Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Баданда қолган «дубинка» изи: Нарпай тумани ИИБнинг бу ҳолатга алоқаси йўқлиги айтиляпти. Унда бу кимнинг иши?
Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси раҳбари Отабек Артиқов жорий йилнинг 6 июль куни оҳак ва мель тайёрлаш цехига ниқобли ходимлар кириб боргани ва ишчиларини ургани тўғрисида мурожаат қилди.
Kun.uz мухбирлари мурожаатда келтирилган важларни ўрганиш мақсадида Нарпай туманида бўлишди.


6 июль куни нима бўлганди?
Отабек Артиқовнинг айтишича, унга тегишли бўлган оҳак ва мель ишлаб чиқариш цехига ўғринча табиий газ тортиб кирилган, деган важ билан ўша куни туман ИИБ ходимлари ва ниқобли кишилар цехга бостириб кирган. Цех ишчилари ва тадбиркорнинг яқинлари бу ҳолатни телефон орқали видеотасвирга олишга уринган. Ишчиларнинг ҳаракатидан норози бўлган ИИБ ходимлари тасвирга олаётганларнинг телефонини куч билан тортиб олган. Шикоятда айтилишича, Ички ишлар идоралари ходимларига қаршилик кўрсатди, дея яна уч киши калтакланган, қўлига кишан солиниб, олиб кетилган.
«Йилига бир миллион долларгача қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ҳўл мева экспорт қиламиз. Қўлимиздан келгунча туман салоҳияти учун хизмат қилиб келяпмиз.
Аммо Нарпай туман ИИБ билан айни вақтда ўртамизда зиддият бўлиб тургани учун буюртма асосида бостириб киришди. Уларнинг мақсади (ИИБ) бизни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш, айбимизни топиш бўлган. Аммо газга ўғринча уланганимизни исбот қила олишмади. Айни вақтда бир ишчимиз шифохонада, яна бири ўша куннинг ўзида суд қилиниб, уч суткага қамалди. Яна бир ишчимизга маъмурий жарима қўллашди», дейди О.Артиқов.
«Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси таъсисчиси Алишер Каримов ҳам бўлиб ўтган воқеани тасдиқлади.
«Очиғи, иш жойимизга ниқобли одамлар бостириб кирадиган тадбиркор эмасмиз. Аввало оиламизга, қолаверса, давлатимизга бир сўм бўлса ҳам фойдамиз тексин, деб ишлаб юрибмиз.
Кеча кўз олдимда вояга етмаган ўғлимни уриб, қўлидан телефонини тортиб олишди. Камига, ҳеч қаерга мурожаат қилмаслигимизни сўрашяпти», дейди у.

А.Каримовнинг ўғли Шаҳриёр Эгамов билан суҳбатлашдик. У ҳам ўша куни цехдаги ҳолатни тасвирга ола бошлаганда, махсус хизмат ходими жигар соҳасига зарб бериб, телефонини тортиб олганини маълум қилди.




Дарҳақиқат, бизга тақдим этилган видеоларда цехга ниқобда кириб келаётган ходимлар ҳам акс этган. Шунингдек, ИИБ вакили, деб айтилаётган ходим ишчиларнинг қўлидан телефонни олиб, аппарат хотирасидан видеоларни ўчираётгани ҳам тасвирга тушиб қолган.


Калтакланди дейилган цех ишчисининг аҳволи билан танишиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида бўлдик.
Шифокорлар тақдим этган қайд дафтарларида ҳақиқатан ҳам 6 июль куни Ўлмас Бозоров шифохонага ётқизилгани тасдиқланди. Даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари ҳозирги вақтда унинг аҳволи яхши, кузатув остида эканини билдирди.


Ў.Бозоровнинг орқа елка қисми шифокорлар ҳамроҳлигида кўздан кечирилганда, қаварган ҳолатга гувоҳ бўлдик. Ўзининг айтишича, 6 июль куни ИИБ ходимлари уни «дубинка» билан урган экан.
«Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси раҳбарлари ва шифохонада ётган фуқаронинг кўрсатмасидан сўнг, вазиятни иккинчи томондан ҳам эшитиш мақсадида туман ички ишлар бўлимида бўлдик.

Нарпай туман ИИБ бошлиғи Улуғбек Ҳалимов оғзаки тарзда вазиятни тушунтиришга уринди. Унинг айтишича, туманда фаолият кўрсатаётган бошқа корхона – «Мароқанд сифат сервис» МЧЖ масъуллари ўзларига тортиб борилган табиий газ қувуридан ўғринча фойдаланилаётгани юзасидан шикоят қилган. Шунга асосан воқеа жойига ИИБ ходимлари етиб боришган. У.Ҳалимов ички ишлар ходимлари ҳеч кимга қўл кўтармагани ҳақида гапирди.
Бизга расман вилоят ИИБ орқали тақдим этилади, деб кўрсатган видеода ҳақиқатан ҳам катта газ қувурдан ўғринча уланиб олинган ҳолат акс этганди. ИИБ бошлиғининг оғзаки тушунтиришидан сўнг, «Мароқанд сифат сервис» МЧЖ ҳамда «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси вакиллари иштирокида воқеа жойига бордик.




У ерда ҳақиқатан ҳам «Мароқанд сифат сервис» МЧЖга тортиб кетилган газ қувурининг учта жойидан кичик қувурлар орқали газ ўғирланган. Лекин бу икки ҳолатда ҳам газ Отабек Артиқов ва Алишер Каримовга тегишли оҳак цехидан олисда, бошқа бир объектга тортиб кетилган. Учинчи нуқта эса оҳак цехидан 30 метрча наридан тортилган. Бу ҳудудда бошқа ишлаб чиқариш корхоналари ҳам фаолият кўрсатмоқда. «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси раҳбари ИИБ тафтиш қилган куни табиий газдан ўғринча фойдаланилганини исботловчи бирор далил кўрсатилмагани, баённома ҳам тузилмаганини айтмоқда.

«Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси ҳуқуқшуноси Абдураҳмон Эргашев 2017 йилда Нарпай туман ИИБ ходимлари томонидан Отабек Артиқов ноҳақ қийноққа солингани ва уч йил давомида тегишли идораларга қилинган мурожаатлар ҳақида гапириб берди. У 6 июль куни оҳак цехга кириб борган туман ИИБ ходимларининг ҳаракатини шахсий адоват натижасида бўлиши мумкин, дея баҳолади.

Шунингдек, 6 июль куни ҳолатни тасвирга олишга уринган Жўрабек Тўрақулов ҳам воқеа жойидан ИИБга олиб кетилгани ва у ерда ўзи айтмаган гаплар ёзилган қоғозга имзо қўйишини талаб қилишганини билдирди. «Адвокатсиз ҳеч нимага қўл қўймайман, адвокат керак» деса ҳам талаби қондирилмаганини айтмоқда. Шу куннинг ўзида унинг хатти-ҳаракати Нарпай туман маъмурий судида кўрилган. Ўзининг айтишича, у соат 23:30ларда суд залидан чиққан.
Ж.Тўрақулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан айбли, деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида жаримага тортилган.
Цех қоровули Алишер Хўжаев эса уч суткага қамоққа олинган.
Нарпайлик тадбиркорлар гапириб берган ҳолат ва ўрганишларимиздан сўнг, Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматига бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
«Мароқанд сифат сервис» МЧЖ томонидан берилган аризага асосан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш вақтида, яъни 6 июль куни жамоат тартибини сақлаш мақсадида тегишли хизмат ходимлари жалб қилинган. Аризада тадбиркорлар Отабек Артиқов ва Жамшид Каримов номи кўрсатилгани учун ҳам айнан ўша жойга борилган. Аризачи Р.Ҳамраевнинг кўрсатувлари асосида ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, газ қувури «BEST PRODUCT» ва «КАРИМ ҚУРИЛИШ САВДО» хусусий корхоналарига ноқонуний уланганини тасдиқловчи ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. ИИБ томонидан «КАРИМ ҚУРИЛИШ САВДО» хусусий корхонасининг тадбиркорлик фаолиятига аралашишлар бўлмаган ва бу йўналишда ҳеч қандай текширув ўтказилмаган.
Тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан корхона ишчисининг телефонларини титкиланганлик ҳолати кузатилмаган. Корхона ишчиларининг шундай важни кўрсатиб назорат қилувчи идораларга йўллаган мурожаатлари юзасидан прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
Ўлмас Бозоровнинг тан жароҳати олганлигини билдириб қилган мурожаати Нарпай туман ИИБнинг Ш-2 китобидан ўша заҳотиёқ қайд этилган, ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда.Ўша кунги тадбир тўлиқ видеотасвирга олинган. Бу масалага ҳам текширув якуни билан ҳуқуқий баҳо берилади.
6 июль куни ҳодиса жойини кўздан кечириш вақтида «BEST PRODUCT» ва «КАРИМ ҚУРИЛИШ САВДО» хусусий корхоналари ишчилари жамоат тартибини бузиб, ҳокимият вакилини қонуний талабларини бажармаганлик ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан Нарпай туман маъмурий судига юборилган.
Бундан ташқари, «КАРИМ ҚУРИЛИШ САВДО» хусусий корхонаси билан Нарпай туман ИИБнинг собиқ бошлиғи Т.Эшназаров ўртасида зиддиятлар бўлмаган. Ушбу тадбирга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Т.Эшназаров устидан жиноят иши очилмаган ва у вилоят ИИБда хизмат фаолиятини давом эттирмоқда», дея ҳолатга изоҳ бермоқда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.
ИИБ матбуот хизмати 6 июль кунги ҳолат, яъни ходимларнинг цехга кириб боргани ва қонун доирасида иш кўрилгани, «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонасининг ўғринча газга уланиб олганини тасдиқловчи видеолар мавжудлиги ва ҳозирча бизга буни тақдим эта олмаслигини билдирди.
Тадбиркор Отабек Артиқов эса бу воқеаларнинг юз беришини Нарпай туман ички ишлар бўлими билан 2017 йилдан буён давом этиб келаётган келишмовчиликка боғламоқда.


Нима бўлган тақдирда ҳам калтакланганлар ва ҳақиқатда табиий газга ўғринча уланиб олганлар бор. «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси ишчиларига кимдир куч ишлатган ёки аксинча, корхона табиий газга ўғринча уланган бўлса, бу ҳолатлар сир бўлиб қолмаслиги керак. Қонун ҳамма учун баробар бўлиши лозим.
Мавзуга яна қайтамиз.
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи ва монтажчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.
Мавзуга оид
13:40 / 09.01.2026
Самарқандда 15 ёшли бола уйлангани ҳақидаги видео юзасидан расмий маълумот берилди
13:08 / 09.12.2025
Отасини таъминлашдан бўйин товлаган ўғил 15 суткага қамалди
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
17:53 / 25.11.2025