Лекин ҳали минтақа давлатларида ХХРнинг ўсиши борасида чуқур англанган ва манфаатлар жиҳатидан мувозанатга солинган стратегия мавжуд эмас.

Геоиқтисодий манфаатдорлигимиз кучли бўлса, геомафкура, ўзлик ва геосиёсий манфаатларимиз бўйича жиддий саволлар бўлиши аниқ. Биз Пекинга қараганимизда, кўзимиз энг аввало Урумчига тушади. Шунинг учун, минтақа давлатлари ўзларининг кўплаб манфаатларини тартибга солиши керак бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид