Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Блумберг президентлик пойгасига қўшилди. Бу кучлар мувозанатини қандай ўзгартиради?
АҚШ президентлиги учун Демократик партиядан номзодлар сони яна биттага кўпайди. Нью-Йоркнинг собиқ мэри, 77 ёшли Майкл Блумберг Алабама штатида зарур ҳужжатларни топширди ва 2020 йилги президентлик сайловлари учун партиянинг 17-номзодига айланди.
Нега бир неча ой аввал президентлик ҳақида ўйламаслигини айтган бу одам энди президентлик пойгасига қўшилмоқда? Би-би-си нашри унинг имкониятларини баҳолади.
Майкл Блумберг ким?
Блумбергнинг бойлиги 52 млрд долларга баҳоланади. Бу Дональд Трампникидан (3,1 млрд доллар) қарийб 17 баробар кўпроқ. У Forbes журналидаги дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида кучли ўнликда қайд этилган.
Блумберг Уолл-стритда банкир бўлган, кейин молия соҳаси янгиликлари агентлиги - ўз номи билан аталадиган Bloomberg агентлигига асос солган. У таълим ва тиббиёт соҳасига миллионлаб доллар маблағ хайрия қилади.
Блумберг аввалига демократларни қўллаб-қувватлаган, аммо 2001 йил Нью-Йорк мэрлиги учун сайловларда демократ номзодлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун республикачилар партиясидан номзод бўлган ва тарихан демократларни қўллаб-қувватлаб келган Нью-Йоркда 50 фоиз овоз олиб сайланганди. У бу сайлов кампаниясига ўша вақтда 73 миллион доллар сарфлаган, шу билан биргаликда собиқ мэр Рудольф Жулиани уни қўллаб-қувватлагани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
У 2012 йилгача уч марта мэрликка қайта сайланган ва фақат ўтган йили Демократлар партиясига қайтган.
У мўътадил демократ ҳисобланиб, иқлим назорати бўйича халқаро келишувларда АҚШ номидан иштирок этади. У шунингдек, 2014 йилда асос солинишига ўзи ҳисса қўшган ўқотар қуроллар сотувини назорат қилиш ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.
Блумбергдан катта миқдорда молиявий ёрдам оладиган бу ҳаракат шу ҳафтада Виржиния штатидаги қонунчилик йиғилишида демократлар ғалаба қозонишида асосий ролни ўйнади.
Ҳаракат бу штатда демократларнинг штаби жамғармаси учун 2,5 млн доллар ажратганди. Бу эса республикачиларни қўллаб-қувватлайдиган, штаб-квартираси Виржинияда жойлашган Миллий ўқчилар ассоциацияси ажратган маблағдан сезиларли даражада кўпдир.
У ғолиб чиқаман деб ўйламоқда
Майкл Блумберг ҳам Оқ уйга кўчиб ўтишга қаршимас. Албатта, миллиардер одамда бундай истак туғилиши ажабланарли эмас.
Трамп Блумбергнинг пойгага қўшилишини кулги билан қарши олди ва у «Байденни кучсизлантириб бериши»га умид билдирди.
Блумберг сўнгги вақтларда илк сайловлар ўтказиладиган Айова ва Нью-Ҳэмпшир штатлари аҳолиси кайфиятини диққат билан кузатмоқда.
Блумбергнинг маслаҳатчиси Ҳовард Вулфсон эса собиқ мэр ўзининг сиёсий тажрибаси, етакчилик қобилияти ва одамларни бирлаштира олиши каби хусусиятларига таянган ҳолда президентлик кампаниясини муваффақиятли ўтказишига ишонмоқда.
«Энди биз ишни охиригача етказишимиз ва Трамп устидан ғалаба қозонишимиз керак. Майкл ҳозирги номзодларнинг ҳеч бири буни уддалай олмаслиги туфайли бу ишга қўл урди», - деган Вулфсон.
Ҳа, Блумберг ўзининг устун жиҳатларини билади. Унинг қўл остида сўровлар воситасида жамоатчилик фикрини ўрганувчи кўплаб одамлар ва политтехнологлар бор, у қўли узун бизнесмен.
Демократик партия ҳали-бери иккинчи босқич учун номзодини белгилаб ололмаганини билиш учун статистик таҳлил бўйича мутахассис бўлиш шарт эмас.
Сўровномаларга кўра, ҳозирча партияда тўрт нафар фаворит номзод бор - собиқ вице президент Жо Байден, Массачусетс штатидан сенатор Элизабет Уоррен, Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс ва Индиана штатидаги Саут-Бенд шаҳри мэри, собиқ ҳарбий Пит Буттижич. Уларнинг ҳар бирининг кучли ва заиф томонлари бор.
Марказчи Байденнинг шуҳрати ва Барак Обама ҳукуматидаги фаолияти эвазига орттирган алоқалари ҳозирча унга на сайловчилар орасидаги мавқени ва на молиявий донорларни жалб қила оляпти. Бундан ташқари, кўпчиликни унинг ёши ўтгани ва соғлигидаги муаммолар иккилантиради.
Сўлчиларнинг манфаатларини илгари сурадиган Уоррен ва Сандерснинг илғор қарашлари сайловда кенг омма томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаслиги мумкин. Қолаверса, Сандерснинг ҳам ёши ўтган, унда ҳам соғлик билан боғлиқ муаммолар бор.
Буттижич ёш, аммо унда сайловлардаги тажриба йўқ, у ҳозирча праймеризда ғолиб бўлиш учун ҳам етарли сайловчиларни ўзига оғдира олмаяпти.
Бундан ташқари, сўровларга кўра, демократларни қўлловчи сайловчиларнинг катта қисми ҳали қайси номзодни қўллашини ҳал қилмаган.
Яқинда New York Times/Siena College томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, демократларнинг асосий олти штатидан тўрттасидаги сайловчилар дебатлар иштирокчиларидан қайси бирини танлаши ҳақидаги саволга асосан «билмайман» жавобини белгилашган.
Economist/YouGov сўровида иштирокчиларнинг 22 фоизи демократларда ҳозиргидан кўра кўпроқ номзод бўлишини исташини билдирган.
Балки Блумберг шулардан келиб чиққан ҳолда ўзига асосий номзодлар орасида жой топилиши ҳақида хулосага келгандир. У миллиардерлиги ҳисобга олинса, унда рақобатчиларини ортда қолдириш учун барча имкониятлар етарли.
У Демократлар партиясига таъсир кўрсатишига умид қилмоқда
Балки Блумберг ғолиб бўлишдан умид қилаётгандир, аммо, тўғриси, унинг имкониятлари катта эмас. Нью-Йоркнинг амалдаги мэри Билл де Блазио ҳам ўз номзодини президентликка кўрсатишга ҳаракат қилган, лекин амалда пойгани тезда тарк этганди.
Яна бир бизнесмен Жон Делейни Айова штатида қарийб икки йилдан буён президентлик кампаниясини олиб бормоқда - аммо ҳозирча мутлақо натижасиз.
Миллиардер Том Стейер ўз рекламаси учун катта маблағ сарфлади ва ҳатто рейтингини дебатларда қатнашиш учун етарли даражага кўтарди. Аммо унинг бошқа мақтанадиган жиҳати йўқ.
Дебатлар ҳақида гап кетганда айтиш керакки, Блумберг ноябрь ойидаги дебатларда қатнаша олмайди, лекин кейинги барча дебатларда иштирок эта олиши мумкин, чунки партия қоидаларига кўра бунинг учун оддий одамларнинг етарли молиявий ёрдамига эга бўлиши талаб этилади, холос.
Ҳозирча Демократик партия муқаддам республикачи бўлган, солиқлар соҳасида консерваторлиги билан ажралиб турган, биринчи навбатда ишбилармонларнинг манфаатларини кўзлайдиган нью-йорклик қўллаб-қувватлашини тасаввур қилиш қийин.
Агар Блумбергнинг ўзи буни тушунса, унинг пойгада қатнашишидан мақсад фақат Демократик партия жуда сўл позицияни эгалламаслигини таъминлаш, партияни бизнес учун мақбул бўлган сиёсий марказга яқинлаштиришдан иборат бўлиши ҳам мумкин.
У Демократик партия жуда сўллашиб кетмаслигини истайдиган ягона миллиардер эмас. Билл Гейтс ва Леон Куперман ҳам Элизабет Уорреннинг 1 миллиард доллардан ортиқ маблағга эга америкаликларга 6 фоизлик солиқ жорий этиш бўйича таклифидан хавотирларини билдиришга улгурди.
Блумберг балки пойгага ўзи радикал деб ҳисоблайдиган Уоррен ва Сандерс кейинги босқичга ўтишига йўл қўймаслик учун қўшилгандир. Катта эҳтимол билан Блумбергнинг яхши молиялаштирилган кампанияси Уоррен ва Сандерснинг барча умидларини чиппакка чиқаради. Аксинча бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас: Блумбергнинг пойгага қўшилиши уларга ёрдам бериши ҳам мумкин, у Байден ва Буттичижга овоз бериши мумкин бўлган мўътадил сайловчиларнинг овозини олиб қўйиши мумкин.
Сўнгги вариант эҳтимоли юқори, Блумберг Байденни қўллаб-қувватлаши аниқ бўлган озчиликларни ўзига оғдира олмасада, ҳозирча Буттижичга овоз беришни режалаштираётган, молиявий жиҳатдан фаровон бўлган оқ танли сайловчилар учун идеал номзоддир.
Бундан ташқари, Блумберг кампанияси молиявий қудратига қарамай жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш билан шуғулланувчи сиёсий маслаҳатчиларни бойитишдан ортиқ ҳеч нарсага эриша олмаслиги ҳам мумкин.
У уддалай олади
Фил қаерда ухлайди? Ўзи истаган жойда.
Миллиардер нега президент бўлишни истади? Чунки бунга эриша олади.
Эҳтимол, барчаси оддийдир. Блумберг йиллар давомида президент бўлиш ҳақида ўйлаб келган. Аммо ҳозир у 77 ёшда ва ҳақиқатга тик қарасак, бу унинг учун сўнгги имкон.
Аввалига Байденнинг иштироки уни бу ғоядан воз кечишга ундаганди, аммо президент бўлиш имконияти қарорни ўзгартириш учун етарли сабаб.
Блумберг номзод бўлиши Трампнинг асабига тегмай қолмади - худди аввалги сафар де Блазио билан бўлгани каби. АҚШ президенти уни «кичик Майкл» деб атади ва уни осонгина енгишини айтиб мақтанди.
Албатта, демократларга Трамп ва Блумберг ўртасида ғавғо чиқиши маъқул келсада, молиявий имкониятлари чекланмаган шахс бошқа номзодларга ёрдам кўрсатиш ўрнига ўз шахсий кампаниясини бошлаши ёқмаслиги тайин.
«Агар мен миллиардер ва марказчи бўлганимда, Жо Байден Уоррен ёки Сандерсга ютқазиб қўйиши мумкинлигидан хавотирланганимда, ўз номзодимни қўймаган бўлардим. Мен муқобил номзод учун чекланмаган маблағ ажратган бўлар эдим», дея ёзади Nation нашри журналисти Жит Ҳир твиттердаги саҳифасида.
У муқобил номзодлар сифатида Буттижич, Кори Букер ёки Стив Баллокни назарда тутган. Буларнинг барчаси аллақачон пойгага қўшилган, бир неча дебатларда иштирок этишга улгуришди ва сиёсатда Блумбергдан кўра тажрибалироқ ҳисобланишади.
Аммо унутмаслик керакки, тўрт йил муқаддам ҳеч ким Нью-Йоркдан чиққан бошқа бир миллиардер президент бўлишини хаёлига келтирмаётганди.
Ўшанда барчаси қандай якунлангани барчага маълум...
Мавзуга оид
23:01 / 23.01.2023
Forbes Американинг энг саховатли миллиардерлари рейтингини тақдим қилди
00:26 / 25.09.2020
Трамп Блумбергни жиноят содир этганликда айблади
18:02 / 14.09.2020
Майкл Блумберг Байден штабига камида 100 миллион доллар ўтказади
10:29 / 12.08.2020