Ўзбекистон | 00:52 / 19.12.2018
9992
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясида магистратуранинг янги “Нутрициология” йўналиши очилади

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) республиканинг барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига:

  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлар, стандартлар ҳамда тавсиялар талабларини;
  • қўллаб-қувватловчи кураторлик тизими орқали тиббий хизматларнинг узлуксиз баҳолаш ва сифатини ошириш механизмларини;
  • ҳар бир бемор учун юқумли бўлмаган касалликлар ва хавф омиллари бўйича саломатлик профилларини яратишни назарда тутган дастурий таъминотини татбиқ этиши;

б) озиқ-овқат маҳсулотларни таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотлар тоифасига киритиш мезонлари ва тартибини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши;

в) таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритиши юклатилмоқда .

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент тиббиёт академияси магистратурасининг янги “Нутрициология” йўналишини очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид